45-боб

1 Шунда Юсуф унинг қаршисида турган барча одамларнинг олдида ўзини бошқа тутиб тура олмади ва қичқириб юборди: “Ҳамма менинг олдимдан чиқиб кетсин”. Юсуф ўзини акаларига очганида, у ерда ҳеч ким йўқ эди. 2 У ўкириб йиғлади ва мисрликлар ҳамда фиръавннинг хонадони буни эшитди. 3 Юсуф ўз акаларига: “Мен Юсуфман, отам ҳали тирикмилар?”- деди. Унинг акалари унга жавоб бера олмадилар, чунки улар унинг ҳузурида саросимага тушиб қолган эдилар. 4 Юсуф акаларига яна: “Менга яқинроқ келинглар”,- деди. Улар яқинлашдилар. У эса уларга шундай деди: “Мен сизлар Мисрга сотиб юборган биродарингиз Юсуфман. 5 Энди мени сотиб юборганингиз учун ўзларингиздан ғазабланманглар ва қайғурманглар. Чунки Худо ҳаётларингизни сақлаб қолиш учун мени сизлардан олдин юборди. 6 Чунки ҳозир икки йилдан буён ерда очарчилик, яна беш йил ерга ишлов бериб бўлмайди ва ҳосил йиғиб бўлмайди. 7 Худо эса сизларнинг авлодларингизни ерда қолдириш ва сизларнинг жонларингизни буюк нажот билан сақлаб қолиш учун мени сизлардан олдин юборди. 8 Шундай қилиб, мени бу ерга сизлар эмас, балки Худо юборди. У мени фиръавнга ота, унинг бутун хонадонига эга ва бутун Миср ери узра ҳукмрон қилиб қўйди. 9 Шошилинглар, менинг отамнинг олдига бориб унга денглар: “Ўғлингиз Юсуф шундай дейди: Худо мени бутун Миср ери узра ҳукмрон қилиб қўйди. Менинг олдимга келинг, кечиктирманг”. 10 Сизлар Гошен ерида яшайсизлар. Сизлар ўз фарзандларингиз билан, фарзандларингизнинг фарзандлари билан, кичик ва катта қорамолларингиз билан, хуллас, сизлар эга бўлган ҳамма нарса билан менга яқин бўласизлар. 11 Ҳали яна беш йил очарчилик бўлади. Шунинг учун сизлар ҳамда сизларнинг хонадонингиз қашшоқлашмаслиги учун мен сизларни ўша ерда боқаман. 12 Мана, сизларнинг кўзларингиз ва укам Беняминнинг кўзлари сизларга гапираётган менинг оғзим эканини кўряпти. 13 Отамга менинг Мисрдаги бор шуҳратимни ва сизлар кўрган ҳамма нарсани сўзлаб бериб, отамни тезроқ бу ерга олиб келинглар”. 14 У укаси Беняминнинг бўйнига ташланиб йиғлади, Бенямин ҳам унинг бўйнига осилиб йиғлади. 15 Сўнг барча акаларини ўпиб, уларни қучоқлаганча йиғлади. Шундан кейин акалари у билан сўзлаша бошладилар. 16 “Юсуфнинг ака-укалари келибди”,- деган гап-сўз фиръавннинг хонадонига етиб борди. Бу фиръавнга ва унинг қулларига ёқди. 17 Фиръавн Юсуфга деди: “Акаларингга айт: Мана, бундай қилинглар: ҳайвонларингни юклаб йўлга тушинглар ва Канъан ерига етиб боринглар, 18 отангизни ва уй аъзоларингизни олиб, менинг олдимга келинглар. Мен сизларга Миср ерининг энг яхшисини бераман ва сизлар мойли ердан озиқланасизлар. 19 Сенга эса шундай дейишни буюраман: Бундай қилинглар – болаларинг учун ва хотинларинг учун Миср еридан от-аравалар олинглар ва отангизни олиб келинглар. 20 Шунингдек, мулкларингга ачинманглар, чунки бутун Миср ерининг энг яхшисини сизларга бераман”. 21 Исроил фарзандлари шундай қилдилар. Юсуф фиръавннинг буйруғига биноан уларга от-аравалар ва йўл учун озуқа берди. 22 Уларнинг ҳар бирига бир жуфтдан кийим-бош берди, аммо Беняминга уч юз танга кумуш ва беш жуфт кийим-бош берди. 23 Худди шундай отасига ҳам Мисрнинг энг аъло мол-мулки юкланган ўнта эшак ҳамда дон, нон ва отасига сафарга чиқиши учун озуқа юкланган ўнта урғочи эшакни юборди. 24 Шундай қилиб, у акаларини қўйиб юборди ва улар жўнаб кетдилар. У уларга: “Йўлда жанжаллашманглар”,- деди. 25 Улар Мисрдан кетиб, Канъан ерига, оталари Ёқубнинг олдига келдилар. 26 Унга шуни хабар қилиб: “Юсуф тирик ва у бутун Миср ери узра ҳукмрон экан!”- дедилар. Аммо Ёқубнинг юраги шув этиб кетди, чунки у уларга ишонмади. 27 Улар Юсуфнинг уларга айтган барча сўзларини унга айтиб берганларида, Юсуф уни олиб келиш учун юборган от-араваларни кўрганида, уларнинг отаси Ёқубнинг руҳи жонланди. 28 Сўнг Исроил: “Етар, бас, менинг ўғлим Юсуф тирик. Мен ўлишимдан олдин бориб, уни кўраман”,- деди.