20-боб

1 Иброҳим у ердан жануб томонга кўчиб, Қадеш билан Шур орасида жойлашди ва вақтинча Гарорда яшаб турди. 2 Иброҳим хотини Соро ҳақида: “Бу менинг синглим”,- деб айтгани учун Гарор подшоҳи Абумалек одам юбориб, Сорони олди. 3 Аммо тунда Худо Абумалекка тушида келиб, унга: “Мана, сен олган аёл учун ўласан, чунки унинг эри бор”,- деди. 4 Абумалек эса Сорога яқинлашмаган эди. У деди: “Ё, Раббий! Наҳотки Сен бегуноҳ халқни ҳам ҳалок қилсанг? 5 Унинг ўзи менга: Бу менинг синглим,- деган эмасмиди? Аёлнинг ўзи ҳам: Бу менинг акам,- деган эди. Мен буни юрагимнинг соддалиги ва қўлларимнинг поклигида қилдим”. 6 Сўнг Худо унга тушида деди: “Сен буни юрагингнинг соддалигида қилганингни билиб, сени Менга қарши гуноҳ қилишдан сақладим. Шунинг учун унга қўл тегизишингга йўл қўймадим. 7 Энди хотинини эрига қайтариб бер, чунки у пайғамбардир. У сен учун ибодат қилади ва сен тирик қоласан. Агар қайтариб бермасанг, билгинки, сен ва ҳамма сеникилар аниқ ўласизлар”. 8 Шунда Абумалек эрталаб барвақт туриб, ўзининг барча қулларини чақиртирди ва бу сўзларнинг барчасини уларнинг қулоқларига сўзлаб берди. Бу одамлар эса жуда қўрқиб кетдилар. 9 Сўнг Абумалек Иброҳимни чақиртириб унга деди: “Сен бизга нима қилдинг? Мен сенга нима ёмонлик қилдимки, сен мени ва менинг шоҳлигимни қарийб буюк гуноҳга ботирдинг? Сен менга нисбатан қилиш мумкин бўлмаган ишни қилдинг”. 10 Абумалек Иброҳимга яна: “Сен бу ишни қилганингда, нимани назарда тутган эдинг?”- деди. 11 Иброҳим эса деди: “Мен, бу жойда Худодан қўрқиш йўқ ва мени хотиним учун ўлдирадилар, деб ўйладим. 12 Яна, ҳақиқатан ҳам, у менинг синглим – у менинг отамнинг қизи, фақат онамнинг қизи эмас. У менинг хотиним бўлди. 13 Худо менга отамнинг уйидан чиқиб, мусофир кезишга бошқарганида, мен хотинимга деган эдим: Менга қиладиган яхшилигинг шу бўлсин, биз қайси жойга келмайлик, ҳамма жойда мен ҳақимда: Бу менинг акам,- деб айтгин”. 14 Шунда Абумалек қўйлар, ҳўкизлар, қуллар ва чўриларни олиб, Иброҳимга берди. Шунингдек, хотини Сорони ҳам қайтариб берди. 15 Сўнг Абумалек: “Мана, менинг ерим сенинг қаршингда, ўзингга маъқул бўлган жойда яша”,- деди. 16 Сорога эса: “Мана, мен сенинг акангга минг кумуш танга бердим. Бу – сен билан бўлганларнинг барчаси олдида сенинг ёпинғичингдир. Сен ҳамманинг олдида оқландинг”,- деди. 17 Сўнгра Иброҳим Худога ибодат қилди ва Худо Абумалекни, унинг хотинини ҳамда унинг чўриларини шифолади, шунда улар туға бошладилар. 18 Зеро Худо Иброҳимнинг хотини Соро учун Абумалекнинг хонадонидаги барча қоринларни ёпиб қўйган эди.