44-боб

1 Юсуф ўз уй бошқарувчисига буюриб деди: “Бу одамларнинг қопларини кўтариб кета олар даражада овқат билан тўлдиргин ва ҳар бирининг кумушини ўз қопининг оғзига қўй. 2 Менинг пиёламни эса, кумуш пиёламни энг кичигининг қопига, у сотиб олган доннинг пули билан бирга сол”. У эса Юсуф айтганидек қилди. 3 Эрталаб тонг отганида, бу одамларни ва уларнинг эшакларини қўйиб юбордилар. 4 Улар шаҳардан ҳали узоқ кетиб улгурмай, Юсуф ўз уй бошқарувчисига деди: “Бор, у одамларни таъқиб қил, уларни қувиб етгач уларга дегин: Нима учун яхшиликка ёмонлик қайтардингизлар? 5 Бу менинг хўжайиним ичадиган, у башорат қиладиган пиёла эмасми? Сизлар ёмон иш қилдингизлар”. 6 У уларни қувиб етиб, уларга шу сўзларни айтди. 7 Улар унга: “Нима учун хўжайинимиз бундай сўзларни айтяпти?- дейишди,- Худо асрасин, қулларингиз бундай ишни қилмайди. 8 Мана, бизнинг қопларимиз оғзидан топилган кумушларни биз Канъан еридан сизга қайтариб олиб келдик. Қандай қилиб сизнинг эгангизнинг уйидан олтин ёки кумуш ўғирлашимиз мумкин? 9 Қулларингиздан қайси бирида уни топсангиз, ўшанга ўлим ва биз ҳам эгамизга қуллар бўламиз”. 10 У эса: “Яхши,- деди,- Сизлар айтганингиздек бўлсин. Пиёла кимдан топилса, ўша менга қул бўлади, сизлар эса айбсиз бўласизлар”. 11 Сўнг ҳар бири шошилинч равишда ўз қопини ерга туширди ва ҳар бири ўз қопини очди. 12 У тинтув қилишни тўнғичидан бошлаб, кенжасида тугатди. Мана, бу пиёла Беняминнинг қопидан топилди. 13 Шунда улар кийимларини йиртишди ва ҳар бири ўз юкини эшакка юклаб шаҳарга қайтишди. 14 Яҳудо ва унинг акалари Юсуфнинг уйига келдилар. У ҳали уйда эди ва унинг қаршисида ерга мук тушдилар. 15 Юсуф уларга: “Сизлар нима қилдингиз? Наҳотки, мендек одам буни билиб қолишини билмасангиз?”- деди. 16 Яҳудо: “Эгамизга нима ҳам дердик? Нима айтайлик? Нима билан оқланайлик? Худо қулларингизнинг ноҳақлигини топди. Мана, биз хўжайинимизнинг қулларимиз: биз ҳам, қўлидан бу пиёла топилган одам ҳам”,- деди. 17 Аммо Юсуф: “Худо асрасин, мен бундай қилмайман. Кимнинг қўлидан бу пиёла топилган бўлса, ўша менинг қулим бўлади, сизлар эса тинчлик билан отангизнинг олдига боринглар”,- деди. 18 Яҳудо унга яқинлашиб деди: “Эгам, қулингиз қулоғингизга бир сўз айтишига ижозат беринг. Қулингизга ғазабингиз ёнмасин, зеро сиз ҳам фиръавндексиз. 19 Эгамиз қулларидан: Отангиз ёки ака-укаларингиз борми?- деб сўраган эди. 20 Биз эгамизга қари отамиз ва унинг кенжа ўғли, қариликдаги фарзанди борлигини, унинг акаси ўлиб, онасидан ёлғиз ўзи қолганини ва отамиз уни севишини айтган эдик. 21 Сиз эса қулларингизга: Уни менга олиб келинглар, мен уни кўрай,- дедингиз. 22 Биз эса эгамизга: Ўсмир отасини тарк эта олмайди, агар у отасини тарк этса, у ўлади,- дедик. 23 Аммо сиз қулларингизга: Агар кенжа биродарингиз сизлар билан бирга келмаса, бошқа менинг кўзимга кўринманглар,- дедингиз. 24 Биз қулларингиз отамизнинг олдига келганимизда, эгамизнинг сўзларини айтиб бердик. 25 Бизнинг отамиз: Боринглар, яна озроқ овқат сотиб олинглар,- деди. 26 Биз эса: Биз бора олмаймиз. Агар кенжа укамиз биз билан бирга бўлса, бора оламиз. Чунки агар кенжа укамиз биз билан бирга бўлмаса, у одамнинг кўзига кўрина олмаймиз,- дедик. 27 Шунда сизнинг қулингиз, бизнинг отамиз бизга деди: Сизлар биласизлар, менинг хотиним менга иккита ўғил туғиб берди. 28 Бири менинг олдимдан кетди ва мен дедим: Аниқ у тилка-пора қилинган ва мен уни ҳануз кўрмадим. 29 Агар буни ҳам мендан олиб кетсангиз ва у билан бирор бахтсизлик рўй берса, сизлар менинг оқ сочларимни кулфат билан гўрга тиқасизлар. 30 Энди мен сизнинг қулингиз, бизнинг отамизнинг олдига келсам ва жони жонига боғланган ўсмир биз билан бирга бўлмаса, 31 у ўсмирнинг йўқлигини кўриб ўлади. Шундай қилиб, сизнинг қулларингиз отамиз, сизнинг қулингизни оқ сочини қайғу билан гўрга тиқадилар. 32 Яна мен, сизнинг қулингиз: Агар уни сизнинг олдингизга қайтариб олиб келмасам, отамнинг олдида умрбод айбдор бўлиб қоламан,- деб, отамга ўсмир учун жавобгарликни бўйнимга олганман. 33 Шунинг учун мен, сизнинг қулингиз ўсмирнинг ўрнида эгамнинг қули бўлиб қолай, ўсмир эса акалари билан борсин. 34 Чунки ўсмир мен билан бўлмаса, мен қандай қилиб отамнинг олдига бораман? Ахир мен отамнинг бошига тушадиган кулфатни кўраман”.