1
Бу икки фаришта кечқурун Садўмга келдилар. Лўт шаҳар дарвозаси ёнида ўтирар эди. Лўт уларни кўриши биланоқ қарши олиш учун ўрнидан туриб, юзи билан ергача таъзим қилди.
2
”Менинг эгаларим! Қулингизнинг уйига кириб тунанглар, оёқларингизни ювинглар. Эрталаб туриб, яна ўз йўлингизга кетасизлар”,- деди у. Улар эса: “Йўқ, биз кўчада тунаймиз”,- дедилар.
3
Лўт эса улардан жуда қаттиқ ўтинди. Шунда улар бурилиб, унинг уйига кирдилар. Лўт улар учун зиёфат тайёрлаб, ачитқисиз нон пиширди ва улар едилар.
4
Шу орада, улар ётишларидан олдин, Садўм шаҳрининг аҳолиси (ёшидан тортиб қарисигача) шаҳарнинг ҳар бир ҳудудидан келиб, Лўт уйининг атрофини ўраб олдилар.
5
Улар Лўтни чақириб: “Бугун кечқурун олдингга келган одамлар қани? Уларни бизнинг олдимизга олиб чиқ, уларни таниб билайлик!”- дедилар.
6
Лўт эса уларнинг олдига, остонага чиқиб, ортидан эшикни ёпди-да:
7
”Биродарлар, ёмонлик қилманглар!
8
Мана, эрни билмаган икки қизим бор. Яхшиси, мен уларни олдингизга чиқарай, улар билан истаганларингни қилинглар. Фақат бу одамларга ҳеч нарса қилманглар, чунки улар менинг томим соясига келганлар”,- деди.
9
Улар эса: “Йўлдан қоч! Ўзи мусофир-у, бизни яна ҳукм қилишни истайди! Энди сени улардан кўра ёмонроқ аҳволга соламиз”,- дедилар-да, Лўтни жуда сиқдилар ва эшикни синдириш учун яқинлашдилар.
10
Ичкаридаги одамлар қўл чўзиб, Лўтни уйга тортиб олдилар ва эшикни қулфладилар.
11
Сўнг уйнинг эшиги олдида бўлган одамларни – каттаю кичигини эса кўрлик билан шикастладилар. Шунда улар эшикни излаб қийналдилар.
12
Бу одамлар Лўтга: “Бу шаҳарда сенинг яна киминг бор? Куёвингми, ўғлингми, қизингми – шаҳарда киминг бўлса, ҳаммасини бу ердан олиб чиққин.
13
Чунки биз бу ерни вайрон қиламиз. Зеро унинг аҳолиси устидан Раббийга фарёд улкандир. Раббий бизни бу ерни вайрон қилиш учун юборди”,- дедилар.
14
Лўт чиқди-да, қизларига уйланган куёвлари билан суҳбатлашиб: “Туринглар, бу ердан чиқиб кетинглар, чунки Раббий бу шаҳарни вайрон қилмоқчи”,- деди. Лекин куёвларига у ҳазил қилаётгандек туюлди.
15
Тонг отгач, фаришталар Лўтга: “Ўрнингдан тур, бу шаҳарнинг гуноҳи туфайли ҳалок бўлмаслигинг учун ёнингда бўлган хотинингни ва икки қизингни олиб кет”,- деб айтиб, уни шоширдилар.
16
Лўт сусткашлик қилганида, унга Раббийнинг шафқати ҳақи фаришталар унинг қўлидан, хотинининг қўлидан ва икки қизининг қўлидан ушлаб, шаҳарнинг ташқарисига чиқариб қўйдилар.
17
Уларни ташқарига чиқараётганларида, фаришталардан бири Лўтга: “Жонингни қутқар! Ортингга қарама ҳам, бу яқин ўртада тўхтама ҳам. Ҳалок бўлмаслигинг учун тоққа қоч”,- деди.
18
Аммо Лўт унга деди: “Йўқ, Эгам!
19
Мана, қулинг сенинг нигоҳингда илтифот топди! Менинг ҳаётимни сақлаб кўрсатган шафқатинг улуғдир! Бироқ ушбу кулфат менга етиб олиб, мен ўлмаслигим учун мен тоққа қоча олмайман.
20
Мана, бу шаҳарча югуришга яқин, у кичкинадир. Мен ўша ерга югурсам бўладими? Шу шаҳарча кичкинадирку, ва менинг жоним тирик қолади”,- деди.
21
Фаришта эса Лўтга: “Хўш, сен айтгандай бўлсин, ўша шаҳарни вайрон қилмайман.
22
Бироқ шошил, у ерга қочгин. Чунки сен у ерга етиб бормагунингча, мен ҳеч нима қила олмайман”,- деди. Шунинг учун бу шаҳарнинг номи Тсўар, деб аталган.
23
Қуёш чиқаётганида, Лўт Тсўарга етиб келди.
24
Раббий Садўм билан Ғамўра устига осмондан олов ва олтингугурт ёғдириб,
25
бу шаҳарлар, уларнинг ён-атрофлари, бу шаҳарларнинг бор аҳолиси ва ернинг ўсимликларини яксон қилди.
26
Лўтнинг хотини эса унинг ортидан орқага қаради ва туз устунига айланди.
27
Иброҳим эрталаб барвақт уйғониб, у Раббийнинг қаршисида турган жойга борди.
28
У Садўм, Ғамўра ҳамда текисликдаги ерларга қаради. Мана, ўчоқдан чиқаётгандек ўша ердан тутун кўтарилар эди.
29
Худо текисликдаги шаҳарларни вайрон қилаётганида, Иброҳимни эслади. Шунинг учун Лўт яшаётган шаҳарларни вайрон қилаётганида, У вайронгарчилик орасидан Лўтни чиқариб юборди.
30
Лўт Тсўар шаҳридан чиқиб, икки қизи билан тоғда яшай бошлади. Чунки у Тсўарда яшашдан қўрқди. Шунинг учун у икки қизи билан ғорда истиқомат қила бошлади.
31
Бир куни Лўтнинг катта қизи кичигига деди: “Отамиз қариб қоляпти, бутун ер юзидаги одатга кўра эса бизнинг олдимизга кирадиган эркак йўқ.
32
Кел, отамизга шароб ичириб, у билан ётамиз, токи отамиздан уруғ қолдирайлик”.
33
Ўша тунда улар оталарига шароб ичирдилар. Катта қизи кириб, отаси билан ётди. У эса қизининг қачон ётиб, қачон турганини билмади.
34
Эртасига катта қизи кичигига: “Мен ўтган кеча отам билан ётдим. Бу кеча унга яна шароб ичирамиз, бу гал сен кириб, у билан ёт, токи отамиздан уруғ қолдирайлик”,- деди.
35
Улар бу тун ҳам оталарига шароб ичирдилар. Кичиги бориб, отаси билан ётди. Отаси эса қизининг қачон ётиб, қачон турганини билмади.
36
Шундай қилиб, Лўтнинг иккала қизи ҳам ўз оталаридан ҳомиладор бўлдилар.
37
Катта қизи ўғил туғиб, унинг исмини Мўаб қўйди. У бугунгача Мўаб халқининг отасидир.
38
Кичик қизи ҳам ўғил туғиб, унинг исмини Бен-Амми қўйди. У бугунгача Аммўн ўғилларининг отасидир.