5-боб

1 Мана бу – Одам-Атонинг насабномаси: Худо одамни яратган кунида, уни Худога ўхшаш қилиб яратди. 2 У уларни эркак ва хотин қилиб яратди. Уларни яратган кунида дуо қилиб, Одам, деб атади. 3 Одам-Ато бир юз ўттиз ёшга кирганида, ўзига ўхшаш, ўзининг суратида ўғил дунёга келтирди. Унинг исмини Шит қўйди. 4 Шит туғилганидан сўнг Одам-Атонинг яшаган кунлари саккиз юз йил эди. Ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 5 Одам-Ато ҳаётининг кунлари тўққиз юз ўттиз йил эди, сўнг у ўлди. 6 Шитдан эса бир юз беш ёшида Энўш туғилди. 7 Энўш туғилганидан сўнг Шит саккиз юз етти йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 8 Шитнинг барча кунлари тўққиз юз ўн икки йил эди, сўнг у ўлди. 9 Энўш тўқсон йил яшади ва ундан Қенан туғилди. 10 Қенан туғилганидан сўнг Энўш саккиз юз ўн беш йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 11 Энўшнинг барча кунлари тўққиз юз беш йил эди, сўнг у ўлди. 12 Қенандан эса етмиш ёшида Махалалил туғилди. 13 Махалалил туғилганидан сўнг Қенан саккиз юз қирқ йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 14 Қенаннинг барча кунлари тўққиз юз ўн йил эди, сўнг у ўлди. 15 Махалалилдан эса олтмиш беш ёшида Йоред туғилди. 16 Йоред туғилганидан сўнг Махалалил саккиз юз ўттиз йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 17 Махалалилнинг барча кунлари саккиз юз тўқсон беш йил эди, сўнг у ўлди. 18 Йореддан эса бир юз олтмиш икки ёшида Энўх туғилди. 19 Энўх туғилганидан сўнг Йоред саккиз юз йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 20 Йореднинг барча кунлари тўққиз юз олтмиш икки йил эди, сўнг у ўлди. 21 Энўхдан эса олтмиш беш ёшида Метушелаҳ туғилди. 22 Метушелаҳ туғилганидан сўнг Энўх уч юз йил давомида Худо билан бирга юрар эди. Ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 23 Энўхнинг барча кунлари уч юз олтмиш беш йил эди. 24 У Худо билан бирга юриб, тўсатдан йўқ бўлиб қолди, чунки Худо уни олиб кетди. 25 Метушелаҳдан эса бир юз саксон етти ёшида Ламех туғилди. 26 Ламех туғилганидан сўнг Метушелаҳ етти юз саксон икки йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 27 Метушелаҳнинг барча кунлари тўққиз юз олтмиш тўққиз йил эди, сўнг у ўлди. 28 Ламехдан эса бир юз саксон икки ёшида ўғил туғилди. 29 У: “Раббий лаънатлаган ерга ишлов беришимизда ва қўлларимиз меҳнатида у бизга тасалли беради”,- деб ўғлининг исмини Нуҳ (“Ором”) қўйди. 30 Нуҳ туғилганидан сўнг Ламех беш юз тўқсон беш йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 31 Ламехнинг барча кунлари етти юз етмиш етти йил эди, сўнг у ўлди. 32 Нуҳдан эса беш юз ёшида Шем, Хаум ва Йафет исмли ўғиллар туғилди.