28-боб

1 Исҳоқ Ёқубни чақириб, уни дуо қилди ва унга буюриб деди: “Ўзингга Канъан қизларидан хотин олма. 2 Бироқ туриб Паддон-Орамга, онангнинг отаси Бетуэлнинг уйига бор. Ўша ердан, онангнинг акаси Лабаннинг қизларидан ўзингга хотин ол. 3 Қодир Худо сенга барака берсин, серпушт қилсин, кўпайтирсин ва сендан кўплаб халқлар келиб чиқсин. 4 Сенга ва сенинг уруғингга Иброҳимнинг баракасини берсин, токи сен Худо Иброҳимга берган мусофирлик ерини мерос қилиб ол”. 5 Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни қўйиб юборди. У Паддон-Орамга, Ёқуб ва Эсовнинг онаси Ривқонинг акаси орамлик Бетуэлнинг ўғли Лабаннинг олдига кетди. 6 Эсов эшитдики, отаси Ёқубни дуо қилиб, унга: “Ўзингга Канъан қизларидан хотин олма”,- деб амр бериб, уни Паддон-Орамга ўша ердан ўзига хотин олиш учун юборибди. 7 Ёқуб ўз отасига ва онасига қулоқ солиб, Паддон-Орамга кетибди. 8 Эсов эса Канъан қизларининг отаси Исҳоққа маъқул эмаслигини кўргач, 9 Исмоилнинг олдига борди ва хотинлари устига Иброҳимнинг ўғли, Небайотнинг синглиси, Исмоилнинг қизи Махалатни ўзига хотинликка олди. 10 Ёқуб эса Беир-Шебадан чиқиб, Харан томонга қараб кетди. 11 Бир жойга келиб, ўша ерда тунашга қолди, чунки қуёш ботган эди. Ўша жойдан бир тошни олиб, ўзига ёстиқ қилиб қўйди ва ухлашга ётди. 12 У туш кўрди: Мана, нарвон ерда турар, унинг тепаси осмонга тегиб турар эди. Мана, Худонинг фаришталари ундан чиқиб-тушар эдилар. 13 Мана, Раббий унинг тепасида туриб шундай дер эди: “Мен Раббий, сенинг отанг Иброҳимнинг Худоси ва Исҳоқнинг Худосиман. Сен ётган ерни Мен сенга ва сенинг уруғингга бераман. 14 Сенинг уруғинг ер тупроғидек бўлади. Сен ғарбга ва шарққа, шимолга ва жанубга тарқаласан. Ернинг барча қабилалари сенда ва сенинг уруғингда барака топадилар. 15 Мана, Мен сен билан биргаман. Сен қаерга борсанг, ўша ерда сени асрайман ҳамда шу ерга қайтариб олиб келаман. Зеро сенга айтганимни амалга оширмагунимча, Мен сени ташлаб кетмайман”. 16 Ёқуб уйқусидан уйғониб: “Ҳақиқатан ҳам, Раббий шу жойда! Мен эса буни билмас эдим”,- деди. 17 У қўрқиб кетди ва деди: “Бу жой нақадар даҳшатли! Бу жой Худонинг уйи экан, бу – осмоннинг дарвозасидир”. 18 Ёқуб эрталаб барвақт туриб, бошига ёстиқ қилиб қўйган тошни олди, уни ёдгорлик қилиб қўйди ва унинг устига мой қуйди. 19 Ўша жойнинг номини Бейт-Эл (“Худонинг Уйи”), деб атади, у шаҳарнинг олдинги номи Луз эди. 20 Ёқуб шундай деб аҳд қилди: “Агар Худо мен билан бирга бўлса, мен кетаётган бу йўлда мени асраса, менга ейишга нон, кийишга кийим берса, 21 мен отамнинг уйига тинчлик билан қайтиб келсам, агар Раббий менинг Худойим бўлса, 22 мен ёдгорлик қилиб қўйган бу тош Худонинг уйи бўлади. Сен менга берадиган ҳамма нарсадан мен Сенга ушр бераман”.