1
1
Бу – Исо Масиҳнинг ваҳийсидир. Тез кунларда содир бўладиган нарсаларни Ўз қулларига кўрсатиш учун Худо буни Унга берди ва Ўз фариштаси орқали юбориб, Ўз қули Юҳаннога кўрсатди.
2
Юҳанно эса Худонинг сўзи, Исо Масиҳнинг гувоҳлиги ва кўрган нарсалари ҳақида гувоҳлик берди.
3
Бу башорат сўзларини ўқийдиган ва эшитадиган ҳамда унда ёзилганларига риоя қиладиган одам бахтлидир, чунки вақт яқин.
4
Юҳанно Асиядаги еттита Жамоатга: “Сизларга ҳозир Бор, азалдан бор Бўлган ва Келаётгандан, ҳамда Унинг тахти олдида турган еттита руҳдан,
5
шунингдек, содиқ Гувоҳ, ўликлар ичидан Тўнғич, ердаги подшоҳларнинг Ҳукмдори Исо Масиҳдан – иноят ва тинчлик бўлсин!” Бизни севган, Ўз қони билан бизнинг гуноҳларимизни ювган,
6
бизни Ўз Отаси ва Худойимизга подшоҳлару руҳонийлар қилиб қўйган Исо Масиҳга абадулабад шараф ва ҳукмронлик бўлсин! Омин.
7
Мана, У булутлар билан келмоқда! Уни ҳар бир кўз кўради, Унинг танасини тешганлар ҳам кўрадилар. Ернинг барча қабилалари Унинг олдида йиғлаб юборадилар. Ҳа, омин!
8
“Мен Алфа ва Омега, Бошланиш ва Тугашдирман,- дейди Раббий,- ҳозир Бор, азалдан бор Бўлган ва Келаётган Қодир Худоман”.
9
Мен – Исо Масиҳдаги азоб, салтанат ҳамда бардошга шерик бўлган биродарингиз Юҳанно – Худонинг сўзи ҳамда Исо Масиҳнинг гувоҳлиги учун Патмос номли оролда эдим.
10
Раббийнинг кунида мен Руҳда эдим, ортимда карнай садосига ўхшаш кучли овоз эшитдим. У дер эди:
11
“Кўраётганларингни китобга ёзиб, Асиядаги еттита Жамоатга – Эфес, Смирна, Пергам, Тиатир, Сардис, Филаделфия ва Лаодикияга юбор”.
12
Мен билан гаплашган овоз кимники эканлигини билиш учун ўгирилдим. Ўгирилиб эса, еттита олтин шамдонни кўрдим.
13
Еттита шамдоннинг ўртасида эса тўпиғигача тушган ридо кийган ва кўксига олтин камар боғлаган Инсон Ўғлига ўхшаш бир Кимсани кўрдим.
14
Унинг боши ҳамда сочлари оқ жундек ва қордек оппоқ эди. Унинг кўзлари алангали оловдек эди.
15
Унинг оёқлари қиздирилган ярқироқ мисдек эди. Унинг овози кўплаб сувларнинг шовқинидек эди.
16
У ўнг қўлида еттита юлдузни тутиб турар, Унинг оғзидан дудама қилич чиқар эди. Унинг юзи эса ўз кучида порлаётган қуёшдек эди.
17
Мен Уни кўрганимда, Унинг оёқларига мурдадек йиқилдим. У менга ўнг қўлини қўйиб, деди: “Қўрқма, Мен Биринчи ва Охиргидирман,
18
Тирикман. Мен ўлган эдим ва, мана, абадулабад тирикман. Мен дўзах ва ўлимнинг калитларига эгаман.
19
Энди, сен кўрган нарсалар, бор нарсалар ва бундан кейин келадиган нарсаларни ёзгин.
20
Сен Менинг ўнг қўлимда кўрган еттита юлдуз ва еттита олтин шамдоннинг сири шудир: Еттита юлдуз – бу еттита Жамоатнинг фаришталаридир, сен кўрган еттита шамдон эса – бу еттита Жамоатдир”.