39-боб

1 Юсуф Мисрга олиб кетилди. Фиръавннинг сарой аъёни, соқчилар бошлиғи, мисрлик Пўтифар – уни ўша ерга олиб келган исмоилликлар қўлидан сотиб олди. 2 Раббий Юсуф билан бирга эди, шунинг учун у муваффақиятли киши эди. У мисрлик хўжайинининг уйида яшар эди. 3 Унинг хўжайини Раббийнинг у билан эканини ва Раббий у қилаётган ҳар бир ишда унинг қўлига муваффақият бераётганини кўрди. 4 Юсуф унинг нигоҳида илтифот топди ва унга хизмат қилди. Хўжайини эса ўз хонадонидаги ҳамма нарсанинг устидан уни назоратчи қилиб қўйиб, ўзидаги ҳамма нарсани унинг қўлига топширди. 5 У Юсуфни бутун хонадони устидан ва хонадонидаги ҳамма нарса устидан назоратчи қилиб қўйганидан сўнг, Раббий Юсуф ҳақи мисрликнинг хонадонига барака берди. У уйда ва далада эга бўлган ҳамма нарсанинг устида Раббийнинг баракаси бор эди. 6 У бор мулкини Юсуфнинг қўлига топшириб, ўзи еяётган нондан бошқа ҳеч нарсани билмас эди. Юсуф кўркам ва қадди-қомати келишган киши эди. 7 Шу воқеалардан сўнг унинг хўжайинининг хотини Юсуфга нигоҳини қаратиб: “Мен билан ётгин”,- деди. 8 Аммо Юсуф буни рад этиб, хўжайинининг хотинига деди: “Мана, менинг хўжайиним хонадонида ҳеч нарсани билмайди ва эга бўлган ҳамма нарсасини менинг қўлимга топширди. 9 Бу уйда мендан улуғроқ киши йўқ. У менга сиздан бошқа ҳеч нарсани тақиқламади, чунки сиз унинг хотинисиз. Қандай қилиб мен Худо қаршисида бу қадар буюк ёвузлик ва гуноҳни қиламан?” 10 У Юсуфга ҳар куни у билан ётиш ва у билан бўлиш ҳақида айтар, Юсуф эса унга қулоқ солмас эди. 11 Бир куни Юсуф ўз ишларини қилиш учун уйга кирганида, ичкарида уй хизматчиларидан ҳеч ким йўқ эди. 12 У Юсуфнинг кийимидан тутиб: “Мен билан ёт”,- деди. У кийимини унинг қўлида қолдириб югурди ва ташқарига қочиб чиқди. 13 Аёл у кийимини унинг қўлида қолдириб, югуриб чиққанини кўргач, 14 хонадонининг хизматкорларини чақириб уларга: “Қаранглар,- деди,- у бизни мазах қилиш учун ибронийни олиб келди. У менинг олдимга мен билан ётиш учун келди. Мен эса баланд овозда қичқирдим. 15 У менинг баланд овозда қичқирганимни эшитганида, кийимини менда қолдириб, югурганча қочиб чиқди”. 16 Шундай қилиб, хўжайини уйга келгунича, у кийимни ўзи билан олиб қолди. 17 У хўжайинига ўша сўзларни такрорлаб деди: “Сен олиб келган яҳудий қул мени мазах қилиш учун менинг олдимга келди. 18 Мен эса овозимни баланд қилиб қичқирганимда, у кийимини менинг қўлимда қолдириб, ташқарига югуриб чиқди”. 19 Унинг хўжайини хотинининг унга айтган сўзларини: “Сенинг қулинг менга шундай қилди”,- деганини эшитганида, унинг ғазаби қайнади. 20 Шунинг учун Юсуфнинг хўжайини уни олиб қамоққа, подшоҳнинг маҳбуслари ташланган қамоқхонага ташлади. У ўша ерда қамоқда бўлди. 21 Аммо Раббий Юсуф билан бирга эди ва унга шафқат қилиб, қамоқхона бошлиғининг нигоҳида илтифот берди. 22 Қамоқхона бошлиғи қамоқхонадаги барча маҳбусларни Юсуфнинг қўлига топширди. Улар нимаики қилсалар, Юсуф бунинг иш юритувчиси эди. 23 Қамоқхона бошлиғи унинг қўли остидаги ҳеч нарсага қарамас эди, чунки Раббий у билан бирга эди. У нимаики қилса, Раббий бунга муваффақият берар эди.