33-боб

1 Ёқуб нигоҳини қаратди ва, мана, Эсов ҳамда у билан бирга тўрт юз нафар одам келаётганини кўрди. Шунда у Леаҳнинг, Роҳиланинг ва икки чўрининг болаларини ажратди. 2 Чўриларни ва уларнинг болаларини олдинга, Леаҳни ва унинг болаларини уларнинг ортидан, Роҳила ва Юсуфни эса энг орқага қўйди. 3 Ўзи эса уларнинг олдидан бориб, акасининг олдига келгунича, етти марта ерга тиз чўкиб таъзим қилди. 4 Эсов унинг олдига югуриб бориб уни қучоқлади, бўйнига осилиб уни ўпди ва улар йиғладилар. 5 Эсов назар ташлаб аёлларни ва болаларни кўриб: “Бу сен билан бирга бўлганлар кимлар?”- деди. Ёқуб: “Худо қулингизга сахийлик билан инъом қилган унинг болаларидир”,- деди. 6 Сўнг чўрилар ва уларнинг болалари келиб таъзим қилдилар. 7 Леаҳ ҳам болалари билан яқинлашиб таъзим қилдилар, сўнгра Юсуф Роҳила билан яқинлашди ва улар ҳам таъзим қилдилар. 8 Эсов: “Мен учратган карвон нима учун?”- деб сўради. Ёқуб эса: “Хўжайинимнинг нигоҳида илтифот топишим учун”,- деди. 9 Эсов: “Эй, укам, менинг мулким мўл-кўл. Сеники ўзингга буюрсин”,- деди. 10 Ёқуб эса деди: “Йўқ, агар мен нигоҳингизда илтифот топган бўлсам, менинг қўлимдан инъомимни қабул этинг, чунки мен сизнинг юзингизни Худонинг юзини кўргандек кўрдим ва сиз менга илтифотли бўлдингиз. 11 Илтимос, мен сизга олиб келган баракатни қабул қилинг, чунки Худо менга сахийлик қилди ва менинг ҳамма нарсам бор”. Ёқуб жуда ўтинди ва у олди. 12 Сўнгра Эсов: “Кетдик, йўлга тушамиз, мен сизларнинг олдиларингиздан бораман”,- деди. 13 Ёқуб эса унга деди: “Хўжайиним, болаларнинг нозиклигини билади, кичик ва катта қорамолим эса соғин қорамол. Уни бир кунда ҳайдасак, бор пода ўлади. 14 Хўжайиним қулининг олдидан борсин, мен эса олдимдан бораётган пода ва болаларнинг юришига қараб секин бораман ва хўжайинимнинг олдига Сеирга келаман”. 15 Эсов: “Мен билан бирга бўлган одамлардан бир нечасини сен билан бирга қолдираман”,- деди. Ёқуб: “Нима керак бу? Фақат хўжайинимнинг нигоҳида илтифот топсам бас”,- деди. 16 Шундай қилиб, Эсов шу куни ўз йўли билан Сеирга қайтди. 17 Ёқуб эса Суккотга йўл олди ва ўзига уй қуриб, чорваси учун чайлалар қурди. Шунинг учун бу жойнинг номи Суккот (“Чайлалар”), деб аталган. 18 Ёқуб Паддон-Орамдан етиб келгач, Канъан еридаги Шеқем шаҳрига келди ва шаҳар олдида чодир қурди. 19 Сўнг у Шеқемнинг отаси Ҳамўр ўғилларидан юз тангага даланинг бир қисмини сотиб олиб, ўз чодирини ёйди. 20 У ерда қурбонгоҳ ўрнатиб, бу жойни Эл-Элоҳий-Исроил, деб атади.