1
Роҳила Ёқубга болалар туғмаётганини кўрди-да, ўз опасига ҳасад қилиб, Ёқубга деди: “Менга бола беринг, акс ҳолда мен ўламан”.
2
Ёқубнинг Роҳиладан жаҳли чиқиб: “Мен сенинг қорнингга ҳомила бермаган Худоманми?”- деди.
3
У эса: “Мана, менинг чўрим Билхаҳ. Унинг олдига киринг, у менинг тиззамларимда туғсин, токи мен у орқали болага эга бўлайин”,- деди.
4
Шундай қилиб, Роҳила чўриси Билхаҳни унга хотин қилиб берди ва Ёқуб унинг олдига кирди.
5
Билхаҳ ҳомиладор бўлиб, Ёқубга ўғил туғиб берди.
6
Шунда Роҳила: “Худо мен учун ҳакам бўлди ва менинг овозимни эшитиб, менга ўғил берди”,- деди. Шунинг учун унга Дан (“Ҳакам”), деб исм қўйди.
7
Роҳиланинг чўриси Билхаҳ яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга яна ўғил туғиб берди.
8
Ўшанда Роҳила: “Опам билан улуғ урушда жанг қилиб, уни енгдим”,- деди ва унга Нафтали (“Урушим”), деб исм қўйди.
9
Леаҳ туғишдан тўхтаганини кўриб, чўриси Зилпаҳни олди ва уни Ёқубга хотинликка берди.
10
Леаҳнинг чўриси Зилпаҳ Ёқубга ўғил туғиб берди.
11
Шунда Леаҳ: “Омад келди”,- деди ва унга Гад (“Омад”), деб исм қўйди.
12
Леаҳнинг чўриси Зилпаҳ Ёқубга иккинчи ўғилни туғиб берди.
13
Шунда Леаҳ: “Мен бахтлиман, чунки мени аёллар бахтиёр, деб атайдилар”,- деди ва унга Ашер (“Бахтли”), деб исм қўйди.
14
Рубен буғдой йиғим-терими вақтида бориб, далада меҳригиёҳ топди. У буларни онаси Леаҳга олиб келди. Шунда Роҳила Леаҳга: “Ўғлингнинг меҳригиёҳларидан менга бер”,- деди.
15
Лекин Леаҳ унга: “Эримга эгалик қилишинг сенга озми-ки, сен ўғлимнинг меҳригиёҳларига ҳам эгалик қилмоқчисан?”- деди. Роҳила эса: “Ўғлингнинг меҳригиёҳлари учун бу тун у сен билан ётсин”,- деди.
16
Ёқуб оқшомда даладан келди ва Леаҳ унга пешвоз чиқиб деди: “Менинг олдимга киринг, чунки мен сизни ўғлимнинг меҳригиёҳларига сотиб олдим”. Ёқуб бу тун у билан ётди.
17
Худо Леаҳни эшитди ва у ҳомиладор бўлиб, Ёқубга бешинчи ўғилни туғиб берди.
18
Леаҳ: “Мен чўримни эримга берганим учун Худо мени мукофотлади”,- деди ва унга Иссохор (“Мукофот олиб келади”), деб исм қўйди.
19
Леаҳ яна ҳомиладор бўлди ва Ёқубга олтинчи ўғилни туғиб берди.
20
Шунда Леаҳ: “Худо менга ажойиб инъом берди. Энди менинг эрим мен билан яшайди, чунки мен унга олтита ўғил туғиб бердим”,- деди ва унга Забулун (“Бирга истиқомат қилаётган”), деб исм қўйди.
21
Сўнгра Леаҳ қиз туғиб, унга Динаҳ, деб исм қўйди.
22
Худо Роҳила ҳақида эслади ва уни эшитиб унинг қорнини очди.
23
У ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Шунда у: “Худо мендан шармандаликни олиб ташлади”,- деди.
24
Унга Юсуф (“Яна қўшилсин”), деб исм қўйиб: “Худо менга яна ўғилни қўшади”,- деди.
25
Роҳила Юсуфни туққанидан сўнг Ёқуб Лабанга деди: “Мени қўйиб юборинг, мен ўз жойимга ва ўз еримга қайтиб борайин.
26
Менга хотин ва болаларимни беринг ва мен борайин, чунки мен улар учун сизга хизмат қилдим. Қандай хизмат қилганимни ўзингиз биласиз”.
27
Лабан эса унга: “Кошки, мен сенинг нигоҳингда илтифот топсам эди! Раббий менга сен учун барака берганини англаяпман,- деди,-
28
Энди ўзингга мукофот тайинла ва мен сенга бераман”.
29
Ёқуб унга деди: “Мен сизга қандай хизмат қилганимни ва менинг давримда сизнинг чорвангиз қандай бўлганини ўзингиз биласиз.
30
Чунки мен келмасимдан олдин улар кам эди, сўнгра эса кўпайди. Раббий менинг келишим орқали сизга барака берди. Мен ўз уйим учун қачон ишлайман?”
31
Лабан: “Сенга нима берай”,- деди. Ёқуб эса: “Менга ҳеч нарса берманг. Фақатгина сиз менинг айтганимни қилсангиз, мен яна сизнинг қўйларингизни боқаман ва қўриқлайман.
32
Мен бугун сизнинг бутун подангиз орасидан ўтаман. Сиз уларнинг орасидан майда қора холдор ва доғли барча қўйларни, қўйлар орасидан барча қора қўзиларни, шунингдек, эчкилар орасидан ҳам доғлиларини ва майда қора холдорларини ажратинг. Шулар менга мукофот бўлади.
33
Кейинги сафар, менинг мукофотимни кўргани келганингизда – мен учун сизнинг қаршингизда менинг ҳақлигим жавоб беради: Эчкилардан майда қора холсиз ва доғсизларининг ҳаммаси, қўзилардан қўнғир бўлмагани мен томонимдан ўғирланган ҳисоблансин”,- деди.
34
Лабан: “Яхши, сен айтганча бўла қолсин”,- деди.
35
Шу куни ола-була ва доғли такаларни, майда қора холдор ва доғли эчкиларни, бир неча оқи бўлган чорванинг барчасини ва барча қора қўйларни ажратиб, ўз ўғилларининг қўлига топширди.
36
Сўнг ўзи ва Ёқуб орасида уч кунлик йўлча масофа тайинлади. Ёқуб эса Лабаннинг қолган чорваларини боқа бошлади.
37
Ёқуб кўкариб турган терак, бодом, қора қайин дарахтининг новдаларини олиб, новдаларнинг пўстлоғини оқигача шилиб, уларни йўл-йўл қилиб тилди.
38
У шилинган новдаларни чорва сув ичгани келадиган сув тоғораларига, чорванинг қаршисига қўйди. Чорва сув ичгани келганида, уруғланар эди.
39
Чорва новдалар олдида уруғланар ва қўнғир, майда қора холдор ва доғли чорва туғилар эди.
40
Ёқуб қўзиларни ажратар, чорвани Лабаннинг қўнғир ва барча қора чорваси қаршисида қўяр эди. Ўзининг чорвасини эса алоҳида тутар, уларни Лабаннинг чорваси билан бирга қўймас эди.
41
Ҳар сафар бақувват чорва уруғланганида, у новдалар олдида уруғланиши учун Ёқуб чорванинг кўзи олдида тоғораларга новдаларни қўяр эди.
42
Заиф чорва уруғланганида эса қўймас эди. Шунинг учун заифлари Лабанга, бақувватлари эса Ёқубга тегишли бўлар эди.
43
Шундай қилиб бу одам жуда-жуда бойиб кетди, унинг кўплаб чорваси, чўрилари ва қуллари, туялари ва эшаклари бор эди.