1
Ёқуб эса отаси мусофир бўлган ерда, Канъан ерида яшади.
2
Мана, бу Ёқубнинг насл-насаби: Юсуф ўн етти ёшлигида акалари билан подани боқаётган эди. Ўсмир отасининг хотинлари Билхаҳнинг ўғиллари ҳамда Зилпаҳнинг ўғиллари билан бирга эди. Юсуф отасига улар ҳақида ёмон гаплар олиб келар эди.
3
Исроил Юсуфни бошқа барча фарзандларидан кўра кўпроқ яхши кўрар эди, чунки у унинг кексалик ёшидаги фарзанди эди ва унга ранг-баранг кўйлак қилиб берди.
4
Отаси уни ҳамма акаларидан кўра кўпроқ яхши кўришини кўрганларида, акалари ундан нафратланиб, у билан дўстона гаплаша олмай қолдилар.
5
Юсуф эса туш кўрди ва тушини акаларига айтиб берди. Шунда улар ундан янада кўпроқ нафратланишди.
6
У уларга деди: “Мен кўрган тушни эшитинглар.
7
Мана, биз далада буғдой боғлаётган эдик. Мана, менинг буғдой боғламим кўтарилди ҳамда тик турди. Сўнг сизларнинг буғдой боғламларингиз унинг атрофини ўрадилар ва менинг буғдой боғламимга таъзим қилдилар”.
8
Шунда унинг акалари унга: “Наҳотки, сен бизнинг устимиздан ҳукмронлик қиласан? Наҳотки, сен бизнинг устимиздан ҳокимлик қиласан?”- дейишди. Шунда унинг тушлари ҳамда сўзлари учун ундан янада кўпроқ нафратланишди.
9
У яна бошқа бир туш кўрди ва буни акаларига айтиб бериб деди: “Мана, мен яна бир туш кўрдим: қуёш, ой ҳамда ўн битта юлдузлар менга таъзим қилишди”.
10
У буни отаси ва акаларига айтиб берди. Отаси уни койиб: “Бу кўрган тушинг нима? Мен ва онанг, ҳамда акаларинг сенга ергача таъзим қилгани келамизми?”- деди.
11
Акалари ундан нафратланишди. Аммо отаси бу сўзни эътиборга олиб қўйди.
12
Сўнг акалари отасининг подасини боққани Шеқемга кетишди.
13
Исроил Юсуфга: “Акаларинг Шеқемда пода боқмаяптиларми? Кел, мен сени уларнинг олдига юбораман”,- деди. У унга жавобан: “Мана, менман”,- деди.
14
Исроил унга: “Бор, кўр-чи, акаларинг соғ-саломатми, подалар омонми, менга хабар келтир”,- деди. Шундай қилиб, уни Хеброн водийсидан жўнатди. У Шеқемга келди.
15
Бир киши уни далада дайдиб юрган ҳолда топди ва у одам ундан: “Нимани излаяпсан?”- деб сўради.
16
У: “Мен акаларимни излаяпман, айтингчи, улар подани қаерда боқишяпти?”- деди.
17
У одам деди: “Улар бу ердан кетишди, мен уларнинг: Дотанга юринглар,- деганларини эшитдим”. Юсуф акаларининг ортидан бориб, уларни Дотанда топди.
18
Акалари уни узоқдан кўришди. У уларга яқинлашишидан олдин, уни ўлдиришга қасд қилишиб,
19
бир-бирларига дейишди: “Мана, туш кўрувчи келмоқда.
20
Келинглар энди, уни ўлдирамиз ва бирор бир чуқурга ташлаб: Қандайдир ёввойи ҳайвон уни еб кетди,- деб отамизга айтамиз. Шунда кўрамиз, унинг тушларидан нима чиқар экан”.
21
Буни Рубен эшитиб, уни уларнинг қўлидан қутқарди. У: “Уни ўлдирмаймиз”,- деди.
22
Рубен уларга: “Қон тўкманглар, уни саҳродаги чуқурга ташланглар, унга қўл тегизманглар”,- деди. У уларнинг қўлидан уни қутқармоқчи ва отасининг қўлига қайтармоқчи эди.
23
Юсуф акаларининг олдига келганида, улар Юсуфнинг кўйлагини, унинг эгнида бўлган ранг-баранг кўйлагини ечиб олишди.
24
Сўнг уни олиб чуқурга ташлашди. Ўша чуқур бўш бўлиб, унда сув йўқ эди.
25
Сўнг улар нон ейишга ўтирдилар ва нигоҳини кўтариб қарашдики, мана, исмоилликлар карвони хушбўйликлар, мойлар ва ладан ортган туялари билан Гилъаддан келишар, буларни Мисрга олиб бормоқчи эдилар.
26
Шунда Яҳудо ака-укаларига деди: “Ўз укамизни ўлдириб, унинг қонини яширишдан нима фойда?
27
Келинглар, уни исмоилликларга сотамиз, бизнинг қўлимиз унда бўлмасин, чунки у бизнинг укамиз ва бизнинг танамиздир”. Ака-укалари унга қулоқ солдилар.
28
Мидианлик савдогарлар ўтаётганларида, акалари Юсуфни чуқурдан тортиб чиқариб, уни исмоилликларга йигирма кумуш тангага сотдилар. Улар эса Юсуфни Мисрга олиб кетдилар.
29
Рубен чуқурга қайтиб келди-да, мана, чуқурда Юсуф йўқ эди. Шунда у кийимларини йиртиб ташлади.
30
У укаларининг олдига бориб: “Ўсмир жойида йўқ, энди мен қаерга қочай?”- деди.
31
Улар эса Юсуфнинг кўйлагини олишди, эчки боласини сўйиб, кўйлакни қонига ботиришди.
32
Сўнг ранг-баранг кўйлакни олиб бориб, уни оталарига келтириб: “Буни биз топиб олдик, қараб кўринг-чи, бу ўғлингизнинг кўйлагими ёки йўқми”,- дедилар.
33
У буни таниб: “Бу ўғлимнинг кўйлаги, ёввойи ҳайвон уни еб кетган, шубҳасиз Юсуф тилка-пора қилинган”,- деди.
34
Ёқуб кийимларини йиртиб ташлади ва белига қанор кийими ўраб, узоқ кунлар ўғли учун мотам тутди.
35
Унинг барча ўғиллару қизлари уни юпатишга йиғилдилар, аммо у юпанишни истамас эди. У: “Бу мотам билан ўғлимнинг олдига гўрга кираман”,- деди. Ёқуб у учун шундай деб йиғлар эди.
36
Мидианликлар эса Юсуфни Мисрда фиръавннинг сарой аъёни ва унинг қўриқчиларининг бошлиғи бўлмиш Пўтифарга сотишди.