10-боб

1 Мана, Нуҳ ўғиллари Шем, Хаум ва Йафетнинг тошқиндан сўнг туғилган авлодлари: 2 Йафетнинг ўғиллари: Гўмер, Магўг, Модай, Юнон, Тубал, Мешех ва Тирос. 3 Гўмернинг ўғиллари: Ашкеназ, Рифат ва Тўгармаҳ. 4 Юноннинг ўғиллари: Элишаҳ, Таршиш, Киттим ва Дўдоним. 5 Булардан эллар оролларининг ерлари – ҳар бири ўз тили, ўз насли ва ўз миллати бўйича бўлинди. 6 Хаумнинг ўғиллари: Куш, Миср, Пут ва Канъан. 7 Кушнинг ўғиллари: Себа, Хавилаҳ, Сабтаҳ, Раамаҳ ва Сабтеха. Раамаҳнинг ўғиллари: Шеба ва Дедон. 8 Кушдан яна Нимрўд туғилди. Ер юзида у қудратли одам бўла бошлади. 9 У Раббий қаршисида қудратли овчи бўлди. Шунинг учун: “Раббий қаршисида Нимрўд каби қудратли овчи”,- дейилади. 10 Унинг шоҳлиги бошида Шинар еридаги Бобил, Эрех, Аккад ва Калнеҳ шаҳарлари эди. 11 Бу ердан Ашур чиқиб Нийневеҳ, Реҳобўт-Ир ва Келаҳ шаҳарларини барпо қилди. 12 У Нийневеҳ билан Келаҳ ўртасидаги Ресен шаҳрини ҳам қурди, бу улкан шаҳардир. 13 Мисрдан туғилганлар: Лудий, Анамим, Леҳабим, Наптуҳим, 14 Патрўсий, Каслуҳим (ундан Пелишт халқи келиб чиққан) ва Кафтўрий. 15 Канъандан туғилганлар: тўнғичи Сидўн, Хет, 16 Ябус, Амўр, Гиргош, 17 Ҳив, Арқий, Синий, 18 Арвад, Тсемар ва Ҳамотий. Кейинчалик Канъан қабилалари тарқалиб кетишди. 19 Канъанликлар яшайдиган ерлар чегараси Сидўндан Гарор ва Ғазогача, бу ердан Садўм, Ғамўра, Адмаҳ, Тсебўйим ва Лаша шаҳарларигача эди. 20 Булар ўз авлодлари, ўз тиллари, ўз ерлари ва ўз халқларига кўра Хаум ўғилларидир. 21 Йафетнинг акаси Шем ҳам фарзандлар кўрди. У Эбернинг барча ўғилларининг отаси эди. 22 Шемнинг ўғиллари: Элам, Ашур, Арпахшод, Луд ва Арамдир. 23 Арамнинг ўғиллари: Уз, Ҳул, Гетер ва Машдир. 24 Арпахшод Шелаҳни туғди, Шелаҳ эса Эберни туғди. 25 Эбердан икки ўғил туғилди: биринчисининг исми Пелеқ (“Зилзила”) қўйилди, чунки унинг кунларида ер бўлинди, унинг укасининг исми эса Йоқтон эди. 26 Йоқтондан эса Алмодад, Шелеф, Хатсармавет, Йераҳ, 27 Ҳадорам, Узол, Диклаҳ, 28 Обал, Абимаэл, Шеба, 29 Офир, Хавилаҳ ва Йўбоб туғилди. Буларнинг ҳаммаси Йоқтоннинг ўғиллари эди. 30 Улар Мешадан Сефаргача бўлган шарқ тоғларида яшар эдилар. 31 Булар ўз авлоди, ўз тили, ўз ерлари ва ўз халқларига кўра Шем ўғилларидир. 32 Булар Нуҳ ўғилларининг ўз халқларида авлодларига кўра қабилаларидир. Тошқиндан сўнг ер юзида халқлар шулардан тарқалганлар.