22-боб

1 Бу воқеалардан сўнг Худо Иброҳимни синаб, уни: “Иброҳим”,- деб чақирди. У эса: “Мана, мен”,- деди. 2 Худо эса: “Ҳозир сен ўзинг севадиган ўғлингни, ягона ўғлинг Исҳоқни олиб, Мўрийаҳ ерига бор. Ўша ерда эса Мен сенга айтадиган тоғларнинг бирида уни тамоман ёндириш қурбонлигига қурбон қил”,- деди. 3 Шунда Иброҳим эрталаб барвақт туриб, эшагини эгарлади ва ўзи билан иккита хизматкорини ва ўғли Исҳоқни олиб, тамоман ёндириш қурбонлиги учун ўтин тайёрлади. Шундай қилиб, Худо унга айтган жойга кетди. 4 Учинчи кунда эса Иброҳим кўзларини кўтариб, у жойни узоқдан кўрди. 5 Иброҳим ўзининг хизматкорларига: “Сизлар шу ерда эшак билан қолинглар, мен ўғлим билан бирга у ерга бориб сажда қиламиз, сўнг олдингга қайтиб келамиз”,- деди. 6 Иброҳим тамоман ёндириш қурбонлиги учун ўтинларни олиб, уларни ўғли Исҳоқнинг елкасига ортди, ўзи эса қўлига олов ва пичоқни олиб, икковлари бирга кетдилар. 7 Исҳоқ отаси Иброҳимга сўзлаб деди: “Отажон!” У эса: “Мана, мен, ўғлим”,- деб жавоб берди. Исҳоқ: “Мана, олов ва ўтин бор, аммо тамоман ёндириш қурбонлиги учун қўзи қани?”- деди. 8 Иброҳим эса: “Ўғлим, Худонинг Ўзи тамоман ёндириш қурбонлиги учун қўзи билан таъминлайди”,- деди. Шундай қилиб, икковлари бирга бориб, 9 Худо Иброҳимга айтган жойга келдилар. Иброҳим у ерда қурбонгоҳ қуриб, ўтин қалади ва ўғли Исҳоқни боғлаб, уни қурбонгоҳга ўтинларнинг устига ётқизди. 10 Сўнг Иброҳим қўлини чўзиб, ўғлини сўйиш учун пичоқни олди. 11 Аммо Раббийнинг фариштаси осмондан чақириб, унга: “Иброҳим! Иброҳим!”- деди. У эса: “Мана, мен”,- деди. 12 Фаришта: “Болага қўл тегизма, унга ҳеч нима қилма. Чунки Мен энди сенинг Худодан қўрқишингни билдим ва сен ўзингнинг ягона ўғлингни Мендан аямадинг”,- деди. 13 Иброҳим кўзларини кўтариб қаради ва, мана, орқада шохлари чакалакзорга ўралиб қолган қўчқорни кўрди. Иброҳим бориб, қўчқорни олиб келди ва уни ўғлининг ўрнига тамоман ёндириш қурбонлигига қурбон қилди. 14 Иброҳим бу жойнинг номини Йаҳвеҳ-Йире (“Раббий таъминлайди”), деб атади. Шунинг учун ҳозирги кунларда ҳам: “Раббийнинг тоғида таъминланади”,- дейилади. 15 Сўнг Раббийнинг фариштаси Иброҳимни осмондан яна чақириб, 16 деди: “Ўзим билан қасам ичаман,- дейди Раббий,- сен бу ишни қилганинг учун, ўзингнинг ягона ўғлингни аямаганинг учун 17 Мен сени дуо қилиб дуо қиламан. Сенинг уруғингни кўпайтириб, осмондаги юлдузлар каби ва денгиз соҳилидаги қумлар каби кўпайтираман. Сенинг уруғинг ўз душманларининг дарвозаларига эгалик қилади. 18 Сенинг уруғингда ер юзидаги барча халқлар барака топадилар, чунки сен Менинг овозимга қулоқ солдинг”. 19 Шундан сўнг Иброҳим хизматкорларининг олдига қайтиб келди. Шундай қилиб, улар биргаликда Беир-Шебага кетдилар. Иброҳим Беир-Шебада яшар эди. 20 Бу воқеалардан сўнг Иброҳимга хабар бериб дейишди: “Мана, Милка ҳам сенинг уканг Нахўрга ўғиллар туғиб берди”. 21 Нахўрнинг тўнғичи Уз, унинг укаси Буз, Кемуэл (у Арамнинг отаси бўлди), 22 Қесед, Хазо, Пилдош, Йидлоф ва Бетуэл эди. 23 Бетуэл Ривқони туғди. Мана, шу саккизта ўғилни Милка Иброҳимнинг укаси Нахўрга туғиб берди. 24 Унинг Раҳума деган чўриси ҳам унга Тебақ, Гахам, Таҳаш ва Маақаҳни туғиб берди.