1
Ўша вақтда Яҳудо ака-укаларидан ажралиб, исми Хираҳ бўлган бир адулламликнинг олдида жойлашди.
2
У ерда Яҳудо исми Шуа бўлган бир канъанликнинг қизини кўрди. Шунда у уни олиб, у билан қовушди.
3
У ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Яҳудо унинг исмини Эир қўйди.
4
У яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди ва унинг исмини Онан қўйди.
5
Сўнг у яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Яҳудо унинг исмини Шелаҳ қўйди. Хотини унга ўғил туққанида, Яҳудо Хазибда эди.
6
Яҳудо тўнғичи Эирга хотин олиб берди, унинг исми Тамар эди.
7
Яҳудонинг тўнғичи Эир Раббийнинг нигоҳида ярамас эди. Раббий уни ўлдирди.
8
Яҳудо Онанга: “Акангнинг хотинининг олдига кириб, унга уйлангин ва акангнинг уруғини тиклагин”,- деди.
9
Онан уруғ унга бўлмаслигини билар эди, шунинг учун акасининг хотини билан қовушаётганида, акасига уруғ бермаслик учун уни ерга тўкар эди.
10
Унинг бу қилган иши Раббийнинг қаршисида ёвузлик эди, шунинг учун У уни ҳам ўлдирди.
11
Сўнгра Яҳудо келини Тамарга: “Ўғлим Шелаҳ улғайгунича отангнинг уйида бевадек яшаб тургин”,- деди. Чунки у ўзича: “Бу ҳам акаларига ўхшаб ўлмасин”,- деган эди. Тамар кетиб, отасининг уйида яшай бошлади.
12
Узоқ вақт ўтиб, Шуанинг қизи бўлмиш Яҳудонинг хотини оламдан ўтди. Яҳудо юпангач, ўзи ҳам, у билан бирга адулламлик дўсти Хираҳ ҳам Тимнаҳга, подаларининг жун қирқувчиларининг олдига боришди.
13
Тамарга: “Мана, сенинг қайнатанг Тимнаҳга қўйларининг жунини қирққани кетяпти”,- дейишди.
14
У бевалик кийимларини эгнидан ечиб, ўзини ёпинчиқ билан тўсди ва ўраниб Тимнаҳ йўлидаги очиқ жойда ўтирди. Чунки у Шелаҳнинг улғайганини, уни эса унга хотинликка бермаганларини билар эди.
15
Яҳудо уни кўрганида, уни фоҳиша, деб ўйлади, чунки у юзини тўсган эди.
16
Шунда у томонга бурилиб: “Кел, сенга кирай”,- деди, (чунки у ўзининг келини эканини билмас эди.) У: “Агар менга кирсангиз, нима берасиз?”- деди.
17
У: “Мен сенга подадан улоқча юбораман”,- деди. Тамар: “Уни юборгунингизча, бирор нарса гаровга берасизми?”- деди.
18
Яҳудо: “Сенга гаровга нима берай?”- деди. У эса: “Муҳрингизни, боғичингизни ва қўлингиздаги ҳассангизни”,- деди. У буларни унга бериб, унга кирди ва Тамар ундан ҳомиладор бўлди.
19
У ўрнидан туриб кетди ва ёпинчиғини ечиб, ўзининг бевалик кийимларини кийди.
20
Яҳудо аёлнинг қўлидан гаров нарсаларини олиш учун улоқчани адулламлик дўсти орқали юборди, аммо у уни топа олмади.
21
Шунда у шу жойнинг одамларидан: “Очиқ йўл бўйидаги фоҳиша қани?”- деб сўради. Улар: “Бу жойда ҳеч қанақа фоҳиша йўқ эди”,- дейишди.
22
У Яҳудонинг олдига қайтиб: “Мен уни топа олмадим, яна ўша жойнинг одамлари ҳам: Бу жойларда фоҳиша йўқ эди,- дейишди”,- деди.
23
Яҳудо: “Буни ўзига олсин, фақат биз шарманда бўлмасак бас: Мана, мен бу улоқчани юбордим, сен эса уни топа олмадинг”,- деди.
24
Уч ойлар ўтганидан сўнг, Яҳудога: “Келининг Тамар зино қилибди ва шу зинодан ҳомиладор ҳам бўлибди”,- дейишди. Яҳудо: “Уни олиб чиқинглар, у ёндирилсин”,- деди.
25
У олиб чиқаётганларида, қайнатасига: “Мана, бу нарсаларнинг эгасидан ҳомиладорман,- деб айттириб юборди,- қараб кўринг, бу муҳр, боғич ва ҳасса кимники?”.
26
Яҳудо буларни таниб: “У мендан кўра ҳақроқ, чунки мен уни ўғлим Шелаҳга олиб бермадим”,- деди. Сўнг унга бошқа тегмади.
27
Туғруқ вақтида унинг қорнидаги эгизаклар эканлиги билинди.
28
Туғруқ вақтида уларнинг бири қўлини чиқарганида, доя унинг қўлидан ушлаб: “Буниси биринчи чиқди”,- деб унга алвон ип боғлади.
29
Аммо у қўлини ортга тортиб олди ва, мана, иккинчиси чиқиб келди. Шунда доя: “Тўсиқни қандай ёриб ўтдинг?”- деди. Шунинг учун унга Перез, деб исм қўйишди.
30
Сўнгра қўлида алвон ипи билан акаси чиқиб келди. Унга Зераҳ, деб исм қўйишди.