1
Исроил бор мол-мулки билан сафарга чиқиб, Беир-Шебага келди ва отаси Исҳоқнинг Худосига қурбонлик келтирди.
2
Худо Исроилга тунги ваҳийда намоён бўлиб: “Ёқуб, Ёқуб”,- деди. У эса: “Мана, мен”,- деди.
3
Худо деди: “Мен – Худоман, сенинг отангнинг Худосиман. Мисрга боришдан қўрқма. Чунки мен у ерда сендан буюк халқ келтириб чиқараман.
4
Мен сен билан бирга Мисрга бораман ва албатта сени қайта олиб чиқаман. Юсуф ўз қўллари билан сенинг кўзингни юмади”.
5
Сўнг Ёқуб Беир-Шебадан кетди. Исроилнинг ўғиллари эса фиръавн уларни олиб келиш учун юборган от-араваларда ўзларининг отаси Ёқубни, ўз фарзандларини, хотинларини олиб боришди.
6
Ёқуб ва у билан бирга унинг бор уруғи Канъан ерида орттирган мол-мулкларини ва қорамолларини олиб, Миср ерига келдилар.
7
Унинг ўғиллари ва ўғилларининг ўғиллари, унинг қизлари ва ўғилларининг қизлари ҳамда ўзининг бор уруғини у ўзи билан Миср ерига олиб келди.
8
Мана булар Миср ерига келган Исроил фарзандларининг, Ёқуб ва унинг ўғилларининг исмлари: Ёқубнинг тўнғичи Рубен.
9
Рубеннинг ўғиллари Энўх, Паллув, Ҳезрон ва Карми эди.
10
Шимўннинг ўғиллари Йемуил, Йамин, Охад, Йахин, Зўхар ва канъанлик аёлнинг ўғли Шоул эди.
11
Левининг ўғиллари Гершон, Қэҳат ва Мерари эди.
12
Яҳудонинг ўғиллари Эир, Онан, Шелаҳ, Перез ва Зераҳ эди. Аммо Эир ва Онан Канъан ерида ўлдилар. Перезнинг ўғиллари Ҳезрон ва Хамул эди.
13
Иссохорнинг ўғиллари Тўло, Пувваҳ, Йўв ва Шимрон эди.
14
Забулуннинг ўғиллари Серед, Элон, Йаҳлеил эди.
15
Булар Леаҳнинг Ёқубга Паддон-Орамда туғиб берган ўғилларининг исмлари, Унинг қизининг исми эса Динаҳ эди. Унинг ўғиллари ва қизлари ҳаммаси бўлиб ўттиз уч жон эди.
16
Гаднинг ўғиллари Зифиён, Хагги, Шуни, Эзбон, Эри, Ароди ва Арели эди.
17
Ашернинг ўғиллари Йимнаҳ, Йишваҳ, Йишвий ва Берийаҳ эди. Уларнинг синглиси Сараҳ эди. Берийаҳнинг ўғиллари Хебер ва Малхиэл эди.
18
Мана булар Лабан қизи Леаҳга берган Зилпаҳнинг ўғилларидир. У Ёқубга ўн олти жонни туғиб берди.
19
Ёқубнинг хотини Роҳиланинг ўғиллари Юсуф ва Бенямин эди.
20
Юсуфга Миср ерида Манашеҳ ва Эфрайим туғилди. Уларни унга Гелиопол коҳини Пўтифераҳнинг қизи Осенат туғиб берди.
21
Беняминнинг ўғиллари Бела, Бехер, Ашбел, Гера, Нааман, Эхи, Рош, Муппим, Хуппим ва Ард эди.
22
Булар Ёқубга туғилган Роҳиланинг ўғиллари, ҳаммаси бўлиб ўн тўрт жон.
23
Даннинг ўғли эса Хушим.
24
Нафталининг ўғиллари Йаҳзиэл, Гуни, Йезер ва Шаллум эди.
25
Булар Лабан қизи Роҳилага берган Билхаҳнинг ўғилларидир. У Ёқубга ҳаммаси бўлиб етти жонни туғиб берди.
26
Ёқуб билан бирга Мисрга келган, унинг пушти камаридан бунёд бўлган барча жон (Ёқубнинг ўғилларининг хотинларидан ташқари) бори олтмиш олти жон эди.
27
Юсуфга Мисрда туғилган ўғиллари – икки жон эди. Мисрга кўчиб келган Ёқуб хонадонининг барчаси етмиш жон эди.
28
Ёқуб ўзидан олдин Яҳудони, у Гошенга йўлни кўрсатиши учун Юсуфнинг олдига юборди, шундай қилиб, улар Гошен ерига келдилар.
29
Юсуф ўзининг от-аравасини эгарлаб, отаси Исроилни кутиб олиш учун Гошенга кетди ва уни кўрганида, бўйнига осилди ҳамда узоқ вақт унинг бўйнига осилиб йиғлади.
30
Сўнг Исроил Юсуфга: “Энди мен сенинг юзингни кўргач, ўлсам ҳам майли, чунки сен тирик экансан”,- деди.
31
Юсуф эса ўз акаларига ва ўз отасининг хонадонига деди: “Мен бориб, фиръавнга хабар бериб айтаман: Канъан ерида бўлган менинг акаларим ва отамнинг хонадони менинг олдимга келди.
32
Бу одамлар – чўпонлардир, чунки улар мол боқиш билан шуғулланадилар. Улар ўзларининг кичик ва катта қорамолларини ва ўзларининг бор мол-мулкларини олиб келдилар.
33
Агар фиръавн сизларни чақириб: Ҳунарларинг нима?- деб сўраса,
34
сизларни Гошен ерида жойлаштиришлари учун, сизлар шундай денглар: Сизнинг қулларингиз болалигимиздан бошлаб то ҳозиргача, биз ҳам, оталаримиз ҳам чўпон бўлганмиз. Мисрликлар учун эса ҳар қандай қўй боқувчи жирканчлидир”.