16-боб

1 Ибромнинг хотини Сорай эса бола туғмас эди. Сорайнинг Ҳожар исмли мисрлик чўриси бор эди. 2 Сорай Ибромга: “Мана, Раббий мени туғмаслигим учун қорнимни ёпиб қўйди. Сиз чўримнинг олдига киринг, балки ундан болали бўларман”,- деди. Ибром Сорайнинг сўзига қулоқ солди. 3 Ибром Канъан ерида яшаётганидан ўн йил ўтгач, Ибромнинг хотини Сорай ўзининг мисрлик чўриси Ҳожарни олиб, эри Ибромга хотинликка берди. 4 Ибром Ҳожарнинг олдига кирганидан сўнг, у ҳомиладор бўлди. Ҳожар ҳомиладор бўлганини кўриб, бекаси Сорайни назарга илмай қўйди. 5 Шунда Сорай Ибромга: “Менинг азобланишимга сиз айбдорсиз! Мен чўримни сизнинг қучоғингизга бердим, у эса ҳомиладор бўлганини кўргач, мени назарига илмай қўйди. Бизнинг орамизда Раббий Ҳакам бўлсин!”- деди. 6 Ибром эса Сорайга: “Сенинг чўринг сенинг қўлингда. У билан нима истасанг, шуни қилавер”,- деди. Шунда Сорай чўриси Ҳожарни эза бошлади ва Ҳожар Сорайнинг олдидан қочиб кетди. 7 Раббийнинг фариштаси Ҳожарни чўлдаги сув булоғи ёнида, яъни Шур йўлидаги булоқ ёнида топиб: 8 ”Эй, Сорайнинг чўриси Ҳожар! Қаердан келиб, қаерга кетяпсан?”- деди. “Мен бекам Сорайнинг олдидан қочиб кетяпман”,- деди Ҳожар. 9 Раббийнинг фариштаси унга: “Бекангга қайт ва унинг қўл остига бўйсун”,- деди. 10 Раббийнинг фариштаси Ҳожарга яна: “Сенинг авлодингни шу қадар кўпайтираманки, кўплигидан уни санаб бўлмайди”,- деди. 11 Раббийнинг фариштаси унга яна сўзлади: “Мана, сен ҳомиладор бўлдинг, энди ўғил туғасан, унинг исмини Исмоил (“Худо эшитади”) қўясан, чунки Раббий сенинг азобларингни эшитди. 12 У инсонлар орасида ёввойи эшакдек бўлади. Унинг қўли ҳаммага қарши, ҳамманинг қўли эса унга қарши бўлади. У барча ака-укаларнинг юзи олдида яшайди”. 13 Ҳожар унга гапирган Раббийни Эл-Ройи (“мени кўраётган Худо”), деб атади, чунки у: “Мен бу ерда мени кўриб Турганни ортидан кўрдим”,- деди. 14 Шунинг учун бу булоқ Беэр-Лахай-Рой, деб аталди. У Қадеш билан Баред орасида жойлашган. 15 Ҳожар Ибромга ўғил туғиб берди. Ибром Ҳожардан туғилган ўғлининг исмини Исмоил қўйди. 16 Ҳожар Ибромга Исмоилни туғиб берганида, Ибром саксон олти ёшда эди.