1
Иброҳим қариб ёши ўтиб қолган эди. Раббий Иброҳимга ҳамма нарсада барака ато қилди.
2
Бир куни Иброҳим ўз хонадонидаги бор мулкини идора қилувчи бош қулига деди: “Қўлингни сонимнинг остига қўйиб,
3
осмоннинг Худоси ва ернинг Худоси бўлмиш Раббий ҳақи – шу ердаги канъанлик қизларидан менинг ўғлимга хотин олиб бермаслигинг ҳақида қасам ичгин.
4
Бироқ менинг еримга, менинг қариндошларимнинг олдига бориб, ўғлим Исҳоққа хотин олиб кел”.
5
Қули эса унга: “Балки, у аёл мен билан бу ерга келишни истамас, шунда мен ўғлингни сен чиққан ерга қайтариб олиб борайми?”- деди.
6
Иброҳим унга деди: “Эҳтиёт бўл, менинг ўғлимни у ерга қайтариб олиб борма.
7
Мени отамнинг уйидан, қариндошларимнинг еридан олиб чиққан, “Шу ерни сенинг уруғингга бераман”,- деб қасам ичган Раббий осмоннинг Худоси Ўз фариштасини сенинг олдингдан юборади ва сен ўғлимга хотинни ўша ердан олиб келасан.
8
Агар у аёл сен билан келишни истамаса, сен менинг бу қасамимдан озод бўласан, фақат ўғлимни у ерга қайтариб олиб борма”.
9
Шунда қул хўжайини Иброҳимнинг сони остига қўлини қўйиб, булар ҳақида қасам ичди.
10
Сўнг қул хўжайинининг туяларидан ўнта туяни олиб, йўлга тушди. Унинг қўлида хўжайинининг ҳар хил қимматбаҳо нарсалари ҳам бор эди. У туриб Орам-Наҳарайимга, Нахўрнинг шаҳрига кетди.
11
У оқшом пайти, яъни аёллар сув тортгани чиқадиган вақтда шаҳар ташқарисидаги қудуқ ёнида туяларини чўктирди.
12
Сўнг у деди: “Ё, Раббий хўжайиним Иброҳимнинг Худоси! Бугун менга омад бер ва хўжайиним Иброҳимга шафқатингни кўрсат.
13
Мана, мен сув булоғи бошида турибман ва шаҳар аҳлининг қизлари сув тортиш учун чиқиб келмоқдалар.
14
Энди, мен: Кўзангни эгиб, мен сув ичай,- деганимда: ‘Ичинг, мен туяларингизни ҳам суғораман‘,- деб жавоб берадиган қиз қулинг Исҳоққа тайинланган келин бўлсин. Ана шундан менинг хўжайинимга шафқат кўрсатганингни билиб оламан”.
15
У гапини ҳали тугатмаган эди, мана, елкасида кўзасини кўтариб олган бир қиз келиб қолди. Унинг исми Ривқо бўлиб, у Иброҳимнинг укаси Нахўрнинг Милка исмли хотинидан туғилган ўғли Бетуэлнинг қизи эди.
16
Қизнинг кўриниши ўта гўзал бўлиб, у эр билмаган бокира эди. У булоқ бошига тушиб, кўзасини тўлдирди ва юқорига чиқди.
17
Қул унинг қаршисига югуриб бориб: “Менга кўзангдан ичишга озгина сув бер”,- деди.
18
Қиз эса: “Ичинг, ҳазратим”,- деб шошилиб кўзасини қўлига тушириб, унга ичишга сув берди.
19
Унга сув ичиргач: “Туяларингизни ҳам улар сувдан тўйгунича, сув тортиб суғораман”,- деди.
20
Сўнг шошилиб кўзасини охурга бўшатиб, яна сув тортиш учун қудуқ томонга югурди ва унинг ҳамма туяларини суғорди.
21
Бу киши эса Раббий унинг йўлини муваффақиятли қилдими ёки йўқми, билиш учун унга ҳайрат билан сўзсиз тикилиб турар эди.
22
Туялари сув ичиб бўлганидан сўнг, у киши оғирлиги ярим шеқел бўлган олтин сирға ва оғирлиги ўн шеқел бўлган иккита олтин билагузукларни олиб, ундан:
23
”Кимнинг қизисан? Отангнинг уйида биз тунашимиз учун жой борми?”- деб сўради.
24
Қиз эса унга: “Мен, Нахўрга Милка исмли хотини туғиб берган ўғли Бетуэлнинг қизиман”,- деди.
25
У яна: “Бизда етарлича сомон ва ем бор. Тунаш учун жой ҳам бор”,- деди.
26
У киши бошини эгиб, Раббийга сажда қилди
27
ва деди: “Ўз ҳақиқати ва шафқати билан хўжайинимни ташлаб кетмаган Раббий хўжайиним Иброҳимнинг Худоси муборакдир. Раббий тўғри йўл билан мени хўжайинимнинг укасининг уйига бошлаб келди”.
28
Қиз югуриб бориб, онасининг хонадонидагиларга буларни айтиб берди.
29
Ривқонинг Лабан исмли акаси бор эди. Лабан булоқ бошига, ўша одамнинг олдига югуриб чиқди.
30
У синглисининг қўлларидаги сирға ва билагузукларни кўриб, синглиси Ривқонинг: “У киши менга шундай деди”,- деганини эшитиб, ўша одамнинг олдига келди. Мана, у булоқ бошида, туяларнинг ёнида турар эди.
31
Лабан: “Кел, эй, Раббий дуо қилган одам. Нега ташқарида турибсан? Мен сенга уй, туяларинг учун жой тайёрлаб қўйдим”,- деди.
32
У киши уйга кирди. Лабан туяларнинг эгарларини ечиб, уларга сомон ва ем берди. У кишига ва у билан бирга келганларга оёқларини ювиш учун сув берди.
33
Унинг олдига ейиш учун овқат қўйдилар. Аммо у: “Ишимни сизларга айтмагунимча, овқат емайман”,- деди. Улар: “Гапир”,- дедилар.
34
Шунда у: “Мен Иброҳимнинг қулиман,- деди,-
35
Раббий менинг хўжайинимга кўплаб барака берди. Шунинг учун у буюк бўлди. Раббий унга қўй ва ҳўкизлар, кумуш ва олтинлар, қул ва чўрилар, туя ва эшаклар берди.
36
Хўжайинимнинг хотини Соро қариган чоғида унга ўғил туғиб берди. У эса ҳамма нарсасини ўғлига берди.
37
Хўжайиним менга қасам ичириб деди: “Менинг ўғлимга шу ердаги канъанлик қизлардан хотин олма,
38
балки менинг отамнинг уйига, қариндошларимникига бориб, ўғлимга хотин олиб кел”.
39
Мен хўжайинимга: “У хотин мен билан келишни истамаса-чи?”- дедим.
40
У эса менга деди: “Мен қаршисида юрган Раббий Ўз фариштасини юбориб, йўлингни муваффақиятли қилади ва сен менинг ўғлимга хотинни отамнинг уйидан, менинг қариндошларимдан оласан.
41
Қариндошларимникига борганингда, менинг қасамимдан озод бўласан. Агар улар сенга беришмаса, шунда менинг қасамимдан озод бўласан”.
42
Мен бугун қудуқ бошига келиб дедим: “Ё, хўжайиним Иброҳимнинг Раббий Худоси, Сен менинг келаётган йўлимни дуо қилсанг эди!
43
Мана, мен сув қудуғи бошида турибман. Сув тортишга чиққан қизга мен: Кўзангдан ичишга озроқ сув бер,- деганимда,
44
у менга: Ўзингиз ичинг, мен туяларингиз учун ҳам сув тортаман,- деса, Раббий хўжайинимнинг ўғлига тайинлаган келин шу бўлсин”.
45
Мен юрагимда айтиб бўлмаган эдимки, мана, Ривқо елкасида кўзаси билан чиқиб келди. У қудуққа тушиб, сув тортди ва мен унга: Менга сув ичир,- дедим.
46
У шошиб елкасидан кўзасини тушириб: Ичинг, мен туяларингизни ҳам суғораман,- деди. Мен ҳам сув ичдим, у туяларимни ҳам суғорди.
47
Мен ундан: Сен кимнинг қизисан?- деб сўрадим. У эса: Милка Нахўрга туғиб берган ўғли Бетуэлнинг қизиман,- деди. Шунда мен унга сирға ва қўлларига билагузуклар бериб,
48
тиз чўкдим ва Раббийга сажда қилиб, хўжайиним биродарининг қизини унинг ўғлига хотинликка олиб бериш учун мени тўғри йўлдан бошқарган Раббий хўжайиним Иброҳимнинг Худосига миннатдорчилик билдирдим.
49
Энди менинг хўжайинимга илтифот ва ҳаққонийлик кўрсатасизми ёки йўқми, шуни айтинглар. Буни қилмасанглар, ҳам айтинглар. Шунга қараб, мен ўнгга ёки чапга буриламан”.
50
Шунда Лабан ва Бетуэл жавоб бериб дейишди: “Бу иш Раббийдан келди. Биз сенга бирор яхши ёки ёмон сўз айта олмаймиз.
51
Мана, Ривқо сенинг қаршингда, уни олиб кет. Раббий айтганидек, у хўжайинингнинг ўғлининг хотини бўлсин”.
52
Иброҳимнинг қули уларнинг сўзларини эшитганида, ергача тиз чўкиб, Раббийга сажда қилди.
53
Сўнгра қул кумуш тақинчоқлар, олтин тақинчоқларни ҳамда кийимларни олиб Ривқога берди. Унинг онаси ва акасига ҳам қимматбаҳо совғалар берди.
54
Шунда у ҳамда у билан бирга келган одамлар еб-ичдилар ва тунаб қолдилар. Улар эрталаб турганларида, у: “Мени хўжайинимнинг олдига қўйиб юборинглар”,- деди.
55
Аммо унинг акаси ва онаси: “Қизимиз ҳеч бўлмаса, ўн кунча биз билан турсин, шундан сўнг борар”,- дедилар.
56
Қул эса уларга: “Мени ушлаб турманглар, чунки Раббий менинг йўлимни дуо қилди. Мени қўйиб юборинглар, токи мен хўжайинимнинг олдига борай”,- деди.
57
Улар эса: “Қизни чақириб, унинг фикрини сўрайлик”,- дедилар.
58
Улар Ривқони чақириб, унга: “Бу одам билан борасанми?”- дедилар. У: “Бораман”,- деди.
59
Шунда улар сингиллари Ривқони, унинг энагасини, Иброҳимнинг қулини ва унинг одамларини қўйиб юбордилар.
60
Улар Ривқони дуо қилиб, унга дедилар: “Синглимиз! Сендан мингларча, ўн мингларча фарзандлар туғилсин, сенинг наслинг душманларининг дарвозасига эгалик қилсин”.
61
Ривқо ва унинг чўрилари туриб, туяларга миндилар ва у одам билан кетдилар. Қул Ривқони олиб, ўз йўлига тушди.
62
Исҳоқ эса Беир-Лахай-Руй қудуғи йўлидан келди, чунки у жануб томондаги ерда яшар эди.
63
Оқшом чоғи Исҳоқ фикрлаш учун далага чиқди ва кўзларини кўтариб кўрдики, мана, туялар келар эди.
64
Ривқо ҳам кўзларини кўтариб, Исҳоқни кўрди ва туядан тушди.
65
У қулга деди: “Далада бизнинг рўпарамиздан келаётган киши ким?” Қул: “Бу менинг хўжайиним”,- деди. Шунда Ривқо ёпинчиғини олиб ёпинди.
66
Қул эса Исҳоққа ҳамма қилган ишларини айтиб берди.
67
Исҳоқ онаси Соронинг чодирига Ривқони олиб келиб, уни олди ва Ривқо унинг хотини бўлди. Исҳоқ уни севиб қолди ва онасининг ўлимидан юпанди.