1
Шу воқеалардан сўнг, Миср подшоҳининг соқийси ва новвойи ўз хўжайини – Миср подшоҳининг қаршисида айбдор бўлдилар,
2
Фиръавн эса шу иккита сарой аъёнидан – бош соқий ва бош новвойдан ғазабланди.
3
Уларни қўриқчиларнинг бошлиғининг уйига, Юсуф тутқунликда бўлган жойга қамоққа ташлади.
4
Қўриқчиларнинг бошлиғи уларга Юсуфни бириктириб қўйди ва Юсуф уларга хизмат қилди. Улар анча вақт тутқунликда бўлдилар.
5
Бир куни Миср фиръавнининг қамоққа ташланган бош соқийси ва бош новвойи туш кўрдилар, иккаловлари ҳам бир кечада, алоҳида аҳамиятга эга бўлган туш кўрдилар.
6
Юсуф эрталаб уларнинг олдига келиб, уларга қаради-да, мана, улар ғамгин эдилар.
7
У ўзи билан бирга хўжайинининг уйида қамоқда бўлган сарой аъёнларидан: “Нима учун бугун юзларингиз ғамгин?”- деб сўради.
8
Улар унга: “Биз туш кўрдик ва унинг таъбирини айтиб берувчи йўқ”,- дейишди. Юсуф уларга: “Туш таъбири Худодан эмасми? Менга айтиб беринглар”,- деди.
9
Бош соқий тушини Юсуфга айтиб бериб деди: “Менинг тушимда олдимда узум токи бор эди.
10
Узум токининг учта шохи бор эди, у куртак ёйди ва гул очди, унда узум шингиллари ўсиб етилди.
11
Фиръавннинг пиёласи менинг қўлимда эди ва мен узумларни олиб уларни фиръавннинг пиёласига сиқиб пиёлани фиръавннинг қўлига узатдим”.
12
Юсуф унга деди: “Мана, бу тушнинг таъбиридир: учта шох – бу уч кундир.
13
Уч кун ичида фиръавн сизнинг бошингизни юксалтиради ва сизни ўз ўрнингизга қайта тиклайди. Сиз илгари унга соқий бўлиб хизмат қилганингиздек, фиръавннинг қўлига пиёла узатасиз.
14
Аҳволингиз яхши бўлганида, мени эсланг ва менга эзгулик қилиб фиръавннинг қаршисида мени тилга олиб, мени бу уйдан олиб чиқинг.
15
Чунки мени ибронийлар еридан ўғирлашди, бу ерда ҳам мени қамоққа ташлашларига арзийдиган иш қилганим йўқ”.
16
Бош новвой тушни яхши таъбир қилганини кўрганида, Юсуфга деди: “Мен ҳам туш кўрдим. Мана, менинг бошимда учта оқ сават бор эди.
17
Энг юқоридаги саватда фиръавн учун турли хил пишириқлар бор эди ва қушлар уларни менинг бошимдаги саватдан чўқир эдилар”.
18
Юсуф жавоб бериб деди: “Мана, бу унинг таъбиридир: учта сават – бу уч кундир.
19
Уч кундан сўнг фиръавн сизнинг бошингизни танангиздан жудо қилиб, сизни дарахтга осади ва қушлар сизнинг танангизни чўқийдилар”.
20
Учинчи куни, фиръавннинг туғилган кунида у барча аъёнлари учун зиёфат қилди. Шунда у бош соқийсини ва бош новвойини аъёнлари олдига чақиртирди.
21
У бош соқийсини яна соқийлик хизматига тиклади. У фиръавннинг қўлига пиёла тутадиган бўлди.
22
Аммо Юсуф таъбир қилганидек, бош новвойни дорга остирди.
23
Бош соқий эса Юсуфни эсламади, аксинча, уни унутиб юборди.