1
Ёқуб ўрнидан туриб, шарқ ўғиллари юртига кетди.
2
Бир куни кўрдики, мана, далада қудуқ ва у ерда уч пода қўйлар ётар эди, чунки шу қудуқдан қўраларни суғорар эдилар. Қудуқнинг оғзида катта тош бор эди.
3
Ҳамма қўралар у ерда тўпланганида, тошни қудуқнинг оғзидан тушириб, қўйларни суғорар эдилар. Сўнгра тошни яна ўз жойига, қудуқнинг оғзига қўяр эдилар.
4
Ёқуб уларга: “Биродарлар! Қаердансизлар?”- деди. Улар: “Биз Харанданмиз”,- дедилар.
5
У эса улардан: “Нахўр ўғли Лабанни биласизларми?”- деб сўради. Улар жавобан: “Биламиз”,- дедилар.
6
У уларга яна: “У киши соғ-саломатми?”- деди. Улар: “Соғ-саломат,- дедилар,- мана, унинг қизи Роҳила қўзилари билан келяпти”.
7
Ёқуб эса деди: “Мана, кун ҳали узун, подаларни тўплаш вақти эмас, қўзиларни суғоринглар-у, бориб ўтлатинглар”.
8
Улар: “Ҳамма подалар тўпланмагунларича ва қудуқнинг оғзидан тошни туширмагунларича, бундай қила олмаймиз, ўшандагина қўйларни суғорамиз”,- дедилар.
9
У улар билан суҳбатлашиб турганида, Роҳила отасининг қўйлари билан келди, чунки у уларни ўтлатар эди.
10
Ёқуб онасининг акаси Лабаннинг қизи Роҳилани ва онасининг акаси Лабаннинг қўйларини кўрганида, яқинлашди ва қудуқнинг оғзидан тошни тушириб, онасининг акаси Лабаннинг қўйларини суғорди.
11
Ёқуб Роҳилани ўпди ва баланд овоз билан йиғлаб юборди.
12
Ёқуб Роҳилага отасининг қариндоши эканини ва Ривқонинг ўғли эканини айтди. У эса югуриб бориб отасига айтди.
13
Лабан синглисининг ўғли Ёқуб ҳақида эшитганида, югуриб чиқиб уни қарши олди, қучоқлаб ўпди ва уйига олиб кирди. У Лабанга буларнинг ҳаммасини айтиб берди.
14
Лабан эса унга: “Сен ҳақиқатан ҳам менинг суягим ва менинг этимсан”,- деди. Ёқуб уникида бир ойларча яшади.
15
Сўнг Лабан Ёқубга: “Наҳотки, сен қариндошим бўлганинг учун менга текин хизмат қилсанг? Менга айт, ҳақига нима тўлай?”- деди.
16
Лабаннинг иккита қизи бор эди. Каттасининг исми Леаҳ, кичигининг исми эса Роҳила эди.
17
Леаҳнинг кўзлари заиф эди, Роҳила хушқомат ва чеҳраси гўзал эди.
18
Ёқуб Роҳилани севиб қолди. Шунинг учун у: “Мен сизга кичик қизингиз Роҳила учун етти йил хизмат қиламан”,- деди.
19
Лабан жавобан: “Уни бошқа бировга бергандан кўра, сенга берганим маъқулдир. Меникида яша”,- деди.
20
Ёқуб Роҳила учун етти йил хизмат қилди. Бу муддат унга бир неча кундек туюлди, чунки у Роҳилани севар эди.
21
Сўнг Ёқуб Лабанга деди: “Менга хотинимни беринг, чунки унинг олдига кириш вақтим келди”.
22
Лабан ўша жойнинг ҳамма одамларини чақириб зиёфат қилди.
23
Кечқурун эса Лабан қизи Леаҳни олиб, унинг олдига киритди. Ёқуб уни таниб-билди.
24
Лабан ўз чўриси Зилпаҳни қизи Леаҳга чўриликка берди.
25
Ёқуб эрталаб қараса, бу Леаҳ эди. У Лабанга: “Сиз менга нима қилдингиз? Сизникида Роҳила учун хизмат қилган эмасмидим? Нима учун мени алдадингиз?”- деди.
26
Лабан эса деди: “Бизнинг еримизда бундай қилишмайди, кичигини каттасидан олдин турмушга беришмайди.
27
Буниси билан ҳафтани ўтказ, сўнгра яна бошқа етти йил қиладиган хизматинг эвазига унисини ҳам сенга берамиз”.
28
Ёқуб шундай қилди ва буниси билан ҳафтани ўтказди. Сўнг Лабан қизи Роҳилани унга хотинликка берди.
29
Лабан чўриси Билхаҳни қизи Роҳилага чўриликка берди.
30
Ёқуб Роҳиланинг олдига ҳам кирди. У Роҳилани Леаҳдан кўра кўпроқ севар эди. У Лабанникида яна етти йил хизмат қилди.
31
Раббий Леаҳнинг севимли эмаслигини кўриб, унинг қорнини очди. Роҳила эса бепушт эди.
32
Леаҳ ҳомиладор бўлиб ўғил туғди, унинг исмини Рубен (“Ўғлингни кўргин”) қўйди: “Чунки,- деди у,- Раббий менинг сиқилишимни кўрди, энди эрим мени сева бошлайди”.
33
У яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғиб: “Раббий менинг севимли эканлигимни эшитиб, буни ҳам берди”,- деди. Унга Шимўн (“Эшитилган”), деб исм қўйди.
34
У яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғиб: “Мана, энди эрим менга ёпишиб қолади, чунки мен унга учта ўғил туғиб бердим”,- деди. Шунинг учун у Леви (“Ёпишилган”), деб аталди.
35
У яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғиб: “Мана, энди мен Раббийни шарафлайман!”- деди. Шунинг учун унга Яҳудо (“Йаҳвеҳ шуҳратлансин”), деб исм қўйди. Сўнг туғишдан тўхтади.