21-боб

1 Раббий Ўзи айтганидек Сорога назар солди. Шундай қилиб, Раббий Сорога айтганидек қилди. 2 Соро эса ҳомиладор бўлиб, Худо Иброҳимга белгилаган вақтда, унинг қариган чоғида унга ўғил туғиб берди. 3 Иброҳим Соро унга туғиб берган ўғлининг исмини Исҳоқ қўйди. 4 Худо Иброҳимга буюрганидек, у ўғли Исҳоқни саккиз кунлигида хатна қилди. 5 Ўғли Исҳоқ туғилганида, Иброҳим юз ёшда эди. 6 Соро эса: “Худо мени кулдирди, бу ҳақда эшитган ҳар ким мен билан бирга кулади”,- деди. 7 У яна: “Ким Иброҳимга Соро болаларни кўкрак сути билан боқади, деб айтар эди? Зеро унинг қариган чоғида мен унга ўғил туғиб бердим!”- деди. 8 Бола ўсиб, кўкракдан ажратилди. Иброҳим Исҳоқ кўкракдан ажратилган куни катта зиёфат қилди. 9 Соро эса мисрлик Ҳожарнинг Иброҳимга туғиб берган ўғли мазах қилаётганини кўриб, 10 Иброҳимга: “Бу чўрини ва унинг ўғлини ҳайдаб юбор! Чунки бу чўрининг ўғли менинг ўғлим Исҳоқ билан меросхўр бўлмайди”,- деди. 11 Бу иш Иброҳимнинг нигоҳида унинг ўғли сабабли ўта қайғули эди. 12 Шунда Худо Иброҳимга деди: “Бу иш сенинг нигоҳингда ўсмир ва чўринг сабабли қайғули бўлмасин. Соро сенга айтган ҳамма нарсада унинг овозига қулоқ сол. Чунки сенинг уруғинг Исҳоқда номланади. 13 Чўрингнинг ўғлидан ҳам Мен халқ яратаман, чунки у сенинг уруғинг”. 14 Иброҳим эрталаб барвақт туриб, нон ва бир меш сув олди-да, Ҳожарга берди ва унинг ҳамда боланинг елкасига қўйиб, уларни жўнатиб юборди. Улар кетаётиб, Беир-Шеба чўлида адашиб қолишди. 15 Мешдаги сув тугади, шунда Ҳожар болани бир бутанинг тагига ташлаб кетди. 16 У кетиб, бир камон ўқи етар масофада ўтирди. Чунки у: “Боланинг ўлимини кўришни истамайман”,- деди. У рўпарада ўтирганича, фарёд кўтариб йиғлади. 17 Худо эса ўсмирнинг овозини эшитди. Худонинг фариштаси осмондан Ҳожарга хитоб қилиб деди: “Сенга нима бўлди, Ҳожар? Қўрқма, Худо ўсмирнинг овозини у турган жойдан эшитди. 18 Тургин, ўғлингни кўтариб, уни қўлидан ушла, чунки Мен ундан буюк халқ яратаман”. 19 Шунда Худо Ҳожарнинг кўзларини очди ва у суви бор қудуқни кўрди. У бориб, мешни сувга тўлдирди ва ўсмирга ичирди. 20 Худо ўсмир билан бирга эди. У улғайиб саҳрода яшай бошлади ва камон отувчи бўлди. 21 У Порон саҳросида яшар эди. Ҳожар унга Миср еридан хотин олиб берди. 22 Ўша вақтда Абумалек ва унинг қўшинлари қўмондони Пихўл Иброҳимга сўзлаб дейишди: “Сен нимаики қилсанг, Худо сен билан биргадир. 23 Энди шу ерда Худо ҳақи қасам ичгин – сен мени ҳам, менинг ўғлимни ҳам, ўғлимнинг ўғлини ҳам алдамайсан. Мен сенга нисбатан яхши муносабатда бўлганимдек, сен ҳам менга нисбатан ва сен мусофир бўлган юртимизга нисбатан яхши муносабатда бўласан”. 24 Шунда Иброҳим: “Мен қасам ичаман”,- деди. 25 Кейин Иброҳим Абумалекнинг қуллари сув қудуғини зўрлик билан тортиб олганлари учун Абумалекка таъна қилди. 26 Абумалек эса: “Ким бу ишни қилганини билмайман, сен ҳам менга айтган эмассан, мен бу ҳақида ҳанузгача эшитган эмасман”,- деди. 27 Иброҳим қўйлар ва ҳўкизлар олиб, Абумалекка берди. Улар икковлари аҳд туздилар. 28 Иброҳим подадан еттита урғочи қўзини алоҳида қўйди. 29 Шунда Абумалек Иброҳимдан: “Нима учун бу еттита урғочи қўзини алоҳида қўйдинг?”- деб сўради. 30 Иброҳим: “Бу еттита урғочи қўзини менинг қўлимдан олгин, шундай қилиб, шу қўзилар бу қудуқни мен қазиганимга гувоҳ бўладилар”,- деди. 31 Шунинг учун у ўша жойни Беир-Шеба, деб атади, чунки у ерда икковлари қасам ичдилар 32 ва Беир-Шебада аҳд туздилар. Сўнгра Абумалек ва унинг қўшинлари қўмондони Пихўл туриб, Пелишт ерига қайтиб кетишди. 33 Иброҳим эса Беир-Шебада эманзор ўтқазди ва ўша жойда Раббийнинг номини – Эл-Олам (“Мангу Худо”), деб чорлади. 34 Иброҳим Пелишт ерида анча вақт мусофирдек яшади.