34-боб

1 Леаҳнинг Ёқубга туғиб берган қизи Динаҳ ўша ернинг қизларини кўргани чиқди. 2 У ернинг бошлиқларидан бири ҳивлик Ҳамўрнинг ўғли Шеқем уни кўрганида, уни олди ва уни зўрлаб у билан ётди. 3 Унинг жони Ёқубнинг қизи Динаҳга ёпишди ва қизни севиб қолиб, унга ёқимли сўзлади. 4 Шеқем отаси Ҳамўрга сўзлаб: “Шу қизни менга хотинликка олиб беринг”,- деди. 5 Ёқуб қизи Динаҳнинг номусига Ҳамўрнинг ўғли текканини эшитди. Унинг ўғиллари пода билан далада эдилар. Ёқуб улар келгунича сукут сақлади. 6 Шеқемнинг отаси Ҳамўр эса Ёқубнинг олдига суҳбатлашгани чиқди. 7 Ёқубнинг ўғиллари даладан келдилар ва буни эшитганларида қайғуриб, ўта дарғазаб бўлдилар, чунки у Ёқубнинг қизи билан ётиб, Исроилга бадномлик келтирган эди. Бундай қилиши эса мумкин эмас эди. 8 Ҳамўр уларга сўзлаб деди: “Ўғлим Шеқемнинг жони қизингизга ёпишган, уни унга хотинликка беринглар. 9 Биз билан қуда бўлинглар – бизга қизларингизни беринглар ва бизнинг қизларимизни ўзларингизга олинглар. 10 Биз билан бирга яшанглар. Бу ер олдингизда, унда яшаб савдо-сотиқ қилинглар ва уни мерос қилиб олинглар”. 11 Шеқем эса қизнинг отаси ва ака-укаларига деди: “Қани эди, нигоҳингда иноят топсам эди, мендан нимаики сўрасанглар, шуни берар эдим. 12 Энг катта қалин ва инъомлар сўранглар, нимаики десанглар, шуни бераман, фақат қизни менга хотинликка беринглар”. 13 Ёқубнинг ўғиллари Шеқемга ва унинг отаси Ҳамўрга ёлғон сўзлаб жавоб бердилар, чунки у уларнинг синглиси Динаҳнинг номусига теккан эди. 14 Уларга шундай дедилар: “Биз бундай қила олмаймиз, синглимизни хатна қилинмаганга бера олмаймиз, чунки бу биз учун шармандаликдир. 15 Фақат шу шарт билан рози бўламиз: сизлар ҳам биздек бўлинглар, яъни ҳамма эркак зоти хатна қилинсин. 16 Шунда сизларга қизларимизни берамиз ва сизлардан қизларингизни оламиз ҳамда сизлар билан бирга яшаймиз ва бир халқ бўламиз. 17 Агар хатна қилиниш учун бизга қулоқ солмасангизлар, биз қизимизни олиб кетамиз”. 18 Уларнинг ушбу сўзлари Ҳамўрга ва Ҳамўрнинг ўғли Шеқемга ёқди. 19 Йигит бу ишни қилишни кечиктирмади, чунки Ёқубнинг қизини севар эди. У эса отасининг хонадонидагилар ичида энг обрў-ҳурматга сазовор эди. 20 Ҳамўр ва унинг ўғли Шеқем ўз шаҳарлари дарвозаси олдига келиб, шаҳар аҳлига сўзлаб дедилар: 21 “Бу одамлар биз билан тинч-тотувликда, шунинг учун улар бу ерда яшасинлар ва савдо-сотиқ қилсинлар, чунки ер улар учун етарлича кенг. Биз уларнинг қизларини хотинликка олайлик, қизларимизни эса уларга берайлик. 22 Уларнинг фақат битта шарти бор: агар орамиздан ҳар бир эркак зоти, улар хатна қилингандек, хатна қилинса, биз билан бирга яшашга ва биз билан бир халқ бўлишга рози бўлмоқдалар. 23 Уларнинг подалари, уларнинг мол-мулклари ҳамда уларнинг бор қорамоллари биз учун эмасми? Фақат улар билан келишайлик ва улар биз билан бирга яшайдилар”. 24 Шу шаҳарнинг дарвозасидан кириб-чиқадиганларнинг барчаси Ҳамўр ва унинг ўғли Шеқемга қулоқ солдилар. Шунинг учун шаҳар дарвозасидан кириб-чиқадиганларнинг ҳаммаси – барча эркак зоти хатна қилинди. 25 Учинчи куни, улар оғриқ билан ётганларида, Ёқубнинг икки ўғли, Динаҳнинг акалари – Шимўн ва Леви, ҳар бири ўз қиличини олиб, шаҳарга дадиллик билан келиб барча эркак зотини қириб ташладилар. 26 Улар Ҳамўр ва унинг ўғли Шеқемни ҳам қилич тиғи билан қириб, Динаҳни Шеқемнинг уйидан олиб кетдилар. 27 Ёқубнинг ўғиллари ўлдирилганларнинг олдига келиб, сингилларининг номусига теккани учун шаҳарни талон-тарож қилдилар. 28 Уларнинг кичик ва катта қорамолларини, эшакларини, шаҳарда бўлган нарсаларини ҳамда далада бўлган нарсаларини, 29 уларнинг барча бойликларини, барча болаларини ҳамда хотинларини асирликка олдилар ва уйларда бўлган ҳамма нарсани талон-тарож қилдилар. 30 Ёқуб эса Шимўн ва Левига: “Сизлар мени бу ернинг аҳолиси, канъанликлар ва перизликлар орасида жирканч қилиб ташвишга қўйдинглар. Менинг одамларимнинг сони кам, улар менга қарши тўпланиб, мени ўлдиришлари мумкин. Унда мен ҳамда менинг бутун уйим қирилиб кетади”,- деди. 31 Улар эса: “Бизнинг синглимизга фоҳишадек муносабатда бўлиши мумкинми?”- дедилар.