49-боб

1 Ёқуб ўғилларини чақириб деди: “Тўпланинглар, мен сизларга келажак кунларда сизларга нима бўлишини айтаман. 2 Эй, Ёқубнинг ўғиллари, тўпланинглар ва қулоқ солинглар, отангиз Исроилга қулоқ солинглар. 3 Рубен – менинг тўнғичим, менинг қудратим ва кучимнинг бошланғичи, ҳурмат-иззатимнинг чўққиси ҳамда куч-қудратимнинг чўққиси. 4 Сен сувдек жўш урдинг, устунлик қилмайсан, чунки сен отангнинг тўшагига кирдинг. Сен менинг тўшагимга кириб, уни булғадинг. 5 Шимўн ва Леви – биродарлар. Уларнинг қиличлари – ёвузлик қуролларидир. 6 Менинг жоним уларнинг маслаҳатига яқинлашмасин, менинг шуҳратим уларнинг йиғинига қўшилмасин, чунки улар ўз ғазабларида одам ўлдирдилар ва кўнгил истаклари бўйича бузоқнинг томирини кесдилар. 7 Уларнинг ғазаблари лаънатлангандир, чунки у вахшийдир. Уларнинг қахри лаънатлангандир, чунки у бешафқатдир. Мен уларни Ёқубда бўлиб ташлайман ва уларни Исроилда тарқатиб юбораман. 8 Яҳудо, сени ака-укаларинг шарафлайдилар. Сенинг қўлинг душманларингнинг бўйнида бўлади. Сенинг отангнинг ўғиллари сенга тиз чўкадилар. 9 Яҳудо – ёш шердир, менинг ўғлим ўлжадан кўтарилмоқда. У эгилди ва шердек ҳамда урғочи шердек ётди. Уни турғизишга кимнинг ҳадди сиғади? 10 Яраштирувчи келмагунича, Яҳудодан салтанат ҳассаси ва унинг пушти камаридан қонун берувчи кетмайди, Яраштирувчига эса халқлар итоат қиладилар. 11 У ўзининг эшакчасини узум бутоғига ва урғочи эшагининг боласини энг яхши узум бутоғига боғлайди, у кийимини шаробда ҳамда кийимларини узум қонида ювади. 12 Унинг кўзлари шаробдан қизил, унинг тишлари эса сутдан оқдир. 13 Забулун денгиз соҳилида ва кемалар бандаргоҳида яшайди, унинг чегараси Сидўнгачадир. 14 Иссохор – қўраларнинг орасида ётган бақувват эшак, 15 у ором яхши эканини ҳамда ернинг ёқимлилигини кўрди. У юк ташиш учун елкасини эгди ва тўлов тўлаш учун ишлай бошлади. 16 Дан Исроилнинг қабилаларидан бири сифатида ўз халқини ҳукм қилади. 17 Дан йўлда илон бўлади, йўлакда ўқ-илон бўлади, у отнинг оёғини шундай чақадики, унинг отлиғи орқага йиқилади. 18 Ё, Раббий, Сенинг нажотингга умид қиламан! 19 Гад – оломон уни сиқади ва у изма-из қувиб сиқиб чиқаради. 20 Ашернинг нони ширмой нон бўлади, у шоҳона таомлар келтиради. 21 Нафтали – бўш қўйилган урғочи кийикдир, у чиройли гаплар гапиради. 22 Юсуф – серҳосил бутоқ, булоқ бўйидаги серҳосил бутоқдир, унинг новдалари девор устига кўтарилади. 23 Мерганлар уни жуда хафа қилишди, унга отишди ва ундан нафратланишди. 24 Аммо унинг камони мустаҳкам қолди ва унинг қўлларининг мушаклари Ёқубнинг қудратли Худосининг қўллари билан мустаҳкамланди. Исроилнинг Чўпони ва мустаҳкам тоши шу ердандир – 25 сенга ёрдам берадиган отангнинг Худосидан ва Қодир Худодандир. У сени юқоридаги осмон баракалари билан, пастда ётган тубсизликларнинг баракалари билан, кўкрак ва қорин баракалари билан, 26 қадимий тоғларнинг баракаларидан, абадий қояларнинг чўққиси баракаларидан ҳам ортиқ бўлган отангнинг баракалари билан дуо қилсин. Улар Юсуфнинг бошида бўлсинлар ва ака-укалари орасида танланганнинг бошининг тепасида бўлсин. 27 Бенямин бўридек ов қилади. У эрталаб ўлжасини ейди, тунда эса ўлжасини бўлишади”. 28 Буларнинг ҳаммаси Исроилнинг ўн иккита қабиласидир. Мана, шулар – отасининг уларга айтган гаплари ва у уларни дуо қилиб, уларнинг ҳар бирига, ўзига тегишли дуони берди. 29 Сўнг уларга васият қилиб деди: “Мен халқимга қўшиляпман. Мени оталарим билан бирга хетлик Эфроннинг даласидаги ғорда дафн этинглар. 30 Канъан ерида, Мамре ёнидаги, Макпелаҳ даласида бўлган, Иброҳим қабристон қилиш учун хетлик Эфрондан мулк қилиб олган ғорда дафн этинглар. 31 Иброҳимни ва унинг хотини Сорани ўша ерда дафн этишган. Исҳоқ ва унинг хотини Ривқони ҳам ўша ерда дафн этишган. Мен ҳам Леаҳни ўша ерда дафн этганман. 32 Бу ер ҳамда ундаги ғор Хет ўғилларидан сотиб олинган”. 33 Ёқуб ўғилларига васиятини айтиб бўлгач, оёғини тўшакда узатиб, жон берди ва ўз халқига қўшилди.