1
Ёқуб эса ўз йўлида кетди. Унга Худонинг фаришталари учрадилар.
2
Ёқуб уларни кўрганида: “Бу Раббийнинг қўшини”,- деди ва у жойнинг номини Маханайим, деб атади.
3
Ёқуб акаси Эсовга ўзидан олдин Эдўм вилоятининг Сеир ерига элчиларни юборди.
4
У уларга буюриб деди: “Менинг хўжайиним Эсовга шундай денглар: Сизнинг қулингиз Ёқуб шундай дейди: Мен Лабанникида яшадим ва шу кунгача уникида турдим.
5
Менинг қўйларим, эшакларим ва подаларим, қулларим ва чўриларим бор. Мен хўжайинимнинг олдига унинг нигоҳида иноят топиш учун хабар беришга юбордим”.
6
Элчи Ёқубга қайтиб келиб: “Биз акангиз Эсовнинг олдига келдик. У ҳам сизни қарши олгани келмоқда ва у билан бирга тўрт юз нафар одам бор”,- деди.
7
Шунда Ёқуб ўта қўрқиб сиқилди. У ўзи билан бирга бўлган одамларни, катта ва кичик молларни ва туяларни икки гуруҳга бўлиб,
8
ўз юрагида деди: “Агар Эсов бир гуруҳга ташланса ва уни қириб ташласа, бошқа қолган гуруҳ қутулиб қолиши мумкин”.
9
Сўнг Ёқуб деди: “Ё, отам Иброҳимнинг Худоси ҳамда отам Исҳоқнинг Худоси! Ё, менга: Ўз ерингга ва ўз ватанингга қайтгин, шунда Мен сенга эзгулик қиламан,- деган Раббий!
10
Сен менга кўрсатган барча шафқатинг ҳамда барча содиқлигингга мен арзимайман. Чунки мен бу Йордандан бир ҳассам билан ўтган эдим, энди эса менинг икки гуруҳим бор.
11
Мени акамнинг қўлидан, Эсовнинг қўлидан қутқар. Чунки мен унинг келиб, мени ва оналари билан бирга болаларни ўлдиришидан қўрқаман.
12
Сен айтдинг-ку: Мен сенга эзгулик қиламан ва сенинг уруғингни денгизнинг қумидек қиламан, уни кўплигидан санаб бўлмайди”.
13
Ёқуб тунни ўша ерда ўтказди. Кейин қўлида бўлган мулкидан акаси Эсовга совға ажратди. Булар:
14
икки юзта эчки ва йигирмата така, икки юзта қўй ва йигирмата қўчқор,
15
ўттизта соғин туя бўталоқлари билан, қирқта сигир ва ўнта ҳўкиз, йигирмата урғочи эшак ва ўнта эшак эди.
16
Уларни қулларининг қўлига ҳар бир подани алоҳида топширди ва қулларига: “Менинг олдимдан боринглар ва пода билан поданинг орасида масофа қолдиринглар”,- деди.
17
Биринчисига эса буюриб деди: “Менинг акам сени учратиб, сендан: Сен кимникисан? Қаерга боряпсан? Сенинг олдингдаги бу пода кимники?- деб сўраганида,
18
сен шундай дегин: Булар сизнинг қулингиз Ёқубники. Бу – менинг хўжайиним Эсовга юборилган совға. Унинг ўзи ҳам бизнинг ортимиздан келяпти”.
19
У иккинчисига ҳам, учинчисига ҳам, поданинг ортидан бораётганларнинг ҳар бирига ҳам: “Сизлар Эсовни учратганларингда, шундай сўзлашларинг керак”,- деб буюрди.
20
Яна: “Мана, қулингиз Ёқуб ҳам ортимиздан келяпти,- деб айтинглар”,- деди. Чунки Ёқуб ўзича: “Мен олдимдан бораётган совға билан унинг кўнглини юмшатаман, охирида унинг юзини кўраман, балки мени қабул қилар”,- деб ўйлар эди.
21
Шундай қилиб, совғалар ундан олдинда кетди. Ёқубнинг ўзи эса бу тунда қароргоҳда ухлади.
22
У шу тунда ўрнидан турди ва ўзининг иккита хотинини, иккита чўрисини ҳамда ўн битта ўғлини олиб, Йабоқ дарёсини кечиб ўтди.
23
У уларни дарёдан олиб ўтди ва ўзида бўлган ҳамма нарсани олиб ўтди.
24
Сўнг Ёқуб ёлғиз қолди. Кимдир у билан тонг отгунича курашди
25
ва Ёқубни енга олмаётганини кўриб, унинг сонидан тутди. Шундай қилиб, у билан курашаётганида, Ёқубнинг сони бўғимидан чиқди.
26
Кейин У: “Мени қўйиб юбор, чунки тонг отяпти”,- деди. Ёқуб эса: “Мени дуо қилмагунингча, Сени қўйиб юбормайман”,- деди.
27
Шунда Ўша унга: “Сенинг исминг нима?”- деди. У: “Ёқуб”,- деб жавоб берди.
28
У эса: “Сенинг исминг энди Ёқуб эмас, балки Исроил (“Худодек ҳукм сурадиган”) бўлади. Чунки сен Худо билан курашдинг ва одамларни енгасан”,- деди.
29
Ёқуб ҳам сўраб: “Менга исмингни айт”,- деди. У эса: “Нима учун исмимни сўраяпсан?”- деб айтиб, уни у жойда дуо қилди.
30
Ёқуб ўша жойни Пенуэл (“Худонинг юзи”), деб атади. “Мен Худони юзма-юз кўрдим ва жоним омон қолди,“ - деди у.
31
У Пенуэлдан ўтаётганида қуёш кўтарилди. Ёқуб эса бир сонида оқсар эди.
32
Шунинг учун Исроил фарзандлари ҳозирги кунларда ҳам соннинг бўғимидаги пайни емайдилар, чунки ўша Зот Ёқубнинг сонининг бўғимидаги пайга тегди.