41-боб

1 Тўлиқ икки йил ўтгач, фиръавн туш кўрди: Мана, у дарё бўйида турар эди. 2 Мана, дарёдан кўриниши яхши, танаси семиз бўлган еттита сигир чиқиб келиб, улар яйловда ўтлар эдилар. 3 Ундан сўнг дарёдан кўриниши ёмон, танаси ориқ бўлган бошқа еттита сигир чиқиб келди. Улар олдинги сигирларнинг ёнида дарё қирғоғида турдилар. 4 Сўнг кўриниши ёмон, танаси ориқ бўлган сигирлар кўриниши яхши, танаси семиз бўлган сигирларни еб қўйдилар. Шунда фиръавн уйғониб кетди. 5 У яна ухлаб қолиб бошқа туш кўрди: Мана, бир пояда еттита семиз ва яхши бошоқлар кўтарилди. 6 Мана, улардан сўнг еттита ориқ ва шарқ шамоли қуритган еттита бошоқ ўсиб чиқди. 7 Ориқ бошоқлар эса еттита семиз ва тўлиқ бошоқларни ютиб юбордилар. Фиръавн уйғониб кетиб, бунинг туш эканини тушунди. 8 Эрталаб унинг руҳи безовталанди. У Мисрнинг барча мунажжимларига ва донишмандларига одамлар юбориб, уларни чақиртирди. Фиръавн уларга тушини айтиб берди, аммо буни фиръавнга талқин қилиб берувчи йўқ эди. 9 Шунда бош соқий фиръавнга сўзлаб деди: “Мен бугун гуноҳларимни эслаяпман. 10 Фиръавн қулларидан дарғазаб бўлиб, мени ҳамда бош новвойни қўриқчилар бошлиғининг уйига қамоққа ташлаган эди. 11 Биз эса бир тунда туш кўрдик. Ҳар биримиз ўз маъносига эга туш кўрдик. 12 У ерда биз билан бирга қоровуллар бошлиғининг қули, яҳудий ёш йигит бор эди. Биз унга тушимизни айтиб бердик, у эса бизга тушимизнинг таъбирини айтди. У ҳар биримизнинг тушимизга кўра таъбирини айтди. 13 У бизга қандай таъбир қилган бўлса, худди шундай бўлди: Мен ўз ўрнимга қайта тикландим, новвой эса осилди”. 14 Шунда фиръавн одам юбориб, Юсуфни чақиртирди ва уни шошилинч равишда қамоқдан чиқардилар. У соч-соқолини олди, кийимларини алмаштирди ва фиръавннинг ҳузурига келди. 15 Фиръавн Юсуфга: “Мен туш кўрдим ва унинг таъбирини айтиб берувчи йўқ. Сен ҳақингда тушларни талқин қила олади, деб эшитдим”,- деди. 16 Юсуф фиръавнга жавоб бериб: “Бу мендан эмас, Худо фиръавнга тинчлик жавобини беради”,- деди. 17 Фиръавн Юсуфга деди: “Мен тушимда, дарёнинг қирғоғида турар эдим. 18 Мана, дарёдан кўриниши яхши, танаси семиз бўлган еттита сигир чиқди, улар яйловда ўтлар эдилар. 19 Ундан сўнг дарёдан яна бошқа кўриниши ёмон, танаси ориқ бўлган еттита сигир чиқди. Мен бутун Миср ерида улардек ориқ сигирларни кўрган эмасман. 20 Кўриниши ёмон, танаси ориқ бўлган сигирлар эса кўриниши яхши, танаси семиз бўлган сигирларни еб қўйибдилар. 21 Семизлари уларнинг қоринларига кирдилар, аммо уларнинг қоринларига кирганлари кўринмас эди. Улар ҳануз аввалгидек ориқ эдилар. Шунда мен уйғониб кетдим. 22 Сўнг яна туш кўрдим: Мана, бир пояда еттита семиз ва яхши бошоқлар кўтарилди, 23 аммо улардан сўнг еттита ориқ, ингичка ва шарқ шамоли қуритган еттита бошоқ ўсиб чиқди. 24 Ориқ бошоқлар эса еттита семиз ва тўлиқ бошоқларни ютиб юбордилар. Мен буни мунажжимларга айтиб бердим, лекин ҳеч ким менга талқин қилиб бера олмади”. 25 Юсуф фиръавнга деди: “Фиръавннинг туши шундан иборат: Худо нима қилишини фиръавнга очибди. 26 Еттита яхши сигир – бу еттита яхши йилдир ва еттита яхши бошоқ – етти йилдир, буларнинг маъноси бирдир. 27 Улардан сўнг чиққан еттита ориқ ва ёмон сигирлар – етти йилдир; шунингдек, еттита ориқ ва шарқ шамоли қуритган бошоқлар – еттита очарчилик йилидир. 28 Шунинг учун мен фиръавнга: Худо қилмоқчи бўлганини фиръавнга кўрсатибди,- дедим. 29 Мана, бутун Миср ерига етти йил буюк тўкинчилик келади. 30 Ундан сўнг етти йил очлик йили келади. Миср еридаги бор тўкинчилик унутилиб, очарчилик бутун ерни хароб қилади. 31 Кейинча келадиган очарчилик туфайли ерда олдинги тўкинчилик кўринмай қолади, чунки очарчилик жуда оғир бўлади. 32 Туш фиръавнга икки марта қайтарилганининг маъноси шуки – бу Худо томонидан тайинланган нарсадир, Худо буни тезда амалга оширади. 33 Шунинг учун энди фиръавн ақлли ва доно одамни топиб, Миср ери устидан қўйсин. 34 Фиръавн ер устидан назоратчиларни қўйишни ва етти йил тўкинлик пайтида Миср еридан бешинчи қисм фиръавннинг хирмонига йиғишни буюрсин. 35 Улар келадиган яхши йилларнинг озиғини йиғсинлар ва шаҳарларда фиръавннинг қўли остида донни озиқ учун йиғиб сақласинлар. 36 Бу озиқ Миср ерида бўладиган етти йил очлик йилида заҳира бўлади, токи ер очарчиликдан ҳалок бўлмасин”. 37 Бу фиръавнга ва унинг барча қулларига ёқди. 38 Фиръавн қулларига: “Биз бундайдек, ичида Худонинг Руҳи бўлган одамни яна топа оламизми?”- деди. 39 Сўнг фиръавн Юсуфга: “Худо сенга буларнинг барчасини очдими,- деди,- демак, сендек ақлли ва доно йўқ. 40 Энди сен менинг хонадонимнинг устидан ҳоким бўласан. Менинг бор халқим сенинг сўзинг билан ҳаракат қилади. Мен сендан фақат тахтим билан устун бўламан”. 41 Фиръавн Юсуфга яна: “Мана, мен сени бутун Миср ери устидан қўймоқдаман”,- деди. 42 Фиръавн қўлидан узугини ечиб, уни Юсуфнинг қўлига тақди ва зиғир толасидан тикилган кийим кийдириб, бўйнига олтин занжир тақди. 43 Уни ўз араваларидан иккинчисида олиб юришни ва унинг олдидан: “Тиз чўкинглар!”- деб эълон қилишни буюрди. Уни бутун Миср ери устидан қўйди. 44 Фиръавн Юсуфга яна: “Мен фиръавнман. Бутун Миср ерида ҳеч ким сенсиз қўлини ҳам оёғини ҳам узатмайди”,- деди. 45 Фиръавн Юсуфга Тсофнат-Паниах, деб исм қўйди ва унга Гелиопол коҳини Пўтифераҳнинг қизи Осенатни хотинликка берди. Сўнг Юсуф бутун Миср ери бўйлаб юра бошлади. 46 Юсуф Миср подшоҳи фиръавн қаршисида намоён бўлганида, ўттиз ёшда эди. Юсуф фиръавн ҳузуридан чиқиб, бутун Миср юртини кезиб чиқди. 47 Ер етти йил тўкин-сочинлик пайтида ҳовуч-ҳовуч дон берар эди. 48 Юсуф етти йил давомида Миср ерида етилган ҳамма озуқани йиғиб, буни шаҳарларда ғамлади. Ҳар бир шаҳарнинг атрофида бўлган далалардаги озуқаларни ҳам худди шундай ғамлади. 49 Юсуф донни денгиз қумидек кўп ғамладики, ҳатто санашни бас қилди, чунки унинг саноғи йўқ эди. 50 Очарчилик йиллари келгунича, Юсуфнинг иккита ўғли туғилди. Уларни унга Гелиопол коҳини Пўтифераҳнинг қизи Осенат туғиб берди. 51 Юсуф тўнғичига Манашеҳ (“Унуттирадиган”), деб исм бериб: “Худо менинг барча бахтсизликларимни ва отамнинг хонадонини унуттирди”,- деди. 52 Бошқасига эса Эфрайим (“Серҳосил”), деб исм бериб: “Худо мени азобланиш еримда серҳосил қилди”,- деди. 53 Миср ерида бўлган етти йил тўкин-сочинлик пайти тугаб, 54 Юсуф айтган очарчилик йили бошланди. Бутун ер юзида очарчилик эди, аммо бутун Миср ерида нон бор эди. 55 Сўнгра бутун Миср ери ҳам оч қола бошлагач, халқ фиръавнга нон сўраб, фарёд қила бошлади. Фиръавн эса барча мисрликларга: “Юсуфнинг олдига боринглар, у сизларга нима деса, шуни қилинглар”,- деди. 56 Бутун ер юзида очарчилик эди. Юсуф барча заҳираларни очиб мисрликларга нонни сота бошлади. Миср ерида эса очарчилик кучайиб борар эди. 57 Юсуфдан нон сотиб олиш учун барча давлатлардан Мисрга келар эдилар, чунки очарчилик бутун ер юзида кучайиб борар эди.