1
Раббий Ибромга деди: “Ўз ерингдан, она юртингдан, ўз отангнинг уйидан чиқиб кет, Мен сенга кўрсатадиган ерга боргин.
2
Мен сендан буюк халқ яратаман. Сенга барака бериб, исмингни улуғлайман. Сен баракали бўласан.
3
Сени дуо қилаётганларни Мен дуо қиламан, сени лаънатлаётганларни Мен лаънатлайман. Ер юзидаги барча қабилалар сенда барака топадилар”.
4
Раббий айтганидек, Ибром чиқиб кетди. Лўт ҳам у билан бирга кетди. Ибром Харандан чиқиб кетганида, етмиш беш ёшда эди.
5
Ибром ўз хотини Сорайни, ўз биродарининг ўғли Лўтни, тўплаган бор мол-мулкларини ҳамда Харанда эга бўлган одамларини ўзи билан бирга олиб, Канъан ерига бориш учун йўлга тушди. Ниҳоят, улар Канъан ерига етиб келишди.
6
Ибром у ердан ўтиб, Шеқем деган жойдаги Мўреҳ текислигига келди. Ўша вақтда бу ерда канъанликлар яшар эдилар.
7
Раббий Ибромга зоҳир бўлиб: “Мен бу ерни сенинг уруғингга бераман”,- деди. Ибром эса ўша ерда унга намоён бўлган Раббийга қурбонгоҳ қурди.
8
Сўнгра Ибром у ердан Бейт-Элнинг шарқ томонидаги тоққа кўчди. Шундай қилиб, у ғарб томони Бейт-Эл, шарқ томони Ғай бўлган жойда чодир ёйди. Ўша ерда у Раббийга қурбонгоҳ қуриб, Раббийнинг номини чақирди.
9
Кейин Ибром жануб томонга йўл олди.
10
У ерда очарчилик эди. Очарчилик кучайгани туфайли Ибром мусофирдек яшаш учун Мисрга тушиб борди.
11
Мисрга киришларига яқин қолганида, Ибром хотини Сорайга шундай деди: “Мана, мен биламан, сен жуда ҳам гўзал аёлсан.
12
Мисрликлар сени кўргач: Бу унинг хотини, деб мени ўлдириб, сени тирик қолдирадилар.
13
Шунинг учун, сен: Мен унинг синглисиман, деб айтгин, токи сен туфайли менинг жоним тирик қолсин”.
14
Ибром Мисрга келганида, мисрликлар унинг хотинининг жуда гўзал эканлигини кўришди.
15
Фиръавннинг ҳукмдорлари ҳам кўриб, уни фиръавнга мақтадилар. Шунда аёл фиръавннинг саройига олинди.
16
Фиръавн Сорай туфайли Ибром билан яхши муносабатда бўлди: унга қўй ва ҳўкизлар, эшаклар, қуллар, чўрилар, хачирлар ва туялар совға қилди.
17
Аммо Раббий Ибромнинг хотини Сорай туфайли фиръавн ва унинг хонадонини оғир яралар билан шикастлади.
18
Шунда фиръавн Ибромни чақириб, унга деди: “Бу нима қилганинг? Бу сенинг хотининг эканини нега менга айтмадинг?
19
Нима учун: Бу менинг синглим, деб айтдинг? Мен уни ўзимга хотинликка олишимга сал қолди! Мана хотининг, уни олиб, йўлингдан боравер”.
20
Сўнг фиръавн одамларига улар ҳақида фармон берди. Улар Ибромни ва унинг хотинини бор мол-мулки билан кузатиб қўйишди.