15-боб

1 Бу воқеалардан сўнг ваҳий орқали Ибромга Раббийдан сўз келди: “Қўрқма, Ибром, Мен сенинг қалқонингман. Сенинг мукофотинг ғоят буюкдир”. 2 Ибром бунга: “Ё, Раббий Худо! Сен менга нима берасан? Мана, фарзандсиз ўтяпман. Энди хонадонимнинг бошқарувчиси дамашқлик Элиэзер мерсохўр бўлади”,- деди. 3 Ибром давом этди: “Сен менга уруғ бермадинг, мана, менинг хонадонимда туғилган қул менинг меросхўримдир”. 4 Шунда Раббийдан унга сўз келди: “У сенинг меросхўринг бўлмайди, аксинча, сенинг пушти камарингдан туғиладиган бола сенинг меросхўринг бўлади”. 5 Сўнг Ибромни ташқарига олиб чиқиб, унга деди: “Осмонга қараб, юлдузларни санай олсанг, санаб чиқ. Сенинг авлодинг ҳам шунча бўлади”. 6 Ибром Раббийга ишонди, бу эса унга ҳақлик, деб ҳисобланди. 7 Сўнгра Раббий Ибромга яна хитоб қилиб: “Мен бу ерни мерос қилиб олишинг учун, сени Қалдийнинг Ур шаҳридан олиб чиққан Раббийман”,-деди. 8 Ибром эса: “Ё, Раббий Худо! Бу ерларни мерос қилиб олишимни қандай биламан?”- деб сўради. 9 Раббий: “Менга уч ёшли ғунажин, уч ёшли эчки, уч ёшли қўчқор ва битта мусича билан ёш каптар олиб кел”,- деди. 10 Ибром буларнинг ҳаммасини олиб келди ва уларнинг ўртасидан бўлиб, ҳар бўлакни бошқа бўлакнинг қаршисига қўйди. Фақат қушларни бўлмади. 11 Шунда мурдалар устига йиртқич қушлар учиб кела бошлашди, Ибром эса уларни қува бошлади. 12 Қуёш ботаётган вақтда Ибромни қаттиқ уйқу босди, шунда қуюқ зулмат ва даҳшат уни қамраб олди. 13 Шунда Раббий Ибромга деди: “Шуни аниқ билгинки, сенинг уруғинг бегона юртда мусофир бўлади ва уларга хизмат қилади, уларни тўрт юз йил азоблайдилар. 14 Аммо уларни қул қилган халқни Мен ҳукм қиламан. Шундан сўнг улар катта мол-мулк билан у ердан чиқадилар. 15 Сен эса тинчлик билан ота-боболарингнинг олдига борасан ва яхши кексалик ёшида дафн этиласан. 16 Аммо тўртинчи авлодда улар бу ерга қайтиб келадилар, зеро амўрликларнинг гуноҳлари ҳали тўлган эмас”. 17 Қуёш ботиб, қоронғилик чўкканида, гўёки ўчоқ тутуни ва ёнаётган олов қурбонлик бўлаклари орасидан ўтди. 18 Ўша куннинг ўзида Раббий Ибром билан аҳд тузиб, шундай деди: “Миср дарёсидан бошлаб улкан дарё – Фурот дарёсига қадар бу ернинг ҳаммасини: 19 қайнликлар, қенизликлар, қадмонликлар, 20 хетликлар, перизликлар, рафаликлар, 21 амўрликлар, канъанликлар, гиргошликлар ва ябусликларнинг ерларини сенинг авлодингга бераман”.