35-боб

1 Худо Ёқубга: “Ўрнингдан тур, Бейт-Элга бориб, ўша ерда яша ва аканг Эсовдан қочиб кетаётганингда, сенга зоҳир бўлган Худога қурбонгоҳ қур”,- деди. 2 Шунда Ёқуб ўз хонадонига ва ўзи билан бирга бўлганларнинг барчасига деди: “Орангизда бўлган бегона худоларни улоқтириб ташланглар, покланинглар ва кийимларингни алмаштиринглар. 3 Биз Бейт-Элга борамиз. Мен у ерда кулфатли кунимда менга жавоб берган ҳамда юрган йўлимда менга ҳамроҳ бўлган Худога қурбонгоҳ қураман”. 4 Улар қўлларида бўлган барча бегона худоларни ва қулоқларидаги сирғаларини Ёқубга бердилар. Ёқуб уларни Шеқем ёнидаги эман остига яширди. 5 Шундай, қилиб, улар сафарга чиқдилар. Уларнинг атрофларидаги шаҳарларни Худонинг даҳшати қоплаб, улар Ёқубнинг ўғилларини таъқиб қилмадилар. 6 Ёқуб эса ўзи билан бирга бўлган барча одамлар билан Бейт-Эл бўлмиш Канъан еридаги Лузга келди. 7 У ўша ерда қурбонгоҳ қуриб, бу жойнинг номини Эл-Бейт-Эл, деб атади. Чунки у акасининг олдидан қочиб кетаётганида, Худо унга шу ерда зоҳир бўлган эди. 8 Ривқонинг энагаси Дебораҳ оламдан ўтди, у Бейт-Элдан пастроқда, эман остида кўмилди. Унинг номини Аллон-бакут (“Йиғи эмани”), деб аташди. 9 Ёқуб Паддон-Орамдан чиққанида, Худо унга яна зоҳир бўлиб, уни дуо қилди. 10 Худо унга: “Сенинг исминг Ёқуб, бироқ сенинг исминг бошқа Ёқуб, деб аталмайди, балки исминг Исроил бўлади”,- деди. Шундай қилиб, унинг исмини Исроил, деб атади. 11 Сўнг Худо унга деди: “Мен Қодир Худоман, серпушт бўлгин ва кўпайгин. Сендан халқ ва кўплаб халқлар келиб чиқади ҳамда сенинг белингдан подшоҳлар келиб чиқади. 12 Мен Иброҳимга ва Исҳоққа берган ерни, шу ерни сенга ва сендан кейин келадиган уруғингга бераман”. 13 Худо унинг олдидан, унга сўзлаган жойидан кетди. 14 Ёқуб У билан суҳбатлашган жойига тош устун ўрнатиб, унга қурбонлик суюқлиги қуйди ва унга мой қуйди. 15 Ёқуб Худо билан суҳбатлашган жойнинг номини Бейт-Эл (“Худонинг Уйи”), деб атади. 16 Сўнг улар Бейт-Элдан жўнадилар. Эфратаҳга келишларига оз йўл қолганида, Роҳиланинг кўзи ёриди, унинг туғруғи қийин кечди. 17 У туғруқда қийналаётганида, туғдирувчи аёл унга: “Қўрқма, буниси ҳам ўғил”,- деди. 18 Унинг жони чиқиб, ўлаётганида, унинг исмини Бенони (“Ғамим ўғли”), деб атади. Аммо отаси уни Бенямин (“Ўнг қўлим ўғли”), деб атади. 19 Роҳила ўлди ва Эфратаҳ йўлида, яъни Бейт-Леҳемда кўмилди. 20 Ёқуб унинг қабри устига ёдгорлик қўйди. Бу ёдгорлик ҳозирги кунларгача Роҳиланинг қабртошидир. 21 Исроил сафарга чиқиб, Эдер минораси ёнида чодир ёйди. 22 Исроил шу ерда яшаётганида, Рубен бориб, отасининг чўриси Билхаҳ билан ётди. Исроил буни эшитди. Ёқубнинг ўғиллари эса ўн икки нафар эди. 23 Леаҳнинг ўғиллари: Рубен – Ёқубнинг тўнғичи, Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссохор ва Забулун. 24 Роҳиланинг ўғиллари: Юсуф ва Бенямин. 25 Роҳиланинг чўриси Билхаҳнинг ўғиллари: Дан ва Нафтали. 26 Леаҳнинг чўриси Зилпаҳнинг ўғиллари: Гад ва Ашер. Булар Ёқубнинг Паддон-Орамда туғилган ўғилларидир. 27 Ёқуб Мамрега, Иброҳим ва Исҳоқ мусофир кезган Қиръат-Арбага, яъни Хебронга, отаси Исҳоқнинг олдига келди. 28 Исҳоқнинг ҳаёти кунларининг сони бир юз саксон йил эди. 29 Исҳоқ жон бериб ўлди. У қариб, ҳаётдан қониб ўз халқига қўшилди. Унинг ўғиллари Эсов ва Ёқуб уни кўмдилар.