25-боб

1 Сўнг Иброҳим яна хотин олди, унинг исми Қетуро эди. 2 Қетуро унга Зимрон, Йоқшон, Медон, Мидиан, Йишбоқ ва Шувахни туғиб берди. 3 Йоқшондан эса Шеба ва Дедон туғилди. Дедоннинг ўғиллари Ашурим, Летушим ва Леҳумим эди. 4 Мидианнинг ўғиллари Эфаҳ, Эфер, Энўх, Абидо ва Элдах эди. Буларнинг ҳаммалари Қетуронинг ўғилларидир. 5 Иброҳим бор бойлигини Исҳоққа берди. 6 Иброҳимнинг чўриларидан кўрган ўғилларига эса Иброҳим совғалар берди. Бироқ ҳали ўзи ҳаётлигидаёқ, у уларни ўғли Исҳоқдан узоқлаштириб, шарқ томонга, шарқий ерга жўнатди. 7 Иброҳим яшаган умрининг кунларининг сони бир юз етмиш беш йил эди. 8 У тўлиқ мўйсафидликда, қарилик гаштини суриб, кексайиб жон берди ва оламдан ўтиб, ўз халқига қўшилди. 9 Ўғиллари Исҳоқ ва Исмоил уни Мамре қаршисидаги хетлик Зўхарнинг ўғли Эфроннинг даласидаги Макпелаҳ ғорига кўмдилар. 10 Бу далани Иброҳим Хет ўғилларидан сотиб олган эди. Иброҳим ва унинг хотини Соро шу ерда кўмилган. 11 Иброҳимнинг ўлимидан сўнг Худо унинг ўғли Исҳоқни дуо қилди. Исҳоқ Беир-Лахай-Руйнинг ёнида яшар эди. 12 Мана, бу Иброҳимга Соронинг чўриси мисрлик Ҳожар туғиб берган Исмоилнинг насл-насаби: 13 Булар Исмоилнинг ўғилларининг исмлари, уларнинг насл-насабига кўра исмлари: Исмоилнинг тўнғичи Небайот, Кедар, Адбеэл ва Мибсом, 14 Мишмо, Думаҳ, Массо, 15 Ҳадар, Тема, Йетур, Нафиш ва Қедемаҳ. 16 Булар Исмоилнинг ўғилларидир. Мана, уларнинг қишлоқлару қароргоҳларига кўра уларнинг исмларидир. Булар қабилаларининг ўн иккита қабилабошиларидир. 17 Исмоил умр кунларининг сони юз ўттиз етти йил эди. Сўнг Исмоил жон бериб, оламдан ўтди ва ўз халқига қўшилди. 18 Улар Миср олдидаги Ашурга бориш йўлидаги Хавилаҳдан то Шургача истиқомат қилар эдилар. Улар ўз ака-укаларининг қаршисида ўрнашдилар. 19 Мана, Иброҳимнинг ўғли Исҳоқнинг насл-насаби: Иброҳимдан Исҳоқ туғилди. 20 Исҳоқ Паддон-Орамдан орамлик Бетуэлнинг қизи, орамлик Лабаннинг синглиси Ривқони хотинликка олганида, қирқ ёшда эди. 21 Исҳоқ Раббийга хотини учун ибодат қилди, чунки у бепушт эди. Раббий уни эшитди ва унинг хотини Ривқо ҳомиладор бўлди. 22 Унинг ичида болалари уриша бошладилар. Ривқо: “Агар шунақа бўлса, бу менга нима керак?”- деб, бу ҳақида Раббийдан сўрагани кетди. 23 Раббий унга: “Сенинг қорнингда иккита халқ бор, сенинг ичингдан икки тоифа халқ келиб чиқади. Бир халқ бошқасидан кучлироқ бўлади ва каттаси кичигига хизмат қилади”,- деди. 24 Ривқонинг ой куни тўлиб, туғиш вақти яқинлашди. Мана, унинг қорнидаги эгизаклар эди. 25 Биринчиси қизил, бутун танаси пўстакдек сержун чиқди, унга Эсов (“Ғадир-будур”), деб исм қўйдилар. 26 Сўнг унинг укаси, қўли билан Эсовнинг товонидан тутиб чиқди ва унга Ёқуб (“Товвони ушлаб олувчи”), деб исм қўйдилар. Улар туғилганларида, Исҳоқ олтмиш ёшда эди. 27 Болалар улғайдилар. Эсов моҳир овчи, дала одами бўлди, Ёқуб эса чодирларда яшовчи ювош одам эди. 28 Исҳоқ Эсовни севар эди, чунки унинг ўлжаси унга ёқар эди. Ривқо эса Ёқубни севар эди. 29 Бир куни Ёқуб овқат пиширди, Эсов эса тинкаси қуриб, даладан келиб қолди. 30 Эсов Ёқубга: “Менга қизилдан, шу қизилдан ейишга бер, чунки менинг мадорим қуриди”,- деди. Шунинг учун унга Эдўм (“Қизил”), деб исм ҳам қўйдилар. 31 Аммо Ёқуб: “Ҳозироқ менга тўнғичлигингни сот”,- деди. 32 Эсов эса: “Мана, мен очликдан ўляпман, менга бу тўнғичликдан нима фойда?”- деди. 33 Ёқуб: “Менга ҳозироқ қасам ич”,- деди. Эсов унга қасам ичди ва тўнғичлигини Ёқубга сотди. 34 Шунда Ёқуб Эсовга нон ва ясмиқ ошидан берди. Эсов еб-ичди ва ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди. Шундай қилиб, Эсов ўз тўнғичлигини менсимади.