11-боб

1 Бутун ер юзида бир тил ва бир шева эди. 2 Улар шарқдан кўчиб, Шинар ерида текислик топиб, у ерда жойлашдилар. 3 Улар бир-бирларига: “Келинглар, ғишт ясаб оловда куйдирамиз”,- дедилар. Шундай қилиб, улар тош ўрнига ғишт, оҳак ўрнига қатрон ишлата бошладилар. 4 Улар: “Келинглар, бутун ер юзига тарқалиб кетмаслигимиз учун ўзимизга шаҳар ҳамда боши осмонга етар минора қуриб, ўзимизга ном чиқарамиз”,- дедилар. 5 Раббий эса инсон ўғиллари қураётган шаҳар ва минорани кўриш учун тушиб келди. 6 Шунда Раббий деди: “Мана, ҳаммаси битта халқ, ҳаммаларининг тили ҳам бир. Улар буни қилишни бошладилар ва ният қилган ишларини тамомлашдан ҳеч нарса уларни тўхтата олмайди. 7 Энди пастга тушайлик-да, уларнинг тилини аралаштириб ташлайлик, токи бир-бирларининг гапларини тушунмасинлар”. 8 Шундай қилиб, Раббий одамларни у жойдан бутун ер юзига тарқатиб юборди. Улар шаҳар қуришни тўхтатишди. 9 Шунинг учун уни Бобил (“Чалкашлик”), деб аташди, чунки Раббий ўша ерда бутун ернинг тилини чалкаштирди ва ўша ердан Раббий уларни бутун ер юзи бўйлаб тарқатиб юборди. 10 Мана булар Шемнинг авлодлари: тошқиндан икки йил ўтгач, Шемдан юз ёшида Арпахшод туғилди. 11 Арпахшод туғилганидан сўнг Шем беш юз йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 12 Арпахшоддан эса ўттиз беш ёшида Шелаҳ туғилди. 13 Шелаҳ туғилганидан сўнг Арпахшод тўрт юз уч йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 14 Шелаҳдан эса ўттиз ёшида Эбер туғилди. 15 Эбер туғилганидан сўнг Шелаҳ тўрт юз уч йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 16 Эбердан эса ўттиз тўрт ёшида Пелеқ туғилди. 17 Пелеқ туғилганидан сўнг Эбер тўрт юз ўттиз йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 18 Пелеқдан эса ўттиз ёшида Раҳу туғилди. 19 Раҳу туғилганидан сўнг Пелеқ икки юз тўққиз йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 20 Раҳудан эса ўттиз икки ёшида Саруғ туғилди. 21 Саруғ туғилганидан сўнг Раҳу икки юз етти йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 22 Саруғдан эса ўттиз ёшида Нахўр туғилди. 23 Нахўр туғилганидан сўнг Саруғ икки юз йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 24 Нахўрдан эса йигирма тўққиз ёшида Тераҳ туғилди. 25 Тераҳ туғилганидан сўнг Нахўр бир юз ўн тўққиз йил яшади ва ундан яна ўғиллару қизлар туғилди. 26 Тераҳдан эса етмиш ёшида Ибром, Нахўр ва Ҳарон туғилди. 27 Мана булар Тераҳнинг авлодлари: Тераҳдан Ибром, Нахўр ва Ҳарон туғилди. Ҳарондан Лўт туғилди. 28 Ҳарон эса ўз отаси Тераҳ тириклигидаёқ, ўз туғилган жойи – Қалдийнинг Ур ерида вафот этди. 29 Ибром ва Нахўр хотин олдилар. Ибромнинг хотинининг исми Сорай эди, Нахўрнинг хотинининг исми эса Милка эди. Милка ва Исқа Ҳароннинг қизи эди. 30 Сорай бепушт бўлиб, боласи йўқ эди. 31 Тераҳ эса ўз ўғли Ибромни, Ҳароннинг ўғли бўлган набираси Лўтни, келини бўлган Ибромнинг хотини Сорайни олиб, Канъан ерига бориш учун, Қалдийнинг Ур еридан чиқиб кетди. Улар Харангача етиб келиб, ўша ерда ўрнашдилар. 32 Тераҳнинг барча кунлари икки юз беш йил эди, у Харан ерида вафот этди.