1
Шинар подшоҳи Омрафел, Элласар подшоҳи Ариоқ, Элам подшоҳи Кедўрлаомер, Гўйим подшоҳи Тидол даврида шу ҳодиса юз берди:
2
Улар Садўм подшоҳи Бэрага, Ғамўра подшоҳи Биршага, Адмаҳ подшоҳи Шинабга, Тсебўйим подшоҳи Шемеберга ва Бела (яъни Тсўар) подшоҳига қарши урушга бордилар.
3
Бу подшоҳларнинг ҳаммаси Сиддим водийсида бирлашдилар. Шу водий ҳозирги Туз денгизидир.
4
Улар ўн икки йил Кедўрлаомерга қарам бўлиб, ўн учинчи йили исён қилган эдилар.
5
Ўн тўртинчи йил Кедўрлаомер ва у билан бирлашган подшоҳлар келиб, Аштарўт-Карнайимда рафаликларни, Ҳомда зузликларни, Шавеҳ-Қиръатайимда эйимликларни ва
6
Сеир тоғида хорийликларни чўл чеккасидаги Эл-Поронгача қириб ташладилар.
7
У ердан қайтиб, Эн-Мишпат (яъни Қадешга) келдилар ва амолеқликларнинг бутун юртини, шунингдек, Хазан-Тамарда яшовчи амўрликларни ҳам қириб ташладилар.
8
Садўм подшоҳи, Ғамўра подшоҳи, Адмаҳ подшоҳи, Тсебўйим подшоҳи ва Бела (яъни Тсўар) подшоҳи Сиддим водийсида уларга қарши жангда бирлашдилар.
9
Элам подшоҳи Кедўрлаомер, Гўйим подшоҳи Тидол, Шинар подшоҳи Омрафел ва Элласар подшоҳи Ариоқ – ана шу тўртта подшоҳ бешта подшоҳга қарши жанг қилдилар.
10
Сиддим водийси қатрон чуқурликларига тўла эди. Садўм ва Ғамўра подшоҳлари енгилиб қочиб кетишаётганида, шу чуқурликларга йиқилдилар. Қолганлари эса тоғларга қочиб кетдилар.
11
Ғолиб подшоҳлар эса Садўм ва Ғамўранинг бор бойлик ва озуқаларини олиб кетдилар.
12
Улар Садўмда яшайдиган Ибромнинг биродарининг ўғли Лўтни ҳам мол-мулки билан олиб кетдилар.
13
Қочоқлардан бири иброний Ибромга келиб, воқеаларни хабар қилди. Ибром ўша вақтда Эшкўлнинг ва Онернинг биродари бўлган амўрлик Мамренинг эманзори ёнида яшар, чунки улар Ибромнинг иттифоқчилари эди.
14
Ибром жияни асирга олинганини эшитиб, ўзининг уйида туғилиб тарбияланган уч юз ўн саккиз нафар кишини қуроллантирди-да, подшоҳларни Дангача қувиб борди.
15
Кечаси Ибром ва унинг қуллари бўлиниб, душманни қириб ташлашди ва уларни Дамашқнинг чап томонидаги Хобаҳгача қувиб боришди.
16
У ердан Ибром бор мол-мулкни, қариндоши Лўтни ва унинг мол-мулкларини, шунингдек, аёллару эркакларни ҳам қайтариб олиб келди.
17
Ибром Қедўрлаомерни ва у билан бирга бўлган подшоҳларни қириб ташлаб қайтаётганида, Садўм подшоҳи уни қарши олгани Шовеҳ водийсига, яъни Шоҳ водийсига чиқди.
18
Шунда Салим подшоҳи Малкиседеқ нон ва шароб олиб чиқди. У Худойи Таолонинг руҳонийси эди.
19
У Ибромни дуо қилиб, деди: “Ибром еру кўкнинг эгаси Худойи Таоло томонидан баракалидир.
20
Душманларингни қўлингга топширган Худойи Таоло муборакдир!” Ибром эса Малкиседеққа ҳамма нарсадан ушр берди.
21
Садўм подшоҳи Ибромга: “Одамларни менга бергину, мол-мулкни ўзингга ол”,- деди.
22
Лекин Ибром Садўм подшоҳига деди: “Мен еру кўкнинг эгаси Раббий, Худойи Таоло ҳақи қўлимни кўтариб айтаманки –
23
сен: Мен Ибромни бой қилдим, деб айтмаслигинг учун нарсаларингдан, ҳатто ипдан тортиб чориқ боғигача бирор нарса олмайман.
24
Фақатгина йигитларнинг еб-ичганлари – сенинг харажатларинг бўлсин, ҳамда мен билан жангга борган одамлар: Онер, Эшкўл ва Мамре ўз улушларини олсинлар”.