1
Ибром тўқсон тўққиз ёшга кирганида, Раббий унга зоҳир бўлиб деди: “Мен Қодир Худоман. Менинг олдимда юриб, бенуқсон бўлгин.
2
Мен сен билан аҳд тузаман ва сени жуда ҳам кўпайтираман”.
3
Ибром ерга юз тубан йиқилди. Худо унга сўзлашда давом этиб деди:
4
”Менинг сен билан тузадиган аҳдим шудир: сен кўплаб халқларнинг отаси бўласан.
5
Сен бошқа Ибром (“Улуғ ота”), деб аталмайсан, балки сенинг исминг Иброҳим (“Кўпчиликнинг отаси”) бўлади. Чунки мен сени кўплаб халқларнинг отаси қилдим.
6
Сени ўта серпушт қилиб, сендан халқларни вужудга келтираман, сендан подшоҳлар келиб чиқадилар.
7
Сенинг ва сендан кейинги уруғингнинг Худоси бўлишим учун – Мен сен билан ва сендан кейинги уруғинг билан уларнинг авлодларида абадий аҳд тузаман.
8
Сен ҳозир мусофирларча яшаётган ерни – Канъаннинг бутун ерини сенга ва сендан кейинги авлодларингга абадий мулк қилиб бераман. Мен уларнинг Худоси бўламан”.
9
Худо Иброҳимга яна деди: “Сен ва сендан кейин келадиган уруғинг эса ўз авлодларида Менинг аҳдимга риоя қилиб юринглар.
10
Сен ва сендан кейинги авлодларинг риоя қилиши керак бўлган аҳд шудир: орангиздаги ҳар бир ўғил бола хатна қилинсин.
11
Аъзойингиз терисининг учини кестиринглар. Мен билан сизларнинг орангиздаги аҳднинг белгиси ана шу бўлади.
12
Бундан буён наслдан наслга уйингизда туғиладиган ҳар бир ўғил бола ва уруғингиздан бўлмай, бошқа қабилаликдан пулга сотиб олинган барча ўғил болалар саккиз кунлигида хатна қилинсинлар.
13
Уйингизда туғилган ҳам, пулга сотиб олинган ҳам хатна қилиниши шарт. Шунда Менинг аҳдим сизнинг танангизда абадий аҳд бўлади.
14
Аъзоси терисининг учи кесилмаган эркакнинг жони халқи орасидан қириб ташлансин. У аҳдимни бузган ҳисобланади”.
15
Худо Иброҳимга яна: “Хотининг Сорайни бошқа Сорай (“Ҳукм сурайдиган”), деб атама, унинг исми Соро (“Малика”) бўлади.
16
Мен уни дуо қилиб, сенга ундан ўғил бераман. Уни дуо қиламан ва у халқларнинг онаси бўлади. Ундан халқларнинг подшоҳлари келиб чиқадилар”,- деди.
17
Иброҳим юз тубан йиқилиб, кулиб юборди ва ўз юрагида шундай деди: “Наҳотки юз ёшли эркакдан бола туғилса? Наҳотки тўқсон ёшли Соро бола туғса?”
18
Сўнг Иброҳим Худога: “Кошки, Исмоил Сенинг қаршингда тирик бўлса эди!”- деди.
19
Худо эса деди: “Хотининг Соро сенга ўғил туғиб бериши муқаррар. Унинг исмини Исҳоқ (“Кулги”), деб атайсан. Мен у билан ва ундан кейинги авлоди билан абадий аҳд тузаман.
20
Исмоил ҳақида ҳам сени эшитдим. Мен уни дуо қилиб, уни серпушт қиламан ва ўта кўпайтираман. Ундан ўн икки ҳоким туғилади. Ундан буюк халқ келтириб чиқараман.
21
Аммо аҳдимни Исҳоқ билан тузаман. Келгуси йили, шу вақтнинг ўзида Соро сенга уни туғиб беради”.
22
Худо Иброҳимга сўзлашни тамомлаб, унинг ёнидан кетди.
23
Иброҳим эса, Худо унга айтганидек, ўша куннинг ўзида ўғли Исмоилнинг ва уйидаги туғилган ҳамда пулга сотиб олинган барча эркакларининг аъзоси терисининг учини кесди.
24
Иброҳимнинг терисининг учи кесилганида, у тўқсон тўққиз ёшда эди.
25
Унинг ўғли Исмоилнинг терисининг учи кесилганида, у ўн уч ёшда эди.
26
Иброҳим ва унинг ўғли Исмоил бир кунда хатна қилиндилар.
27
Шунингдек, Иброҳим билан бирга унинг хонадонидаги барча эркаклар: уйда туғилганлар ва бошқа қабиладан пулга сотиб олинганлар хатна қилиндилар.