1
1
Худонинг Хушхабари учун ажратилган ва даъват этилган ҳаворий ҳамда Исо Масиҳнинг қули бўлган Повулдан салом.
2
Худо азалдан Ўзининг пайғамбарлари орқали муқаддас Ёзувларда ваъда қилган ушбу Хушхабар Унинг Ўғли ҳақидадир.
3
У жисман Довуднинг уруғидан бўлиб,
4
муқаддаслик Руҳи бўйича эса ўликлардан тирилиши орқали Худонинг Ўғли эканини қудратда намоён қилди.
5
У орқали биз иноят ва ҳаворийликни олдик, токи Унинг номи ҳақи барча халқларни имонга бўйсундирайлик.
6
Уларнинг орасида сизлар ҳам Исо Масиҳ томонидан даъват этилгансизлар.
7
Шундай қилиб, муқаддас бўлишга даъват этилган барча Римда яшовчиларга, Худонинг севганларига Отамиз Худодан ва Раббий Исо Масиҳдан иноят ва тинчлик бўлсин.
8
Энг аввало, имонингиз бутун дунёга хабар қилинаётгани сабабли сизларнинг ҳаммаларингиз учун Исо Масиҳ орқали Худойимга миннатдорчилик билдираман.
9
Мен Ўғлининг Хушхабарида руҳим билан хизмат қилаётган Худо эса сизларни тинимсиз эслаётганимга гувоҳдир.
10
Мен ҳамиша ибодатларимда сўраяпманки – қачондир менинг ёнингизга боришим Худонинг иродаси бўйича муваффақиятли бўлсин.
11
Чунки мен сизларни кўришни жуда ҳам орзу қилмоқдаман, токи сизларнинг мустаҳкамланишингиз учун мен сизларга бирон бир руҳий инъом тақдим этай,
12
шу орқали сизлар билан бирга умумий (яъни сизларнинг ва ўзимнинг) имонимиз билан тасалли топай.
13
Энди, биродарлар, сизларнинг бехабар қолишингизни истамайман: мен бошқа халқлардаги сингари, сизларда ҳам бирор ҳосилга эга бўлишим учун кўп марта ёнингизга боришни ният қилган эдим, лекин ҳозиргача тўсқинликка дуч келганман.
14
Мен юнонлару варварлардан ҳам донолару жоҳиллардан ҳам қарздорман.
15
Шундай қилиб, менга келсак, мен Римда яшаётган сизларга ҳам Хушхабарни воизлик қилишга тайёрман.
16
Чунки мен Масиҳнинг Хушхабаридан уялмайман, чунки бу Хушхабар ҳар бир имон келтирганнинг, яъни аввало яҳудий, кейин юноннинг нажот топиши учун Худонинг куч-қудратидир.
17
Ушбу Хушхабарда Худонинг ҳақлиги имондан имонга ошкор бўлмоқда, худди ёзилганидек: “Ҳақ одам имони билан яшайди”.
18
Ҳақиқатни ноҳақлик билан эзаётган инсонларнинг барча бетавфиқлиги ва ноҳақлигига эса осмондан Худонинг ғазаби ошкор бўлмоқда.
19
Чунки Худо ҳақида нимани билиш мумкин бўлса, уларга аёндир, негаки Худо уларга очиб берган.
20
Зеро дунёнинг яратилишидан бошлаб Унинг кўринмас хусусиятлари, абадий қудрати ҳамда илоҳийлиги Унинг ижодлари орқали очиқ кўринмоқда ва англанмоқда. Шунинг учун уларга узр йўқ.
21
Чунки улар Худони таниб билиб, Уни Худо каби улуғламадилар ва миннатдор бўлмадилар, лекин ўз хаёлларида беҳудаликка берилдилар ва уларнинг бефаҳм юраги қоронғилашди:
22
ўзларини доно ҳисоблаб, ақлдан оздилар,
23
чиримас Худонинг шуҳратини чирийдиган инсон ва қушларнинг, тўртоёқлилар ва судралувчиларнинг тасвирига алмаштирдилар.
24
Шунинг учун ҳам Худо уларнинг юрак ҳирсларида уларни нопокликка топширди, шундай қилиб, улар ўз-ўзларида таналарини ҳаром қиладилар.
25
Улар Худонинг ҳақиқатини ёлғонга алмаштирдилар ва Ижодкорнинг ўрнига ижодга хизмат қилиб сажда қилдилар. (Худо эса абадулабад муборакдир, омин!)
26
Шу сабабдан Худо уларни уятли ҳирсларга топширди: уларнинг аёллари табиий жинсий муносабатни ғайритабиий муносабатга алмаштирдилар.
27
Шунингдек, эркаклар ҳам аёл билан табиий жинсий муносабатни қолдириб, бир-бирларига нисбатан ўз ҳирсларида ёниб, эркаклар билан эркаклар шармандагарчилик қилдилар ва ўзларининг адашганларига яраша ўзларида жазо олдилар.
28
Улар ўз билимларида Худога эга бўлишга ҳаракат қилмаганлари учун, улар ярамас ишларни қилишлари учун Худо уларни бузуқ онгга топширди.
29
Улар ҳар қандай ноҳақлик, зино, бетавфиқлик, тамагирлик ва ёвузликка тўлган бўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, низо, алдов, бадфеъллик ва туҳматга тўладирлар.
30
Улар ғийбатчи, Худодан нафратланувчи, дилозор, мақтанчоқ, мағрур, ёмонлик ихтирочиси, ота-онага итоатсиз,
31
фаҳмсиз, аҳд бузувчи, меҳрсиз, муросасиз ва раҳм-шавқатсиздирлар.
32
Улар Худонинг ҳақ ҳукмини, яъни бундай ишларни қилувчилар ўлимга лойиқ эканлигини биладилар-у, буларни нафақат қиладилар, балки бу ишларни қилувчиларни ҳам маъқуллайдилар.