1
Исҳоқ қариганида, унинг кўзи хиралашиб кўрмай қолди. У тўнғич ўғли Эсовни чақириб, унга: “Ўғлим Менинг!”- деди. У эса: “Мана, мен”,- деди.
2
Исҳоқ деди: “Мана, мен қаридим, ўлиш кунимни билмайман.
3
Шунинг учун қурол-аслаҳангни, ўқдонингни ва камонингни олиб, далага бор-у, менга ов қилиб кел
4
ва мен ёқтирадиган овқатни тайёрлаб, менга ейишга келтир, токи ўлишимдан олдин жоним сени дуо қилсин”.
5
Исҳоқ ўғли Эсовга сўзлаётганида, Ривқо эшитиб қолди. Эсов ов қилиб келиш учун далага кетганида,
6
Ривқо ўғли Ёқубга деди: “Мана, мен отангнинг аканг Эсовга шундай деганини эшитдим:
7
Менга ов қилиб келиб овқат тайёрла, мен уни еб, сени ўлимим олдидан Раббим қаршисида дуо қиламан.
8
Энди, ўғлим, мен сенга буюрадиган сўзларимга қулоқ сол.
9
Подага бориб, у ердан менга иккита яхши улоқча олиб кел. Мен улардан отангга у яхши кўрадиган овқатни пишираман.
10
Сен эса уни отангга олиб кирасан, токи у еб олсин ва сени ўлими олдидан дуо қилсин”.
11
Ёқуб онаси Ривқога деди: “Акам Эсов сержун одам, мен эса териси силлиқ одамман.
12
Балки отам мени пайпаслар ва унинг нигоҳида ёлғончи бўламан-у, ўзимга дуо ўрнига лаънат орттираман”.
13
Онаси эса унга: “Сенинг лаънатинг менга бўлсин, ўғлим, фақат менинг сўзларимга қулоқ сол ва бориб, менга айтганимни олиб кел”,- деди.
14
У бориб улоқчаларни онасига олиб келди. Онаси отаси ёқтирган овқатни тайёрлади.
15
Ривқо катта ўғли Эсовнинг уйдаги ҳашаматли кийимини олиб келиб, кичиқ ўғли Ёқубга кийдирди,
16
унинг қўллари ва силлиқ бўйнини эса улоқчаларнинг териси билан қоплади.
17
Сўнг ўзи тайёрлаган овқат ва нонни ўғли Ёқубнинг қўлига берди.
18
У отасининг олдига кириб: “Отам менинг”,- деди. У: “Мана, менман. Кимсан ўғлим?”- деди.
19
Ёқуб отасига: “Мен – Эсов, сизнинг тўнғичингизман. Мен сиз айтганингиздек қилдим, туриб ўтиринг ва менинг овимдан енг, токи жонингиз мени дуо қилсин”,- деди.
20
Исҳоқ ўғлига: “Қандай қилиб шу қадар тез тутдинг, ўғлим?”- деди. У эса: “Раббий Худойингиз ўлжани менинг олдимга юборди”,- деди.
21
Шунда Исҳоқ Ёқубга деди: “Олдимга кел, мен сени пайпаслаб кўрай, ўғлим. Сен ўғлим Эсовмисан ёки йўқми?”
22
Ёқуб отаси Исҳоқнинг олдига келди. Исҳоқ уни пайпаслаб: “Овоз – Ёқубнинг овози, қўллар эса Эсовнинг қўллари”,- деди.
23
У уни танимади, чунки унинг қўллари акаси Эсовнинг қўлларидек сержун эди. Шу тариқа, уни дуо қилиб,
24
деди: “Ўғлим Эсов, сенмисан?” У жавоб бериб: “Мана, мен”,- деди.
25
Исҳоқ: “Менинг олдимга олиб кел, мен ўғлимнинг овидан ейман, токи жоним сени дуо қилсин”,- деди. Ёқуб унга олиб борди ва у еди. Унга шароб ҳам олиб келди ва у ичди.
26
Шунда отаси Исҳоқ унга: “Яқин келиб, мени ўпгин, ўғлим”,- деди.
27
У яқинлашиб, отасини ўпди. Исҳоқ унинг кийимининг ҳидини сезди ва уни дуо қилиб деди: “Мана, ўғлимнинг ҳиди, Раббий дуо қилган даланинг ҳидидек.
28
Худо сенга осмон шудрингидан, ернинг мўл ҳосилидан, шароб ва нондан тўла-тўкис қилиб берсин.
29
Сенга халқлар хизмат қилсинлар ва қабилалар сенга тиз чўксинлар. Ака-укаларинг устидан хўжайин бўл ва онангнинг ўғиллари сенга тиз чўксинлар. Сени лаънатлайдиганлар лаънатлидир, сени дуо қиладиганлар баракалидир”.
30
Исҳоқ Ёқубни дуо қилган ва Ёқуб отаси Исҳоқнинг олдидан чиққан лаҳзадаёқ акаси Эсов овдан қайтиб келди.
31
У ҳам овқат тайёрлади ва отасига олиб келиб, унга: “Отам менинг, ўрнингиздан туринг, ўғлингизнинг овидан енг, токи жонингиз мени дуо қилсин”,- деди.
32
Отаси Исҳоқ эса ундан: “Сен кимсан?”- деб сўради. У: “Мен – сизнинг ўғлингиз, сизнинг тўнғичингиз Эсовман”,- деди.
33
Исҳоқ жуда қаттиқ титраб: “Унда менга ов қилиб келган ким? Сен келишингдан олдин ҳаммасини едим ва мен уни дуо қилдим. У баракали бўлади”,- деди.
34
Эсов отасининг сўзларини эшитди-да, баланд ва ўта аччиқ фарёд қилиб, ўз отасига: “Отам менинг! Мени ҳам дуо қилинг”,- деди.
35
Аммо Исҳоқ: “Сенинг уканг айёрлик билан келиб, сенинг дуойингни олди”,- деди.
36
У эса: “Шунинг учун у Ёқуб, деб аталган эмасми? У мени иккинчи марта алдади. У тўнғичлигимни олган эди, энди эса, мана, дуойимни ҳам олди”,- деди. Сўнг яна: “Наҳотки, сиз менга дуо қолдирмадингиз?”- деди.
37
Исҳоқ Эсовга жавоб бериб: “Мана, мен уни сенинг устингдан хўжайин қилиб қўйдим ва унинг барча ака-укаларини унга қул қилиб бердим. Уни нон ва шароб билан таъминладим, сен учун нима қилай ўғлим?”- деди.
38
Аммо Эсов отасига: “Наҳотки, отам, сизнинг дуойингиз бир дона бўлса? Мени ҳам дуо қилинг, отам!”- деб айтиб, баланд овозда йиғлаб юборди.
39
Отаси Исҳоқ унга жавоб бериб деди: “Мана, сенинг яшаш жойинг серҳосил ердан ва юқоридан осмон шудрингидан бўлади.
40
Сен қиличинг билан яшайсан ва укангга хизмат қиласан. Шундай вақт келадики, қаршилик қилиб, унинг бўйинтуруғини бўйнингдан узиб ташлайсан”.
41
Эсов Ёқубдан отаси уни дуо қилгани учун нафратланди. Шунинг учун Эсов ўз юрагида: “Отам учун мотам тутиш кунлари яқинлашяпти, сўнг мен укам Ёқубни ўлдираман”,- деди.
42
Ривқога катта ўғли Эсовнинг сўзларини айтиб бердилар. Шунда у одам юбориб, кичик ўғли Ёқубни чақиртирди ва унга деди: “Мана, аканг Эсов сени ўлдирмоқчи бўлиб, ўзига таскин бериб юрган экан.
43
Шунинг учун, ўғлим, менинг сўзларимга қулоқ сол, ўрнингдан туриб Харан юртига, акам Лабаннинг олдига қочиб кет.
44
Акангнинг қахри қайтгунича, бир қанча вақт уникида яшаб тур.
45
Акангнинг жаҳли қайтгунича, сен унга қилган ишни унутгунича, ўша ерда тур. Сўнгра мен сенинг олдингга одам юбораман ва сени у ердан олиб келаман. Менга бир кунда иккаловларингдан ҳам ажралиш нима керак?”
46
Сўнгра Ривқо Исҳоққа: “Мен хетлик қизлари туфайли ҳаётдан тўйганман. Агар Ёқуб ўзига шуларга ўхшаш хетлик қизларидан, шу ернинг қизларидан хотин олса, менга ҳаётнинг нима кераги бор?”- деди.