1
Соро бир юз йигирма етти ёшда эди. Соронинг бор умри шунча бўлди.
2
Соро шу ёшида Канъан еридаги Қиръат-Арба яъни Хебронда оламдан ўтди. Иброҳим Соро учун йиғлаб, мотам тутиш учун келди.
3
Иброҳим марҳумасининг олдидан йироқлашди ва Хет ўғиллари олдига келиб, уларга сўзлаб деди:
4
”Мен сизларнинг орангизда мусофир ва келгиндиман. Мен марҳумамни кўз ўнгимдан кўмишим учун қабристонга ерингизнинг бир қисмини мулкимга беринглар”.
5
Хет ўғиллари эса Иброҳимга жавоб бериб:
6
”Ҳазратимиз, бизга қулоқ сол,- дедилар,- Сен бизнинг орамизда қудратли шаҳзодасан. Мақбараларимизнинг энг яхшисига марҳумангни дафн эт. Биздан бирор киши марҳумангни кўмишинг учун сендан ўз мақбарасини аямайди”.
7
Иброҳим ўрнидан туриб, бу ернинг халқига – Хет ўғилларига таъзим қилди-да,
8
уларга сўзлаб деди: “Агар марҳумамни кўз ўнгимдан кўмишимга рози бўлсангизлар, менга қулоқ солинглар: мен учун Зўхар ўғли Эфрондан илтимос қилинглар,
9
у ўзининг даласи четидаги Макпелаҳ ғорини менга берсин. Мен сизларнинг орангизда қабристонга эга бўлишим учун унинг қиймати қанча бўлса, у шу нархга берсин”.
10
Эфрон эса Хет ўғилларининг орасида ўтирган эди. Хетлик Эфрон эса Хет ўғилларига, яъни шаҳар дарвозасига келган ҳамма хетликларга эшиттириб, Иброҳимга жавоб берди:
11
”Йўқ, ҳазратим, менга қулоқ сол, мен сенга далани ҳам, ундаги ғорни ҳам инъом қиламан. Халқим ўғилларининг ҳузурида мен уни сенга инъом қиламан, ўз марҳумангни кўмгин”.
12
Иброҳим эса у ернинг халқи олдида таъзим қилди-да,
13
ўша ернинг халқига эшиттириб, Эфронга сўзлаб деди: “Илтимос, менга қулоқ сол. Сенга у дала учун пул бераман. Пулни мендан ол ва мен марҳумамни ўша ерда кўмаман”.
14
Эфрон Иброҳимга жавоб бериб:
15
”Ҳазратим, менга қулоқ сол, ернинг нархи тўрт юз кумуш шеқел, бу мен ва сен учун нима деган гап? Марҳумангни кўмавер”,- деди.
16
Иброҳим Эфронга қулоқ солиб, у Хет ўғилларига эшиттириб айтган нархни, савдогарлар муомаласида юрган тўрт юз кумуш шеқелни унга тортиб берди.
17
Шундай қилиб, Эфроннинг даласи, яъни Мамре қаршисидаги Макпелаҳда бўлган дала ва ундаги ғор, шунингдек, далада ва унинг атрофидаги ҳудудларида бўлган барча дарахтлар
18
Иброҳимнинг мулкига ўтди. Булар Хет ўғилларининг ҳузурида, шаҳар дарвозасидан кириб-чиқадиган ҳамманинг қаршисида бўлди.
19
Шундан сўнг Иброҳим хотини Сорони Мамре қаршисидаги, Макпелаҳда бўлган даласидаги ғорга кўмди. Бу ҳозирги Канъан еридаги Хеброндир.
20
Шундай қилиб, дала ва ундаги ғор Хет ўғилларидан Иброҳимга қабристон сифатида мулк қилиб берилди.