1
Ерда очарчилик кучайди.
2
Ёқубнинг хонадонидагилари Мисрдан олиб келган донларни еб бўлишгач, у ўғилларига: “Яна бориб, бизга озроқ озиқ олиб келинглар”,- деди.
3
Яҳудо унга сўзлаб деди: “Ўша одам бизга: Агар укангиз сизлар билан бирга бўлмаса, менинг кўзимга кўринманглар,- деб қатъий таъкидлади.
4
Агар укамизни биз билан бирга юборсангиз, бориб сизга озиқ олиб келамиз.
5
Агар юбормасангиз бормаймиз, чунки у одам бизга: Агар укангиз сизлар билан бирга бўлмаса, менинг кўзимга кўринманглар,- деди”.
6
Исроил эса: “У одамга яна укангиз борлигини айтиб, нега менга бундай зулм қилдинглар?”- деди.
7
Улар: “У одам биз ҳақимизда ва қариндошларимиз ҳақида: Отангиз ҳали тирикми? Яна ака-укаларинг борми?- деб сўради. Биз унинг шу саволларига жавоб бердик. У: Укангизни олиб келинглар,- дейишини қаердан билар эдик?”- дедилар.
8
Яҳудо эса отаси Исроилга деди: “Ўсмирни мен билан бирга юборинг ва биз борамиз. Шунда биз, сиз ва болаларимиз ўлмасдан тирик қоламиз.
9
Мен у учун жавоб бераман, уни менинг қўлларимдан талаб қиласиз. Агар уни сизнинг олдингизга олиб келмасам ва қаршингизда қўймасам, бутун умрим давомида сизнинг қаршингизда айбдор бўламан.
10
Биз имилламаганимизда эди, аллақачон икки марта бориб келган бўлар эдик”.
11
Исроил эса ўғилларига: “Агар шундай бўлса,- деди,- бундай қилинглар. Ўзларинг билан қопларингга бу ернинг энг аъло ҳосилларидан: озроқ малҳам, озроқ асал, хушбўй кукун, мирра, писта ва бодом олиб, ўша одамга совға қилиб олиб боринглар.
12
Қўлларингга бошқа кумуш ҳам олинглар, қопларингнинг оғзига қайтариб қўйилган кумушни эса ўз қўлларинг билан қайтаринглар. Балки бу эътиборсизликдандир.
13
Укангизни ҳам олиб, яна ўша одамнинг олдига боринглар.
14
Ҳар нарсага қодир Худо эса ўша одамнинг юзида шафқат топишни берсин, токи у сизларнинг бошқа биродарингизни ҳам, Беняминни ҳам қўйиб юборсин. Мен эса болаларимдан ажралишим керак бўлса, ажрала қолай”.
15
У одамлар қўлларига ушбу совғаларни, икки марта кўпроқ кумушни ҳамда Беняминни олиб, йўлга тушдилар. Сўнг Мисрга келиб, Юсуфнинг юзи қаршисида ҳозир бўлдилар.
16
Юсуф уларнинг орасида Беняминни кўриб, ўз хонадонининг уй бошқарувчисига: “Бу одамларни уйга олиб кир ва чорвадан бирор молни сўй, чунки бу одамлар тушликда мен билан бирга овқатланадилар”,- деди.
17
У одам Юсуф айтганидек қилди. Шунда у одамларни Юсуфнинг уйига олиб кирди.
18
У одамлар уларни Юсуфнинг уйига олиб кирганларидан қўрқиб: “Бу нарса – олдин қопларимизга қайтариб қўйилган кумушлар учундир. Бизга қарши баҳона топиб, бизни ҳамда эшакларимизни қулликка олиш учун бизни ичкарига олиб кирдилар”,- дедилар.
19
Улар Юсуф хонадонининг уй бошқарувчисининг олдига келганча, унга уйнинг эшиги олдида сўзлай бошлаб
20
дедилар: “Қулоқ солинг, хўжайинимиз, биз олдин озиқ сотиб олгани келган эдик.
21
Биз қўноққа келиб, қопларимизни очганимизда, мана, ҳар биримизнинг кумушимиз қопимизнинг оғзида эди. Бизнинг кумушимиз тўлиқ вазнида эди. Мана, биз уни ўз қўлимиз билан қайтаряпмиз.
22
Озиқ сотиб олиш учун эса биз қўлларимизда яна бошқа кумуш олиб келдик, биз қопимизга кумушни ким қўйганини билмаймиз”.
23
У эса: “Тинчланинглар, қўрқманглар. Сизнинг Худойингиз ва отангизнинг Худоси сизларга қопларингизда хазина берди. Кумушингиз менинг олдимга олиб келинди”,- деди. Сўнг уларнинг олдиларига Шимўнни олиб келди.
24
У киши бу одамларни Юсуфнинг уйига олиб кириб, сув берди ва улар оёқларини ювдилар. Уларнинг эшакларига эса озиқ берди.
25
Улар Юсуфнинг тушликда келишига совғаларни тайёрладилар, чунки шу ерда нон ейишларини эшитган эдилар.
26
Юсуф уйга келганида, улар унга қўлларида бўлган совғаларни бериб, унга ергача таъзим қилдилар.
27
У улардан соғлиқларини сўраб, сўнг: “Сизлар сўзлаб берган қария отангиз соғ-саломатми? У ҳали тирикми?”- деди.
28
Улар жавоб бериб: “Қулингиз отамиз соғ-саломат, у ҳали тирик”,- дедилар. Сўнг улар тиз чўкиб, сажда қилдилар.
29
Юсуф кўзларини кўтариб укаси, онасининг ўғли Беняминни кўриб: “Бу сизлар менга айтиб берган энг кичик укангизми?”- деб сўради. Кейин: “Худонинг шафқати сен билан бирга бўлсин, ўғлим!”- деди.
30
Юсуф шошилинч чиқиб кетди, чунки укаси учун кўнгли ўртаниб йиғлаш учун жой қидирди. У ички хонага кириб ўша ерда йиғлаб юборди.
31
Сўнг юзини ювиб чиқиб келди ва ўзини қўлга олиб: “Овқатни келтиринглар”,- деди.
32
Унга алоҳида, уларга алоҳида ва улар билан тушлик қиладиган мисрликларга алоҳида келтирдилар, чунки мисрликлар ибронийлар билан бирга овқатланмайдилар, чунки бу мисрликлар учун жирканчлидир.
33
Шундай қилиб, уларни Юсуфнинг қаршисида тўнғичи тўнғичлигига кўра, ёши ёшлигига кўра ўтқиздилар, улар эса бир-бирларига таажжуб билан қарар эдилар.
34
Сўнг уларга овқатлар юбордилар, Беняминнинг улуши эса бошқаларникидан беш карра кўп эди. Улар ичиб, у билан хурсандчилик қилдилар.