1
Ёқуб эса Лабан ўғилларининг: “Ёқуб отамизнинг ҳамма нарсасини қўлга киритди, бу бор шуҳратни отамизнинг мулкидан орттирди”,- деган сўзларини эшитди.
2
Бунинг устига, Ёқуб Лабаннинг юзига қаради ва, мана, у унга нисбатан кеча ва олдинги кундагидек эмас эди.
3
Шунда Раббий Ёқубга: “Оталарингнинг ерига ва қариндошларингнинг олдига қайтгин. Мен сен билан бирга бўламан”,- деди.
4
Ёқуб одам юбориб, Роҳила ва Леаҳни далага, чорвасининг олдига чақиртириб,
5
уларга деди: “Отангизнинг юзи менга нисбатан кеча ва ўтган кундагидек эмаслигини кўряпман. Аммо отамнинг Худоси мен билан бирга бўлди.
6
Мен отангизга бор кучим билан хизмат қилганимни ўзларингиз биласизлар.
7
Отангиз эса мени алдаб, менинг хизмат ҳақимни ўн марта ўзгартирди. Аммо Худо унинг менга ёмонлик қилишига рухсат бермади.
8
Майда холдор пода сенинг ҳақинг бўлади,- деганида, бор пода майда холдор туғди. Ола-буласи сенинг ҳақинг бўлади,- деганида, бор пода ола-була туғди.
9
Худо отангизнинг подасини тортиб олиб менга берди.
10
Бир куни чорва урчийдиган вақтда мен қараб тушимда кўрдим: Мана, чорвага чиққан эчкилар ола-була, доғли ва майда холдор эди.
11
Худонинг фариштаси тушимда мени: Ёқуб!- деб чақирди. Мен: Мана, мен,- дедим.
12
У: Кўзларингни кўтариб қара, чорвага чиққан ҳамма эчкилар ола-була, доғли ва майда холдор, чунки Лабан сенга қилаётган ҳамма ишларни кўряпман.
13
Мен сенга Бейт-Элда, сен устунга мой тўккан ва менга ваъда берган жойда намоён бўлган Худоман. Энди тур, бу ердан чиққин ва туғилган ерингга қайтгин,- деди”.
14
Роҳила ва Леаҳ унга жавобан дедилар: “Отамизнинг уйида биз учун яна улуш ва мерос қолдими?
15
У бизни бегона ҳисобламайдими? Чунки у бизни сотди ва ҳатто кумушимизни ҳам еб битирди.
16
Шунинг учун, Худо отамиздан тортиб олган ҳамма бойлик бизники ва бизнинг болаларимизникидир. Шундай экан, Худо сизга нима деган бўлса, шуни қилинг”.
17
Ёқуб туриб, хотинлари ва болаларини туяларга ўтқизди,
18
Паддон-Орамда қўлга киритган шахсий подасини, бор подасини ва бойлигини, ўзи билан олиб, Канъан ерига, отаси Исҳоқнинг олдига бориш учун кетди.
19
Лабан подаларининг жунини қирққани кетганида, Роҳила отасининг бутларини ўғирлади.
20
Ёқуб эса орамлик Лабаннинг юрагини ўғирлади, чунки ўзининг қочаётганини айтмади.
21
У ўзининг бор мулки билан кетди. Ўрнидан туриб, дарёни кечиб ўтди ва Гилъад тоғига йўналди.
22
Учинчи куни Лабанга Ёқубнинг қочиб кетганини айтишди.
23
Шунда у ўзи билан қариндошларини олиб, унинг ортидан етти кун қувди ва Гилъад тоғи ёнида уни қувиб етди.
24
Худо эса орамлик Лабанга тунда тушида келиб: “Эҳтиёт бўл, Ёқубга яхши ҳам, ёмон ҳам гапирма”,- деди.
25
Сўнг Лабан Ёқубни қувиб етди. Ёқуб ўзининг чодирини тепаликда, Лабан эса ўз қариндошлари билан Гилъад тоғида ўрнатди.
26
Лабан Ёқубга деди: “Сен нима қилдинг? Сен нима учун менинг юрагимни ўғирладинг ва менинг қизларимни қилич билан асир олинганлардек олиб кетдинг?
27
Нима учун яширинча қочиб, мендан яшириндинг ва менга айтмадинг? Мен сени қувонч билан, қўшиқлар билан, доира ва қўбиз садолари билан қўйиб юборган бўлар эдим.
28
Сен менга ҳатто қизларимни ва набираларимни ўпишимга ҳам имкон бермадинг. Сен аҳмоқона иш қилдинг.
29
Сизларга зулм қилишга менинг қўлимда куч бор, аммо оталарингнинг Худоси кеча менга сўзлаб: Эҳтиёт бўл, Ёқубга яхши ҳам, ёмон ҳам гапирма,- деди.
30
Майли, сенинг кетгинг келибди, чунки отангнинг уйида бўлишни жуда истабсан, аммо нима учун менинг худоларимни ўғирладинг?”
31
Ёқуб Лабанга жавобан деди: “Мен қўрқдим, чунки сиз мендан қизларингизни зўрлик билан тортиб оласиз, деб ўйладим.
32
Кимда худоларингизни топсангиз, у тирик қолмайди. Қариндошларингиз олдида сизнинг нимангиз мендалигини текширинг ва ўзингизга олинг”. Ёқуб эса бутларни Роҳила ўғирлаганини билмас эди.
33
Лабан Ёқубнинг чодирига, Леаҳнинг чодирига ва иккала чўриларнинг чодирларига кирди, аммо бутларни топа олмади. Сўнг Леаҳнинг чодиридан чиқиб, Роҳиланинг чодирига кирди.
34
Роҳила эса бутларни олиб, уларни туянинг эгари остига қўйди ва уларнинг устига ўтирди. Лабан эса бутун чодирни излаб топа олмади.
35
Роҳила отасига: “Сизнинг қаршингизда тура олмаётганим учун эгам ғазабланмасинлар, ҳозир аёлларда бўладиган ҳайз келиш пайтим”,- деди. Лабан эса излаб бутларни топа олмади.
36
Ёқуб ғазабланиб, Лабан билан баҳслашди. Ёқуб Лабанга сўзлашни бошлаб деди: “Менинг айбим нима ёки гуноҳим нимаки, сиз мени таъқиб қиляпсиз?
37
Сиз менинг ҳамма нарсаларимни кўздан кечирдингиз, уйингиздаги нарсалардан нимани топдингиз? Шу ерда менинг қариндошларим ва сизнинг қариндошларингиз олдида кўрсатинг, улар икковимизнинг орамизни ҳукм қилсинлар.
38
Мана, йигирма йил мен сизникида бўлдим. Сизнинг қўйларингиз ва эчкиларингиз бола ташламас эди. Мен сизнинг подангизнинг қўйларини емас эдим.
39
Ёввойи ҳайвонлар тилка-пора қилганини мен сизга олиб келмас эдим, бу зарарни ўз бўйнимга олар эдим. Қўйингиз кундузи ўғирланар эдими ёки тунда ўғирланар эдими, сиз мендан талаб қилар эдингиз.
40
Мен кундузи иссиқдан ва тунда совуқдан ўртанар эдим, менинг кўзларимдан уйқу қочар эди.
41
Сизнинг уйингиздаги менинг йигирма йилим ана шундайдир: Мен сизга иккита қизингиз учун ўн тўрт йил ва чорвангиз учун олти йил хизмат қилдим, сиз эса иш ҳақимни ўнлаб маротаба ўзгартирдингиз.
42
Агар отамнинг Худоси, Иброҳимнинг Худоси ва Исҳоқнинг қўрқуви мен билан бирга бўлмаганида эди, сиз мени ҳозир бўш қўл билан қўйиб юборган бўлар эдингиз. Худо эса менинг эзилишимни ва қўлларимнинг меҳнатини кўриб, кеча сизга танбеҳ берди”.
43
Лабан жавоб бериб Ёқубга деди: “Бу қизлар – менинг қизларим, бу болалар – менинг болаларим, бу чорва – менинг чорвам, сен кўриб турган ҳамма нарса – меники. Мен ҳозир қизларим ва улар туққан болаларига нима қила оламан?
44
Энди сен билан мен аҳд тузайлик, бу сенинг ва менинг орамизда гувоҳлик бўлсин”.
45
Ёқуб тош олиб уни устун қилиб қўйди.
46
Сўнг Ёқуб ўз қариндошларига: “Тошлар тўпланглар”,- деди. Улар тошларни келтириб, тепалик қилдилар ва ўша тепаликда овқатландилар.
47
Лабан уни Йигар-Саҳадуто, деб атади, Ёқуб эса Гилъад, деб атади.
48
Лабан: “Бугун бу тепалик сен ва менинг орамизда гувоҳдир”,- деди. Шунинг учун унга Гилъад (“Гувоҳлик тепалиги”), деб ном қўйилган.
49
Шунингдек, Миспаҳ, деб аталган, чунки Лабан: “Бир-биримиздан яширинганимизда, Раббий сени ва мени кузатсин,- деди,-
50
Агар қизларимга озор берсанг ёки қизларимнинг устига яна хотинлар олсанг, унда орамизда одам бўлмаса ҳам, қара, Худо сенинг ва менинг орамизда гувоҳдир”.
51
Лабан Ёқубга яна деди: “Мана, бу тепалик, мана, бу устун бизнинг орамизда ўрнатилди.
52
Зулм қилиш учун мен сенинг олдингга шу тепаликдан ўтмаслигимга, сен эса менинг олдимга шу тепаликдан ва шу устундан ўтмаслигингга шу тепалик гувоҳдир.
53
Иброҳимнинг Худоси, Нахўрнинг Худоси ва уларнинг отасининг Худоси бизни ҳукм қилсин”. Ёқуб отаси Исҳоқнинг қўрқуви ҳақи қасам ичди.
54
Сўнг Ёқуб тоғда қурбонлик келтириб, қариндошларини нон ейишга чақирди. Улар нон едилар ва тоғда тунадилар.
55
Лабан эрталаб барвақт турди ва набиралару қизларини ўпиб, уларни дуо қилди. Сўнг Лабан йўлга тушиб ўз жойига қайтди.