48-боб

1 Шу воқеалардан сўнг Юсуфга: “Мана, отангиз хаста”,- дедилар. Шунда у иккита ўғли Манашеҳ ва Эфрайимни ўзи билан бирга олиб, Ёқубнинг олдига борди. 2 Ёқубга ҳам хабар бериб: “Мана, ўғлингиз Юсуф сизнинг олдингизга келмоқда”,- дедилар. Исроил бор кучини тўплаб тўшакка ўтирди. 3 Ёқуб Юсуфга деди: “Қодир Худо менга Канъан ери Лузда намоён бўлиб, мени дуо қилиб, 4 менга деди: Мана, Мен сени серпушт қиламан ва кўпайтираман. Сендан кўплаб халқларни келтириб чиқариб, бу ерни сендан кейин келадиган уруғингга мангу мулк қилиб бераман. 5 Энди эса мен Мисрга сенинг олдингга келишимга қадар Миср ерида туғилган сенинг икки ўғлинг: Эфрайим ва Манашеҳ меникидирлар. Улар Рубен ва Шимўндек меники бўладилар. 6 Сенинг булардан кейин туғиладиган болаларинг сеники бўладилар. Улар ўз улушларида акаларининг исми билан аталадилар. 7 Мен Паддон-Орамдан келаётганимда, Эфратаҳга етишга бир оз масофа қолганида, йўлимизда Канъан ерида Роҳила қазо қилди. Мен эса уни ўша ерда Эфратаҳ йўлида, ҳозирги Бейт-Леҳемда кўмдим”. 8 Исроил Юсуфнинг ўғилларини кўриб: “Ким булар?”- деди. 9 Юсуф ўз отасига: “Булар Худо менга шу ерда берган ўғиллар”,- деди. Ёқуб: “Уларни менинг олдимга олиб кел, мен уларни дуо қиламан”,- деди. 10 Исроилнинг кўзлари қариликдан хиралашган бўлиб, у яхши кўра олмас эди. Юсуф уларни унга яқин олиб борди, у уларни ўпиб қучоқлади. 11 Сўнг Исроил Юсуфга: “Мен сенинг юзингни яна кўришга умид қилмаган эдим. Аммо, мана Худо сенинг болаларингни ҳам кўрсатди”,- деди. 12 Юсуф уларни унинг тиззаларининг орасидан олиб чиқиб, юзи билан ергача эгилиб таъзим қилди. 13 Юсуф уларнинг иккаловини ҳам: Эфрайимни ўнг қўли томонига, яъни Исроилнинг чап қўли қаршисида, Манашеҳни эса чап қўл томонига, яъни Исроилнинг ўнг қўли қаршисига қўйиб, унга яқинлаштирди. 14 Аммо Исроил ўнг қўлини чўзиб кичик ўғил Эфрайимнинг бошига қўйди, чап қўлини эса Манашеҳнинг бошига қўйди. Манашеҳ тўнғич бўлса ҳам, у қўлини атайлаб шундай қўйди. 15 У Юсуфни дуо қилиб, деди: “Ё, Худо! Оталарим Иброҳим ва Исҳоқ Сенинг қаршингда юрган эди. Ё, Худо, бутун умрим давомида мени шу кунгача боққансан. 16 Мени ҳар қандай зулмдан қутқарган фаришта шу ўсмирларга барака берсин. Улар менинг исмим ва оталарим Иброҳимнинг ҳамда Исҳоқнинг исмлари билан аталсинлар ва булар ер марказида ўсиб, роса кўпайсинлар”. 17 Юсуф отасининг ўнг қўлини Эфрайимнинг бошига қўйганини кўрганида, бу унга ёқмади. У отасининг қўлини Эфрайимнинг бошидан Манашеҳнинг бошига олиб қўйиш учун ушлаб, 18 ўз отасига: “Бундай эмас, отам, чунки мана, бу тўнғичи. Ўнг қўлингизни унинг бошига қўйинг”,- деди. 19 Аммо отаси инкор этиб, деди: “Мен буни биламан, ўғлим, мен буни биламан. Ундан ҳам халқ келиб чиқади ва у буюк бўлади. Аммо кичик биродари ундан буюкроқ бўлади ва унинг уруғидан кўпсонли халқ келиб чиқади”. 20 Шундай қилиб, у уларни дуо қилиб: “Худо сенга Эфрайимга ва Манашеҳга қилганидек қилсин,- деб Исроил дуо қилади”,- деди. Шу тариқа, Ёқуб Эфрайимни Манашеҳдан баланд қўйди. 21 Сўнг Исроил Юсуфга деди: “Мана, мен ўляпман. Аммо Худо сен билан бирга бўлади ва сени яна оталарингнинг ерига қайтариб олиб боради. 22 Мен қиличим ва камоним билан амўрликларнинг қўлидан олган ерни сенга акаларинг улушидан ортиқ улуш қилиб бераман”.