1
Сўнгра Юсуф келиб, фиръавнга сўзлаб: “Менинг отам ва ака-укаларим, ўзларининг кичик ва катта қорамоллари ҳамда бор мол-мулклари билан Канъан еридан келдилар. Мана, улар Гошен еридалар”,- деди.
2
У акаларидан беш нафарини олиб, фиръавннинг ҳузурига олиб чиқди.
3
Фиръавн унинг акаларига: “Сизларнинг ҳунарингиз нима?”- деди. Улар эса фиръавнга: “Сизнинг қулларингиз: биз ҳам, оталаримиз ҳам чўпонмиз”,- дедилар.
4
Улар фиръавнга яна: “Биз бу ерга вақтинча яшаш учун келдик, зеро қулларингизнинг подалари учун яйловлар йўқ, чунки Канъан ерида қаттиқ очарчилик. Шунинг учун қулларингизга Гошен ерида яшашларига рухсат бер”,- дедилар.
5
Фиръавн Юсуфга сўзлаб деди: “Сенинг отанг ва ака-укаларинг сенинг олдингга келибдилар.
6
Миср ери сенинг қаршингдадир. Ўз отанг ва ака-укаларингни энг аъло ерда жойлаштир. Улар Гошен ерида яшасинлар. Агар уларнинг орасидан қобилиятли одамларни топсанг, менинг чорвам устидан назоратчи қилиб қўйгин”.
7
Юсуф отаси Ёқубни келтириб, фиръавннинг олдига қўйди ва Ёқуб фиръавнни дуо қилди.
8
Фиръавн Ёқубга: “Неча ёшдасиз?”- деди.
9
Ёқуб фиръавнга жавоб бериб деди: “Менинг дарбадарлик кунларимнинг сони бир юз ўттиз йил. Менинг ҳаёт кунларим оз ва бахтсиз, ҳамда менинг оталаримнинг ҳаётлари дарбадарлиги кунларига етмади”.
10
Ёқуб фиръавнни дуо қилиб, фиръавннинг ҳузуридан чиқди.
11
Юсуф ўз отаси ва ўз акаларини Гошен ерига жойлаштириб, фиръавн буюрганидек Рамсес ерида, Миср заминининг энг зўр ерида уларга эгалик мулкини берди.
12
Юсуф отасини, ака-укаларини ва уларнинг хонадонини ҳар оиланинг эҳтиёжига кўра таъминлар эди.
13
Бутун ер юзида нон йўқ эди, чунки очарчилик жуда қаттиқ бўлиб, Миср ери ва Канъан ери очарчиликдан қуриди.
14
Юсуф Миср ерида ва Канъан ерида дон ҳисобига одамлар берган бор кумушни йиғиб олди. Буларни Юсуф фиръавн хонадонига олиб кирди.
15
Миср ва Канъан ерида кумуш тугагач, бор мисрликлар Юсуфнинг олдига келиб: “Бизга нон беринг. Ахир, нима учун кумушимиз тугагани учун сизнинг ҳузурингизда ўлишимиз керак?”- дедилар.
16
Юсуф эса: “Қорамолларингни олиб келинглар. Агар кумушларинг тугаган бўлса, мен сизларга қорамолларинг учун бераман”,- деди.
17
Улар Юсуфга қорамолларини олиб келдилар. Юсуф уларга отлар, кичик қорамол подаси, катта қорамол подаси ва эшаклар ўрнига нон берди. Ўша йили уларни барча қорамоллари ҳисобига нон билан боқди.
18
Бу йил тугагач, улар Юсуфнинг олдига келиб унга дедилар: “Биз эгамиздан кумушимиз тугаганини яширмаймиз, қорамол подаларимиз ҳам эгамизда. Эгамиз қаршисида танамиз ва ерларимиздан ташқари ҳеч нарсамиз қолмади.
19
Сизнинг кўз ўнгингизда бизнинг ва ерларимизнинг ҳалок бўлиши нима керак? Бизни ҳам, ерларимизни ҳам нонга сотиб олинг ва биз ўз ерларимиз билан фиръавнга қул бўламиз, сиз эса биз ўлмасдан тирик қолишимиз ва ер хароб бўлмаслиги учун бизга уруғ беринг”.
20
Юсуф бутун Миср ерини фиръавн учун сотиб олди, чунки мисрликларнинг ҳар бири ўз даласини сотди, зеро очарчилик улардан устун келган эди. Шундай қилиб, бор ер фиръавнники бўлди.
21
Халқни эса Миср ҳудудидан бошқа шаҳарларга кўчирди.
22
У фақат коҳинларнинг ерларини сотиб олмади. Чунки коҳинлар фиръавндан улушга эга эдилар ва фиръавн уларга берган улушдан озиқланар эдилар. Шунинг учун улар ерларини сотмадилар.
23
Сўнгра Юсуф халққа деди: “Мана, энди мен сизларни ва сизларнинг ерларингизни фиръавн учун сотиб олдим. Мана сизларга уруғ, ерга уруғ экинглар.
24
Йиғим-терим бўлганида, ҳосилнинг бешинчи қисмини фиръавнга беринглар, тўрт қисми эса уруғлик қилиш учун, сизларга, хонадонингиздагиларга ҳамда болаларингизга озуқа бўлиши учун ўзларингизга қолсин”.
25
Улар эса унга: “Сиз бизнинг ҳаётимизни сақлаб қолдингиз. Эгамизнинг нигоҳида илтифот топайлик ва фиръавннинг қуллари бўлайлик”,- дедилар.
26
Юсуф бешинчи қисмини фиръавнга беришни Миср ерида ҳатто ҳозирги кунларгача қонун қилиб қўйди. Фақат коҳинларнинг фиръавнга тегишли бўлмаган ерлари бундан мустаснодир.
27
Исроил эса Миср заминидаги Гошен ерида яшади. Улар унга эгалик қилиб, униб-ўсдилар ва жуда кўпайдилар.
28
Ёқуб Миср ерида ўн етти йил яшади. Шундай қилиб, Ёқубнинг кўрган умри юз қирқ етти йил эди.
29
Исроилнинг ўлиш куни яқинлашди ва у ўғли Юсуфни чақириб, деди: “Агар мен сенинг нигоҳингда илтифот топган бўлсам, қўлингни сонимни остига қўйиб, менга шафқат ва ҳақиқат бўйича муносабатда бўлишга қасам ич: мени Мисрда дафн этмагин,
30
токи мен оталарим билан бирга ётай. Мени Мисрдан олиб чиқиб, уларнинг қабристонларига дафн этгин”. Юсуф: “Айтганингиздек қиламан”,- деди.
31
У эса: “Қасам ич”,- деди. Юсуф қасам ичди. Исроил тўшагининг бош томонида таъзим қилди.