1
Шу тарзда осмон, ер ва уларнинг қўшинларини яратиш тугалланди.
2
Худо Ўз қилган ишларини еттинчи куни тугаллаб, барча қилган ишларидан еттинчи кунда дам олди.
3
Шунда Худо еттинчи кунни дуо қилиб, уни муқаддаслади, чунки Худо ушбу кунда Ўзининг барча яратган ва бажарган ишларидан дам олди.
4
Мана бу – яратилиш вақтида бўлган осмон ва ернинг келиб чиқишидир. Раббий Худо еру осмонни яратган пайтда
5
даладаги бирон ўсимлик, даладаги бирон ўт ҳали ўсмаган эди, чунки Раббий Худо ҳали ер юзига ёмғир ёғдирмаган эди ва ерга ишлов бериш учун одам йўқ эди.
6
Лекин ердан буғ кўтарилиб, бутун ер юзини суғориб турар эди.
7
Сўнгра Раббий Худо ернинг тупроғидан одамни яратиб, унинг димоғига ҳаёт нафасини пуфлади ва одам тирик жон бўлди.
8
Раббий Худо Эденда, шарқ томонда боғ ўтқазди ва Ўзи яратган одамни ўша ерда жойлаштирди.
9
Раббий Худо ердан кўзга ёқимли ва емоққа яхши бўлган ҳар хил дарахтларни ўстирди. Боғнинг ўртасида эса ҳаёт дарахтини ва яхшилик билан ёмонликни билиш дарахтини қўйди.
10
Боғни суғориш учун Эдендан дарё оқиб чиқар, сўнг тўрт ирмоққа бўлинар эди.
11
Биринчисининг номи Пишўндир. У олтини бор бўлган бутун Хавилаҳ ерини айланиб оқади.
12
Бу ернинг олтини яхшидир. У ерда хушбўй қатрон ва ақиқ тоши бор.
13
Иккинчи дарёнинг номи Гиҳўндир. У бутун Куш ерини айланиб оқади.
14
Учинчи дарёнинг номи Хиддеқелдир. У Ашурнинг шарқ томонига қараб оқади. Тўртинчи дарё эса Фуротдир.
15
Раббий Худо инсонни олиб, Эден боғига ишлов бериш ва уни қўриқлаш учун уни ушбу ерга жойлаштирди.
16
Раббий Худо инсонга шундай амр берди: “Боғнинг ҳар бир дарахтидан бемалол еявергин.
17
Фақат яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтидан емагин. Чунки ундан еган куниёқ аниқ ўласан.”
18
Кейин Раббий Худо: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб ёрдамчи яратаман”,- деди.
19
Раббий Худо тупроқдан барча даладаги ҳайвонларни, барча осмондаги қушларни ясаб, одам уларга қандай ном беришини кўриш учун унинг олдига олиб келди. Одам ҳар бир тирик жонни қандай атаса, унинг номи шундай бўлди.
20
Одам барча чорваларга, барча осмондаги қушларга ва барча даладаги ҳайвонларга ном берди, лекин одамга муносиб ёрдамчи топилмади.
21
Шунда Раббий Худо одамни қаттиқ уйқуга солди. У ухлаб қолгач, унинг қовурғаларидан биттасини олиб, ўрнини эт билан қоплади.
22
Раббий Худо одамдан олган қовурғадан хотинни яратди ва уни одамнинг олдига олиб келди.
23
Одам эса: “Бу – менинг суякларимдан суяк ва менинг этимдан этдир. У хотин, деб аталади, чунки эрдан олинган”,- деди.
24
Шунинг учун эркак ўз ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишади ва улар бир тан бўладилар.
25
Одам билан хотини иккаловлари ҳам яланғоч эдилар, аммо уялмас эдилар.