1
Ер юзида Иброҳимнинг кунларидаги очарчиликдан ташқари яна очарчилик бўлди ва Исҳоқ Гарорга, Пелишт подшоҳи Абумалекнинг олдига борди.
2
Раббий унга зоҳир бўлиб деди: “Мисрга борма, Мен сенга айтадиган ерда яша.
3
Шу ерда мусофирдек яша ва Мен сен билан бирга бўлиб, сенга барака бераман. Чунки Мен барча бу ерларни сенга ва сенинг авлодингга бериб, отанг Иброҳимга берган қасамимни бажо келтираман.
4
Сенинг уруғингни осмон юлдузларидек кўпайтираман, бу ерларнинг ҳаммасини сенинг уруғингга бераман. Ернинг барча халқлари сенинг уруғингда барака топадилар.
5
Чунки Иброҳим Менинг овозимга қулоқ солди ва Мен буюрган амрларимга, буйруқларимга ҳамда қонунларимга риоя қилди”.
6
Исҳоқ Гарорда яшай бошлади.
7
Ўша ернинг аҳолиси ундан хотини ҳақида сўрадилар. У эса: “Бу менинг синглим”,- деди, чунки у: “Бу менинг хотиним”,- дейишга қўрқди. Зеро у: “Бу жойнинг аҳолиси мени Ривқо учун ўлдиради”,- деб ўйлади, чунки унинг кўриниши гўзал эди.
8
У ўша ерда узоқ вақт яшаганидан сўнг, Пелишт подшоҳи Абумалек деразадан қараб, Исҳоқ хотини Ривқо билан ўйнаётганини кўриб қолди.
9
Абумалек Исҳоқни чақириб, унга деди: “Мана, бу сенинг хотининг-ку. Қандай қилиб сен уни, синглим, деб айтдинг?” Исҳоқ унга: “Мен у учун ўлмайин, деб шундай дедим”,- деб жавоб берди.
10
Аммо Абумалек: “Бу сенинг бизга нима қилганинг? Халқимиздан бири сенинг хотининг билан қовушишига оз қолди. Шундай қилиб, сен бизни гуноҳга киритган бўлар эдинг”,- деди.
11
Абумалек бутун халққа: “Ким бу одамга ва унинг хотинига тегса, ўлимга тортилсин”,- дея амр берди.
12
Исҳоқ ўша ерда экин экиб, ўша йили юз карра ҳосил олди. Раббий унга шундай барака берди.
13
У улуғ одам бўлди. У янада юксалиб, ўта улуғвор одам бўлди.
14
Унинг қўй-эчкилари, мол подалари, хизматкорлари кўп эди. Шунинг учун пелиштликлар унга ҳасад қила бошладилар.
15
Отаси Иброҳимнинг ҳаётлик пайтида отасининг қуллари қазиган барча қудуқларни пелиштликлар кўмиб тупроққа тўлдирдилар.
16
Абумалек эса Исҳоққа: “Биздан узоқлаш, чунки сен биздан анча кучли бўлдинг”,- деди.
17
Исҳоқ у ердан узоқлашиб, Гарор водийсида чодир қурди ва ўша ерда ўрнашди.
18
Отаси Иброҳимнинг кунларида қазилган, Иброҳимнинг ўлимидан сўнг эса пелиштликлар кўмган сув қудуқларини Исҳоқ қайтадан қазиди ва уларни отаси атаган ўша номлар билан атади.
19
Исҳоқнинг қуллари водийда ер қазиб, ўша ерда тирик сув булоғини топдилар.
20
Шунда Гарор чўпонлари Исҳоқнинг чўпонлари билан: “Бизнинг сувимиз”,- деб баҳслашдилар. У қудуққа Эсек (“Баҳслаш”), деб ном берди, чунки у билан баҳслашган эдилар.
21
Яна бошқа қудуқ қазидилар, у учун ҳам баҳслашдилар. У унга Ситнаҳ (“Қаршилик”), деб ном берди.
22
Сўнг ўша ердан кўчиб, бошқа қудуқ қазиди. Бу қудуқ ҳақида бошқа баҳслашмадилар. Исҳоқ унга Рехобот (“Кенглик”), деб ном берди, чунки: “Энди Раббий бизга кенг жой берди ва биз ер юзида кўпаямиз”,- деди у.
23
У ердан эса Беир-Шебага кўчиб кетди.
24
Ўша тунда Раббий унга намоён бўлиб деди: “Мен отанг Иброҳимнинг Худосиман. Қўрқма, чунки Мен сен билан биргаман. Менинг қулим Иброҳим ҳақи сенга барака бераман ва сенинг уруғингни кўпайтираман”.
25
Шунда Исҳоқ ўша жойда қурбонгоҳ қурди ва Раббий номини чақирди. Шундай қилиб, ўша ерда чодир ёйишди. Исҳоқнинг қуллари эса қудуқ қазидилар.
26
Бир куни унинг олдига Гарордан Абумалек, унинг дўсти Ахузав ва унинг қўшинлари қўмондони Пихўл келдилар.
27
Исҳоқ уларга: “Мендан нафратланиб, ерингиздан қувганларингдан сўнг менинг олдимга нимага келдингизлар?”- деди.
28
Улар дедилар: “Раббий сен билан эканини аниқ кўрдик, шунинг учун биз ўзимизга: Сен билан бизнинг орамизда қасам бўлсин ва сен билан аҳд тузайлик,- деб айтдик.
29
Биз сенга тегмасдан, сенга фақат яхшилик қилганимиз ва сени тинчлик билан қўйиб юборганимиздек, сен ҳам бизга ёмонлик қилма. Энди сен Раббийдан дуо қилингансан”.
30
Исҳоқ эса уларга зиёфат берди, улар еб-ичдилар.
31
Эрталаб барвақт туриб, бир-бирларига қасам ичдилар. Кейин Исҳоқ уларни қўйиб юборди, улар унинг олдидан тинчлик билан қайтиб кетдилар.
32
Шу куннинг ўзида Исҳоқнинг қуллари келиб, қазиган қудуқ ҳақида хабар бериб, унга: “Биз сув топдик”,- дедилар.
33
У қудуқни Шеба, деб атади. Шунинг учун у шаҳарнинг номи ҳозирги кунларгача Беир-Шебадир.
34
Эсов қирқ ёшида ўзига хетлик Беирнинг қизи Йеҳудитни ва хетлик Элоннинг қизи Босиматни хотинликка олди.
35
Улар Исҳоқ билан Ривқога дил озори эдилар.