6-боб

1 Ер юзида одамлар кўпая бориб, уларда қизлар туғила бошлаганида, 2 Худонинг ўғиллари инсон қизларининг гўзал эканликларини кўриб, танлаганларини хотинликка ола бошладилар. 3 Шунда Раббий: “Менинг Руҳим одамлар билан абадий баҳслашишда бўлмайди, чунки улар танадирлар. Шунинг учун уларнинг кунлари бир юз йигирма йил бўлсин”,- деди. 4 Ўша вақтларда, айниқса, Худонинг ўғиллари инсон қизларига кирган ва қизлар уларга болалар туға бошлаган пайтдан сўнг ер юзида улкан паҳлавонлар бўлган эди. Бу полвонлар – қадимдан донгдор одамлар эдилар. 5 Худо, ер юзида одамларнинг бузуқлиги буюк эканини ва уларнинг юрагидаги ҳамма ўй-фикрлари доимо фақат ёмонлик эканини кўрди. 6 Раббий ерда инсонни яратганидан афсусланиб, юрагида қайғурди. 7 Шунда Раббий деди: “Ўзим яратган инсонларни ер юзидан қириб ташлайман. Инсондан тортиб чорвагача, судралиб юрувчилар ва осмондаги қушларгача қириб ташлайман, чунки уларни яратганимдан афсусдаман”. 8 Бироқ Нуҳ Раббийнинг нигоҳида илтифот топди. 9 Мана бу Нуҳнинг насабномаси: Нуҳ ўз авлодида ҳақ ва бенуқсон одам бўлиб, Худонинг қаршисида юрар эди. 10 Нуҳдан Шем, Хаум ва Йафет исмли учта ўғил туғилди. 11 Ер эса Худонинг кўз ўнгида бузилиб борар эди, бор замин зўравонликка тўлган эди. 12 Худо ер юзига назар ташлади – мана, у бузилган эди, чунки ердаги ҳар бир башар ўз йўлини бузган эди. 13 Шунда Худо Нуҳга деди: “Менинг кўз олдимда ҳар бир вужуднинг охирати келди, чунки ер улардан зўравонликка тўлди. Энди Мен уларни ер юзидан қириб ташлайман. 14 Сен шамшод дарахтидан кема яса, кеманинг ичида хоналар қил ва кемага ичкаридан ҳамда ташқаридан қатрон суртгин. 15 Уни шундай яса: кеманинг узунлиги уч юз тирсак, кенглиги эллик тирсак, баландлиги эса ўттиз тирсак бўлсин. 16 Кемада туйнук ясаб, уни кеманинг тепасида бир тирсак қилиб тугат. Кеманинг эшигини унинг ён томонидан қил. Кемани пастки, иккинчи ва учинчи қаватли қилиб қур. 17 Мана, Мен осмон остидаги ҳаёт нафасига эга бўлган ҳар бир вужудни ҳалок қилиш учун ер юзига сув тошқинини юбораман. Ердаги бор мавжудот ҳалок бўлади. 18 Аммо сен билан аҳд тузаман. Шунда сен билан бирга ўғилларинг, хотининг, ўғилларингнинг хотинлари кемага кирасизлар. 19 Шунингдек, тирик қолишлари учун ўзинг билан бирга ҳамма жонзоддан, ҳар бир вужуддан кемага бир жуфтдан олиб киргин. Улардан бири эркак, бири урғочи бўлсин. 20 Ўз турига кўра қушлардан, ўз турига кўра чорвалардан, ўз турига кўра судралиб юрувчилардан – ҳаммасидан бир жуфтдан тирик қолишлари учун сенинг ёнингга кирсин. 21 Сен ўзинг билан егуликка ҳар хил овқатдан олиб, уларни ғамла. У сенга ва уларга озиқ бўлади”. 22 Нуҳ худди шундай қилди. У ҳаммасини Худо буюрганидек бажарди.