1
Куннинг иссиғида Иброҳим чодирига кириш жойида ўтирганида, Мамре эманзори ёнида унга Раббий зоҳир бўлди.
2
Иброҳим нигоҳини кўтариб, бир қараганда, мана, қаршисида уч киши турар эди. Иброҳим уларни кўрган заҳоти чодирга кириш жойидан туриб, уларни кутиб олгани югуриб чиқиб, ергача таъзим қилди.
3
”Ҳазратим,- деди у,- агар Сенинг нигоҳингда илтифот топган бўлсам, қулингни четлаб ўтма.
4
Ҳозир бир оз сув келтириб, оёқларингизни ювишсин, сизлар эса шу дарахт тагида дам олинглар.
5
Қулингизникига келганингиз учун мен нон олиб келай. Йўлингизга тушиб кетишингиздан олдин қувватланиб олинглар”. Улар эса: “Айтганингдек қил!”- дедилар.
6
Иброҳим чодирга, Соронинг ёнига шошиб кирди-да: “Тез бўл, уч сеҳа энг яхши ун олиб, хамир қоргин ва нон қилгин”,- деди.
7
Сўнг Иброҳим пода томон югурди-да, битта яхши ёш бузоқни олиб, хизматчи йигитга берди. У эса тайёрлашга шошилди.
8
У сариёғ ва сутни ҳамда тайёрланган бузоқни олиб, уларнинг олдига қўйди. Улар овқатланар эканлар, Иброҳим дарахтнинг тагида турди.
9
Улар Иброҳимдан: “Хотининг Соро қаерда?”-деб сўрашди. “Шу ерда, чодирда”,- деди Иброҳим.
10
Улардан Бири: “Келгуси йил шу вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, хотининг Соро ўғилли бўлади”,- деди. Сора унинг орқасида, чодирга кириш жойининг ёнида бу суҳбатни эшитиб турарди.
11
Иброҳим билан Соро қариб қолишган ва кекса ёшда эдилар. Сорода ҳам аёлларда бўладигани тўхтаган эди.
12
Шунинг учун Соро: “Қариганимда бу лаззатни тотар эканманми? Хўжайиним ҳам қариб қолган”,- деб ичида кулди.
13
Раббий Иброҳимга деди: “Нима учун Соро: Мен қариб қолганимда, бола туға оламанми,- деб кулди?
14
Раббий учун қийин нарса борми? Келгуси йил белгиланган вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, Соро ўғилли бўлади”.
15
Соро эса: “Кулганим йўқ”,- деб инкор қилди, чунки у қўрқиб кетган эди. Лекин У: “Йўқ, кулдинг!”- деди.
16
Бу кишилар у ердан туриб, Садўм томонга йўл олдилар. Иброҳим эса уларни кузатиб қўйиш учун улар билан кетди.
17
Шунда Раббий деди: “Қиладиган ишимни Иброҳимдан яшираманми?
18
Иброҳимдан буюк ва кучли халқ ҳақиқатан ҳам келиб чиқади. Ер юзидаги барча халқлар унда барака топадилар.
19
Зеро у ўз ўғилларига ҳамда уй аҳлига ҳақлик ва одилликни амалга ошириш билан Раббийнинг йўлидан боришни буюрсин, деб Мен уни танлаганман. Шунинг учун Раббий Иброҳимга айтганларини бажо келтиради”.
20
Сўнг Раббий деди: “Садўм ва Ғамўранинг фарёди улкан, уларнинг гуноҳлари жуда оғир.
21
Мен тушиб бориб қарайман. Ҳақиқатан ҳам, фарёдлари Менга етиб келганидек, улар ҳаракат қиляптиларми ёки йўқми, билайин”.
22
У кишилар бурилиб, Садўмга кетдилар, Иброҳим эса ҳали Раббийнинг олдида турар эди.
23
Иброҳим яқинлашиб деди: “Наҳотки Сен ҳақ одамни бетавфиқ билан бирга ҳалок қилсанг?
24
Балки бу шаҳар ичида элликта ҳақ одам бордир. Наҳотки, ўша элликта ҳақ одам ҳақи бу жойни аямасдан ҳалок қилсанг?
25
Бундай қилиш Сендан йироқдир. Ҳақ одамни бетавфиқ билан бирга қириш, ҳақнинг қисматини бетавфиқникидек қилиш Сендан йироқдир. Бутун ернинг Ҳаками одил иш қилиши керак эмасми?”
26
Раббий: “Агар Мен Садўм шаҳрида элликта ҳақ одамни топсам, улар ҳақи бу жойни аяйман”,- деди.
27
Иброҳим жавоб бериб деди: “Мана, мен тупроқ ва кул бўла туриб, Раббимга гапиришга журъат этдим.
28
Агар элликта ҳақ одамга бешта етишмаса, шу бешта етишмагани учун бутун шаҳарни ҳалок қиласанми?” Раббий эса: “Агар бу ерда қирқ бешта ҳақ одамни топсам, уни вайрон қилмайман”,- деди.
29
Иброҳим яна Унга гапиришда давом этиб: “Борди-ю, у ерда қирқта топилса-чи?”- деди. “Шу қирқта ҳақи бу ишни қилмайман”,- деб жавоб берди Раббий.
30
Иброҳим яна: “Айтадиган сўзимга Раббим ғазабланмасин-у, мабодо, у ерда ўттизта топилса-чи?”- деди. Раббий: “Агар у ерда ўттизта топсам ҳам, бу ишни қилмайман”,- деди.
31
Иброҳим: “Мана, мен Раббимга гапиришга кўп журъат қилдим, борди-ю, у ерда йигирмата топилса-чи?”- деди. Раббий эса: “Ўша йигирмата ҳақи бу жойни вайрон қилмайман”,- деди.
32
Иброҳим Унга: “Мен яна бир марта сўзласам, Раббим дарғазаб бўлмасин, борди-ю, у ерда ўнта топилса-чи?”- деди. Раббий: “Ўша ўнта ҳақи бу жойни вайрон қилмайман”,- деди.
33
Раббий Иброҳим билан суҳбатлашиб бўлгач, Ўз йўлида кетди. Иброҳим эса ўз жойига қайтиб кетди.