1
Ёқуб Мисрда дон борлигини билгач, ўғилларига деди: “Нима учун қараб ўтирибсизлар?
2
Мана, мен Мисрда дон бор, деб эшитдим. У ерга бориб, биз ўлмасдан яшашимиз учун у ердан дон сотиб олинглар”.
3
Шунда Юсуфнинг ўн нафар акаси дон сотиб олиш учун Мисрга кетдилар.
4
Ёқуб эса Юсуфнинг укаси Беняминни акалари билан бирга юбормади. “У билан бирор кулфат содир бўлмасин”,- деди у.
5
Исроил ўғиллари бошқа харидорлар билан бирга нон сотиб олгани келдилар, чунки Канъан ерида очарчилик эди.
6
Юсуф эса Миср ерининг ҳукмдори эди. У бутун ернинг халқига донни сотар эди. Юсуфнинг акалари келиб, ерга юз тубан тушиб унга таъзим қилдилар.
7
Юсуф акаларини кўриб таниди, аммо ўзини уларни билмайдигандек тутди. У уларга дағал сўзлаб: “Қаердан келдингиз?”- деди. Улар: “Канъан еридан озиқ сотиб олгани келдик”,- дейишди.
8
Юсуф акаларини таниди, аммо улар уни танимадилар.
9
Юсуф улар ҳақида кўрган тушларини эслади. У уларга: “Сизлар айғоқчисизлар, сизлар бу ернинг яланғочлигини кўргани келгансизлар”,- деди.
10
Улар унга дейишди: “Йўқ, эгамиз. Сизнинг қулларингиз озиқ сотиб олгани келганлар.
11
Бизнинг ҳаммамиз бир одамнинг фарзандларимиз. Биз тўғри одамлармиз. Сизнинг қулларингиз айғоқчилар эмас”.
12
У уларга: “Йўқ, сизлар бу ернинг яланғочлигини кўргани келгансизлар”,- деди.
13
Улар: “Биз қулларинг – ўн икки ака-укалармиз. Биз Канъан ерида бир одамнинг ўғилларимиз, мана энг кичигимиз отамиз билан бирга, биттамиз йўқ бўлган”,- дедилар.
14
Юсуф уларга деди: “Мен сизларга айғоқчисизлар деганимда, шуни назарда тутган эдим.
15
Мана, сизларни қандай синаймиз: Фиръавннинг жони ҳақи қасам ичаман, кичик биродарингиз келмагунича, сизлар бу ердан чиқмайсизлар.
16
Орангиздан биттангизни юборинглар, у биродарингизни олиб келсин, сизлар эса шу ерда тутиб туриласизлар. Шундай қилиб, сизлар сўзларингиз ҳақиқатми ёки йўқми, исботлангунича тутқунлиқда бўласизлар. Акс ҳолда, фиръавннинг жони ҳақи қасам ичаман, сизлар айғоқчисизлар”.
17
Сўнг уларни уч кунга қўриқчилар назоратига топширди.
18
Юсуф уларга учинчи куни деди: “Мана бундай қилсангиз, тирик қоласизлар, чунки мен Худодан қўрқаман.
19
Агар сизлар тўғри одам бўлсангиз, биродарингиздан бири сизлар асир қилинган уйда асирликда қолсин. Бошқаларингиз эса бориб, оилаларингиз очлиги сабабли уларга дон олиб боринглар.
20
Энг кичик укангизни эса сўзларингиз тасдиқланиши ҳамда ўлмаслигингиз учун менинг олдимга олиб келинглар”. Улар худди шундай қилдилар.
21
Улар бир-бирларига: “Биз укамизга қарши аниқ гуноҳ қилдик. У биздан ўтинганида, жонининг азобини кўриб, қулоқ солмадик. Шунинг учун бу кулфат бошимизга тушди”,- дедилар.
22
Рубен уларга жавоб бериб: “Мен сизларга ўсмирга қарши гуноҳ қилманглар, деган эмасмидим? Аммо сизлар қулоқ солмадинглар. Мана, унинг хуни талаб қилиняпти”,- деди.
23
Улар Юсуфнинг тушунишини билмас эдилар, чунки уларнинг орасида таржимон бор эди.
24
Юсуф улардан узоқлашиб йиғлаб юборди. Сўнг уларнинг олдиларига қайтиб келиб, улар билан суҳбатлашди ва уларнинг орасидан Шимўнни олиб, уларнинг кўз ўнгида уни боғлади.
25
Юсуф уларнинг қопларини дон билан тўлдиришни, уларнинг ҳар бирларининг кумушларини эса ўз қопларига қайтариб солишни ва уларга йўлга озиқ беришларини буюрди. Уларга худди шундай қилишди.
26
Улар донларини эшакларига юклаб, у ердан кетдилар.
27
Улардан бири қўноқда эшагига озиқ бериш учун ўз халтасини очганида, кумушини қопининг оғзида топди.
28
Шунда у акаларига: “Менинг кумушимни қайтариб солишибди, мана у менинг қопимда”,- деди. Уларнинг юраклари қинидан чиқди, улар даҳшат билан бир-бирларига: “Худо бизга нима қилди?”- дедилар.
29
Сўнг Канъан ерига, оталари Ёқубнинг олдига келиб, бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб бердилар:
30
”У ернинг ҳукмдори биз билан дағал сўзлашди ва бизни ўша ернинг айғоқчилари, деб қабул қилди.
31
Биз эса унга дедик: Биз тўғри одамлармиз, биз айғоқчилар эмасмиз.
32
Биз отамизнинг ўғиллари, ўн икки биродармиз, биримиз йўқ бўлган, энг кичигимиз эса отамиз билан бирга Канъан ерида қолди.
33
У ернинг ҳукмдори эса бизга шундай деди: Сизлар тўғри одамлармисиз, мана, бундан билиб оламан, биродарингиздан бирини меникида қолдиринглар, ўзларингиз эса оилаларингиз очлиги сабабли уларга озиқ олиб боринглар.
34
Сўнг менинг олдимга энг кичик укангизни олиб келинглар. Мана, шундан сизларнинг айғоқчилар эмас, балки тўғри одамлар эканингизни билиб оламан. Сизларга биродарингизни қайтариб бераман ва сизлар шу ерда савдо-сотиқ қилишингиз мумкин”.
35
Улар қопларини бўшатаётганларида, мана, ҳар бирининг кумуш тугуни қопининг ичида эди. Улар кумуш тугунларни кўрганларида, қўрқиб кетдилар.
36
Шунда Ёқуб ўғилларига: “Сизлар мени болаларимдан жудо қилдинглар – Юсуф йўқ, Шимўн йўқ, Беняминни ҳам олиб кетмоқчисизлар, буларнинг ҳаммаси бир менинг бошимга”,- деди.
37
Рубен отасига сўзлаб: “Агар уни олиб келмасам, менинг иккита ўғлимни ўлдиринг. Уни менинг қўлимга топширинг ва мен уни сизга қайтариб олиб келаман”,- деди.
38
Ёқуб эса: “Менинг ўғлим сизлар билан бирга бормайди, чунки унинг акаси ўлиб, у ёлғиз қолди. Агар сизлар борадиган йўлда у билан бирор кулфат рўй берса, сизлар менинг оқарган сочимни қайғу билан қабрга тиқасизлар”,- деди.