15
1
Биз кучлилар ўзимизнинг кўнглимизни олмасдан, заифларнинг ожизликларини кўтариб юришимиз керак.
2
Ҳар биримиз ўз яқинимизни яхшиликка барпо қилиш учун унинг кўнглини олишимиз керак.
3
Чунки Масиҳ ҳам Ўзининг кўнглини олмас эди, аммо ёзилганидек: “Сени ҳақорат қилувчиларнинг ҳақорати Менинг устимга тушди”.
4
Зеро илгаридан нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилгандир, токи биз Ёзувдаги сабр-тоқат ва юпанч орқали умидга эга бўлайлик.
5
Сабр-тоқат ва юпанч Худоси эса сизларга бир-бирингиз билан Исо Масиҳга мувофиқ ҳамфикр бўлишни ато этсин,
6
токи сизлар якдиллик билан бир оғиздан Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси бўлган Худони улуғланглар.
7
Шунинг учун, Масиҳ сизларни Худонинг шуҳратига қабул қилганидек, сизлар ҳам бир-бирингизни қабул қилинглар.
8
Сизларга шуни айтаманки, оталарга берилган ваъдалар тасдиқланиши учун Худонинг ҳақиқати ҳақи Исо Масиҳ хатна қилинганларнинг хизматкори бўлди
9
ва раҳм-шафқат ҳақи мажусийларнинг хизматкори бўлди, токи улар Худони улуғласинлар, худди ёзилганидек: “Шунинг учун мажусийларнинг орасида Сени улуғлайман ва Сенинг исмингни куйлайман”.
10
Яна айтилган: “Эй, мажусийлар, Унинг халқи билан бирга хурсандчилик қилинглар”.
11
Ва яна: “Эй, мажусийларнинг барчаси, Раббийни мадҳ этинглар! Эй, халқларнинг барчаси, Уни улуғланглар”.
12
Йешайаҳ пайғамбар ҳам шундай демоқда: “Мажусийларга ҳукмронлик қилиш учун Иешайнинг томири кўтарилади. Мажусийлар Унга умид боғлайдилар”.
13
Умид Худоси эса сизларни ҳар қандай қувончга ва имондаги тинчликка тўлдирсин, токи сизлар Муқаддас Руҳнинг кучи орқали умидга бой бўлинглар.
14
Эй, биродарларим, менинг ўзим ҳам сизлар ҳақингизда аминманки, сизлар эзгулик билан тўласизлар, барча билимга тўлгансизлар ва бир бирингизга насиҳат қилишга қодирсизлар.
15
Аммо, биродарларим, сизларга эслатиб қўйиш учун бирмунча дадиллик билан ёздим. Зеро менга Худодан берилган иноят туфайли
16
мен мажусийлар учун Исо Масиҳнинг хизматкори бўлиб, Хушхабарнинг руҳонийлик хизматини бажармоқдаман, токи мажусийларнинг қурбонликлари Муқаддас Руҳ орқали муқаддасланиб, Худога маъқул бўлсин.
17
Шундай қилиб, Худога тегишли бўлган нарсаларда мен Исо Масиҳ орқали мақтансам бўлади.
18
Чунки Масиҳ мажусийларни бўйсундириш учун мен орқали сўзда ва ишда қилмаган бирор нарса ҳақида гапиришга журъат этмайман.
19
Масиҳ буни қудратли аломатлару мўъжизалар ва Худо Руҳининг кучи билан ижро этди. Шундай қилиб, мен Йерусалим ва унинг ён атрофидан бошлаб, то Иллирикагача Масиҳнинг Хушхабарини тўлиқ воизлик қилдим.
20
Шу билан бирга, мен бошқаларнинг пойдевори устига қурмаслик учун Масиҳнинг номи ҳали маълум бўлмаган ерларда Хушхабарни воизлик қилишга жон куйдирдим.
21
Худди ёзилганидек: “У ҳақида бехабар бўлганлар кўрадилар, У ҳақида эшитмаганлар англайдилар”.
22
Мана шу сабаб сизларнинг олдингизга келишим учун менга кўп марта тўсқинлик қилди.
23
Аммо энди бу юртларда шундай жойлар қолмагани ва анча йиллардан бери сизларнинг олдингизга келишни истаганим учун,
24
Испанияга жўнаётганимда, сизларнинг олдингизга келаман. Чунки мен умид қиламанки, ўтиб кетаётганимда аввал сизларни кўриб, бироз дийдорингизга тўйганимдан сўнг, мени у ерга кузатиб қўясизлар.
25
Ҳозир эса мен муқаддасларга хизмат қилиш учун Йерусалимга боряпман.
26
Чунки Македония ва Аҳаядаги имонлилар Йерусалимда бўлган муқаддаслар орасидаги камбағаллар учун эҳсон тўплашни маъқул топдилар.
27
Ҳа, маъқул топдилар, чунки улар яҳудийлардан қарздорлар-да: зеро агар мажусийлар уларнинг руҳий нарсаларига шерик бўлган бўлсалар, уларга ҳам моддий нарсаларда хизмат қилишлари керак.
28
Шунинг учун мен шу ишни бажариб, уларга бу ҳосилни тақдим этгач, сизларнинг жойларингиз орқали Испанияга жўнаб кетаман.
29
Ишончим комилки, мен сизларнинг олдингизга келганимда, Масиҳдаги тўлиқ қут-барака билан келаман.
30
Эй, биродарларим! Раббий Исо Масиҳ ва Руҳ севгиси билан сизларга ёлвораман: Худога мен учун ибодатларингда мен билан бирга жанг қилинглар,
31
токи мен Яҳудиядаги имонсизлардан қутулай ва менинг Йерусалим учун бўлган хизматим муқаддасларга маъқул бўлсин,
32
токи мен Худонинг иродаси бўйича сизларнинг олдингизга қувонч билан келай ва сизлар билан ором топай.
33
Тинчлик Худоси эса сизларнинг ҳаммангиз билан бирга бўлсин. Омин.