1
Юсуф отасининг юзига эгилди ва унинг устида йиғлаб, уни ўпар эди.
2
Сўнг Юсуф ўзининг шифокор қулларига отасининг танасини мўмиёлашни буюрди ва шифокорлар Исроилни мўмиёладилар.
3
Унга қирқ кун тўлди, чунки мўмиёлаш учун шунча кун талаб қилинар эди ва мисрликлар у учун қирқ кун мотам тутдилар.
4
У учун мотам қилиш кунлари ўтгач, Юсуф фиръавннинг хонадонига деди: “Агар мен нигоҳингизда илтифот топган бўлсам, фиръавнга шундай денг:
5
Отам менга: Мана, мен ўляпман, мен ўзим учун Канъан ерида ковлаган жойда мени дафн қилинглар,- деб қасам ичирди. Шунинг учун, энди, мени бориб отамни дафн қилишимга рухсат беринг ва сўнг мен яна қайтиб келаман”.
6
Фиръавн эса: “Бор, отангни у сени қасам ичирганидек дафн қил”,- деди.
7
Юсуф отасини дафн қилгани кетди ва фиръавннинг барча қуллари, унинг уйининг бошқарувчилари ва бор Миср ерининг барча бошқарувчилари,
8
Юсуфнинг бор хонадони, унинг ака-укалари ва унинг отасининг уйи у билан бирга кетди. Исроилликлар фақатгина болаларини, кичик ва катта қорамолларини Гошен ерида қолдирдилар.
9
У билан бирга от аравалар ҳамда отлиқлар ҳам кетдилар, шунинг учун бу жуда улкан карвон бўлди.
10
Улар Йордан ёнидаги Отад текислигига келдилар. У ерда буюк ва қаттиқ йиғи билан мотам тутдилар. Юсуф отаси учун етти кун мотам тутди.
11
Канъан ерининг аҳолиси Отад текислигидаги мотамни кўрганларида: “Бу мисрликларда қаттиқ аза”,- дедилар. Шунинг учун Йордан ёнидаги бу жой Обел-Мисрайим (“Мисрликларнинг йиғиси”), деб аталди.
12
Ёқубнинг ўғиллари унинг васиятини бажардилар.
13
Улар уни Канъан ерига олиб бориб, уни Иброҳим хетлик Эфрондан қабристон учун шахсий мулк қилиб сотиб олган Мамре олдидаги Макпелаҳ даласидаги ғорда дафн этдилар.
14
Сўнг Юсуфнинг ўзи, унинг ака-укалари ҳамда унинг отасини дафн этиш учун борган барча одамлар унинг отасини дафн этганидан сўнг Мисрга қайтдилар.
15
Юсуфнинг акалари отаси ўлганини кўргач: “Балки Юсуф биздан нафратланиб, биз унга қилган барча зулмнинг ўчини олмоқчи бўлар?”- дедилар.
16
Шунда улар Юсуфга элчи юбориб айттирдилар: “Сенинг отанг ўлимидан олдин қуйидагиларни айтиб васият қилди:
17
Юсуфга айтинглар: Акаларингнинг айбини ва уларнинг гуноҳларини кечиргин, зеро улар сенга зулм қилдилар. Энди отанг Худосининг қулларининг айбини кечир”. Улар Юсуфга шундай деганларида, у йиғлади.
18
Унинг акалари ҳам келиб, унинг юзи қаршисида тиз чўкдилар: “Мана, биз сенинг қулларингмиз”.
19
Юсуф уларга деди: “Худо ҳақи қўрқманглар.
20
Сизлар менга қарши зулм қилишни ўйладингизлар, аммо Худо ҳозирги ишларни амалга ошириш учун – кўплаб одамларнинг жонини сақлаб қолиш учун буни яхшиликка ўгирди.
21
Шунинг учун қўрқманглар. Мен сизларни ҳам, фарзандларингизни ҳам боқаман”. У уларни юпатиб, юмшоқ сўзлади.
22
Шундай қилиб, Юсуфнинг ўзи ва унинг отасининг хонадони Мисрда яшадилар. Юсуф бир юз ўн йил умр кўрди.
23
Юсуф Эфрайимнинг болаларини учинчи авлодигача кўрди. Манашеҳнинг ўғли Махирнинг ўғиллари ҳам Юсуфнинг тиззаларида туғилди.
24
Юсуф ўз биродарларига: “Мен ўляпман,- деди,- Худо сизларга албатта ташриф буюради ва сизларни бу ердан Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга ваъда берган ерга олиб чиқади”.
25
Юсуф Исроил фарзандларига: “Худо сизларга албатта ташриф буюради ва сизлар менинг суякларимни бу ердан олиб чиқинглар”,- деб уларга қасам ичирди.
26
Шундай қилиб, Юсуф бир юз ўн ёшида оламдан ўтди. Улар уни мўмиёлашди ва Мисрда тобут ичига қўйишди.