1
Одам-Ато ўз хотини Ҳаввани таниб-билгач, у ҳомиладор бўлиб Қаънни туғди. Шунда у: “Раббийдан одамга эга бўлдим”,- деди.
2
Сўнгра унинг укаси Ҳобилни туғди. Ҳобил қўйларга чўпон, Қаън эса ер ишловчи эди.
3
Бир қанча вақт ўтганидан сўнг, Қаън ернинг ҳосилларидан Раббийга бағишлов келтирди.
4
Ҳобил ҳам қўйларининг тўнғичларидан ва уларнинг думбасидан қурбонлик келтирди. Раббий Ҳобилга ва унинг қурбонлигига назар ташлади,
5
лекин Қаънга ва унинг бағишловига назар ташламади. Қаън эса ўта ғазабланди, унинг юзи тундлашди.
6
Раббий эса Қаънга деди: “Нега ғазабландинг? Нега юзинг тундлашди?
7
Агар яхшилик қилсанг, бошингни кўтариб юрмайсанми? Агар яхшилик қилмасанг, гуноҳ эшик ёнида ётибди ва сени ўзига жалб қилади, лекин сен унинг устидан ҳукмронлик қил!”
8
Қаън укаси Ҳобил билан суҳбатлашди. Улар далада бўлганларида, Қаън укаси Ҳобилга қарши чиқиб, уни ўлдирди.
9
Раббий Қаъндан: “Уканг Ҳобил қани?”- деб сўради. “Билмайман,- деди Қаън,- мен укамга қўриқчиманми?”
10
Раббий эса деди: “Сен нима қилиб қўйдинг? Уканг қонининг овози Менга ердан фарёд қилмоқда.
11
Энди сенинг қўлинг билан туққан укангнинг қонини қабул қилиш учун оғзини очган ердан сен лаънатландинг.
12
Ерга ишлов берганингда, у сен учун ўз қувватини бошқа бермайди. Сен ер юзида қувғин ва дайди бўласан”.
13
Қаън эса Раббийга деди: “Менинг жазойим кўтара оладиганимдан ҳам улкандир.
14
Энди Сен мени ер юзидан қувяпсан, мен Сенинг юзингдан ҳам яширинаман. Шундай қилиб, ер юзида қувғин ва дайди бўламан. Учраган ҳар кимса мени ўлдиради”.
15
Раббий унга: “Агар ким Қаънни ўлдирса, ундан етти карра ўч олинади”,- деди. Сўнг Раббий учраган кимса Қаънни ўлдирмаслиги учун унга белги қўйди.
16
Шу тариқа, Қаън Раббийнинг ҳузуридан кетиб, Эденнинг шарқ томонидаги Нўд ерида жойлашди.
17
Қаън хотинини таниб-билди, у ҳомиладор бўлиб Энўхни туғди. Сўнг Қаън шаҳар қурди ва шаҳарнинг номини ўғлининг исми билан Энўх, деб атади.
18
Энўхдан Ирад туғилди, Ираддан Мехиёэл туғилди, Мехиёэлдан Метушоил туғилди, Метушоилдан Ламех туғилди.
19
Ламех иккита хотин олди: бирининг исми Адаҳ, бошқасинининг исми Тсилла эди.
20
Адаҳ Ёболни туғди. Ёбол подага эга бўлган, чодирда яшовчиларнинг отаси эди.
21
Унинг укасининг исми Юбол эди. У қўбиз ва най чалувчиларнинг отаси эди.
22
Тсилла Тубал-Қаънни туғди. У мис ва темирдан барча қуролларни ясовчи эди. Тубал-Қаъннинг синглиси Наамаҳ эди.
23
Ламех ўз хотинларига деди: “Эй, Адаҳ ва Тсилла, менинг овозимга қулоқ солинглар. Эй, Ламех хотинлари, сўзларимга диққат қилинглар! Мен ўз ярамга эркакни ҳалок қилдим, ўз зиёнимга ўсмирни ўлдирдим.
24
Агар Қаън учун етти карра ўч олинса, Ламех учун етмиш карра етти марта ўч олинади!”
25
Одам-Ато ўз хотинини яна таниб-билди. Шунда Ҳавва ўғил туғиб, унинг исмини Шит (“Солган”) қўйди, чунки: “Қаън ўлдирган Ҳобилнинг ўрнига Худо менга бошқа уруғ солди”,- деди у.
26
Шитдан ҳам ўғил туғилди. Шит унинг исмини Энўш қўйди. Шу вақтдан бошлаб одамлар Раббийнинг номини чақира бошладилар.