3-боб

1 Раббий Худо яратган барча даладаги ҳайвонлар орасида илон энг айёри эди. Илон хотинга: “Ростдан ҳам Худо: «Боғдаги ҳеч бир дарахтдан еманглар», деб айтдими?”- деди. 2 Хотин эса илонга деди: “Боғдаги дарахтларнинг мевасидан ея оламиз-у, 3 Худо: «Сизлар ўлмаслигингиз учун фақат боғнинг ўртасидаги дарахтнинг мевасидан еманглар ҳам, унга тегманглар ҳам», деди”. 4 Илон эса хотинга деди: “Йўқ, аниқ ўлмайсизлар! 5 Чунки Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилади, шунда сизлар худолар каби яхшилик ва ёмонликни биладиган бўласизлар”. 6 Хотин эса дарахтнинг озиққа яхши, кўзга ёқимли ва донолик бериши учун иштиёқли эканини кўриб, унинг мевасидан олиб еди. Кейин эрига ҳам берди, у ҳам еди. 7 Шунда иккаловларининг кўзлари очилиб, яланғоч эканларини пайқадилар ва анжир баргларини бир-бирига тикиб, ўзларига белбоғлар ясадилар. 8 Сўнг улар куннинг салқинида боғда юрган Раббий Худонинг овозини эшитдилар. Шунда одам ва унинг хотини Раббийнинг юзидан қочиб, боғдаги дарахтларнинг орасида яшириндилар. 9 Раббий Худо эса одамни чақириб унга: “Қаердасан?”- деди. 10 У эса: “Мен боғда овозингни эшитиб қўрқдим, чунки мен яланғочман. Шунинг учун яшириндим”,- деди. 11 Худо: “Яланғоч эканингни сенга ким айтди? Мен сенга: «Ема», деб буюрган дарахтнинг мевасидан едингми?”- деб сўради ундан. 12 Одам: “Сен менга берган хотин шу дарахтнинг мевасидан менга берди, мен эса едим”,- деди. 13 Раббий Худо хотинга: “Бу нима қилганинг?”- деди. Хотин эса: “Илон мени авради ва мен едим”,- деди. 14 Шунда Раббий Худо илонга деди: “Сен шундай қилганинг учун ҳамма чорвалар ва барча даладаги ҳайвонлар орасида лаънатисан. Сен қорнинг билан юрасан ва умринг бўйи тупроқ ейсан. 15 Сен билан хотин орасига, сенинг уруғинг билан унинг уруғи орасига душманлик соламан. У сенинг бошингни шикастлайди, сен эса унинг товонини чақасан”. 16 Хотинга эса: “Сенинг ҳомиладорлигингда азобларингни ўта кўпайтираман. Фарзандларингни азобда туғасан. Иштиёғинг эрингга бўлади, у эса сенинг устингдан ҳукмронлик қилади”,- деди. 17 Одамга эса деди: “Сен хотинингнинг сўзига қулоқ солганинг учун, Мен сенга: «Ема», деб буюрган дарахтдан еганинг учун ер юзи сен туфайли лаънатланди. Бутун умринг бўйи ундан азобланиб озиқланасан. 18 Ер сенга тикану янтоқ ўстиради, сен эса дала ўтлари билан озиқланасан. 19 Сен ўзинг олинган ерга қайтгунингча пешана теринг билан нон ейсан, чунки тупроқдирсан ва тупроққа қайтасан”. 20 Одам ўз хотинининг исмини Ҳавва (“Ҳаёт берадиган”) қўйди, чунки у ҳамма яшовчиларнинг онаси бўлди. 21 Раббий Худо одамга ва унинг хотинига теридан кийим ясаб, уларни кийинтирди. 22 Сўнгра Раббий Худо: “Мана, одам яхшилик ва ёмонликни билиб, Бизнинг биримиздек бўлди. Энди қўлини чўзиб, ҳаёт дарахтининг мевасидан ҳам ололмасин ва уни еб, абадий яшай ҳам ололмасин!”- деди. 23 Шундай қилиб, Раббий Худо, одамни ўзи олинган ерга ишлов бериши учун Эден боғидан чиқариб юборди. 24 У одамни ҳайдаб юборгач, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Эден боғининг шарқ томонига керубни ва айланадиган алангали қилични қўйди.