13-боб

1 Шунда Ибромнинг ўзи, унинг хотини ва Лўт бор мол-мулклари билан Мисрдан чиқиб жануб томонга кетди. 2 Ибром чорвага, кумуш ва олтинга жуда бой эди. 3 У сафарида давом этиб, жанубдан Бейт-Элга, яъни Бейт-Эл билан Ғай орасида илгари чодири бўлган жойга келди. 4 У илгари қурбонгоҳ қурган ўша жойда Раббийнинг номини чақирди. 5 Ибром билан келган Лўтнинг ҳам қўйлари, сигирлари ва чодирлари бор эди. 6 Улар бирга яшашлари учун ер уларни сиғдира олмас эди. Чунки уларнинг мол-мулклари ўта кўп бўлиб, улар бирга яшай олмас эдилар. 7 Ибром билан Лўтнинг чўпонлари орасида жанжал юз берди. Ўша пайтда у ерларда канъанликлар ва перизликлар яшар эдилар. 8 Ибром Лўтга деди: “Менинг чўпонларим билан сенинг чўпонларинг ўртасида жанжал бўлмасин. Биз – қариндошлармиз! 9 Мана, бутун ер юзи сенинг олдингда эмасми? Мендан ажрала қолгин. Агар сен чап томонга кетсанг, мен ўнг томонга бораман. Агар сен ўнг томонга кетсанг, мен чап томонга бораман”. 10 Лўт нигоҳини кўтариб Йордан текисликларига қаради. Раббий Садўм ва Ғамўрани вайрон қилишидан олдин, ўша ер Раббийнинг боғидек, Миср еридек бўлиб, то Тсўарга боргунча жуда серсув эди. 11 Шундай қилиб, Лўт ўзига бутун Йордан текислигини танлади ва шарқ томонга кетди. Шу тариқа улар бир-бирларидан ажралдилар. 12 Ибром Канъан ерида яшаб қолди. Лўт эса текисликдаги шаҳарларда яшаб, Садўмга қадар чодир қурди. 13 Садўм аҳолиси Раббий қаршисида ёвуз ва ўта гуноҳкор эдилар. 14 Лўт Ибромдан ажралганидан сўнг, Раббий Ибромга деди: “Нигоҳингни кўтариб, турган жойингдан шимолга, жанубга, шарққа ва ғарбга қарагин. 15 Ана шу, сен кўриб турган барча ерни Мен сенга ва сенинг уруғингга то абад бераман. 16 Сенинг уруғингни эса ернинг қумидек кўпайтираман. Агар бирор киши ернинг қумини санай олса, сенинг уруғингни ҳам санаб бўлади. 17 Ўрнингдан тургин, бу ернинг узунлигидан кенглигигача юргин, чунки уни Мен сенга бераман”. 18 Шундан сўнг Ибром чодирларини кўчириб, Хеброндаги Мамре текислигида яшай бошлади. Ўша жойда у Раббийга қурбонгоҳ қурди.