8
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Аҳарўнга маълум қилиб айтгин: Сен чироқпояни ёққанингда, чироқпоянинг олд томонида еттита мойчироқ ёниши керак”.
3
Аҳарўн худди шундай қилди. Раббий Мусога амр берганидек, чироқпоянинг олд томонида унинг мойчироқларини ёқди.
4
Чироқпоя шундай қилинган эди: у олтиндан зарб уриб ясалган эди, унинг шохидан то гулчаларигача зарб урилган эди. Раббий Мусога кўрсатган намуна бўйича у чироқпояни ясаган эди.
5
Раббий яна Мусога сўзлаб деди: 6 “Исроил ўғиллари орасидан левитларни олиб, уларни покла.
7
Уларни поклаш учун улар билан шундай йўл тутгин: поклайдиган сувни уларга сеп, улар эса ўз таналарини тўлиқ қириб, ўз кийимларини ювсинлар, шунда улар пок бўладилар.
8
Сўнгра улар ёш бузоқ ва унга қўшиб, нон бағишловини, яъни мой аралаштирилган буғдой унини олсинлар, шунингдек, бошқа бир бузоқни гуноҳ учун қурбонликка ол.
9
Левитларни Йиғин Чодири олдига олиб келиб, Исроил ўғилларининг бутун жамоасини йиққин.
10
Левитларни Раббийнинг олдига олиб кел, Исроил ўғиллари эса ўз қўлларини уларга қўйсинлар.
11
Аҳарўн левитларни худди Исроил ўғилларидан бўлган силкитиш қурбонидек Раббий юзи олдида тақдим қилади, токи улар Раббийга хизматни амалга оширсинлар.
12
Левитлар эса ўз қўлларини бузоқларнинг бошига қўйсинлар. Шунда сен биринчисини гуноҳ учун қурбонликка, иккинчисини ўзларининг покланиши учун Раббийга тамоман ёндириш қурбонлигига келтир.
13
Сўнг левитларни Аҳарўн билан унинг ўғилларининг қаршисига қўйиб, уларни худди силкитиш қурбонидек Раббийга тақдим қил.
14
Шундай қилиб, левитлар Меники бўлиши учун уларни Исроил ўғилларидан ажрат.
15
Сен левитларни поклаганингдан ва уларни худди силкитиш қурбонидек Менга тақдим қилганингдан кейин, улар Йиғин Чодирига хизмат қилиш учун кирадилар, чунки улар Исроил ўғилларидан Менга берилгандир.
16
Бачадонни очиб чиқадиган Исроил ўғилларидан барча тўнғичларнинг ўрнига Мен уларни Ўзимга оламан,
17
зеро Исроил ўғилларида барча тўнғичлар ― одамдан ҳайвонгача Меникидир. Мен Миср ерида барча тўнғичларни қириб ташлаган кунда Мен уларни Ўзимга бағишладим.
18
Исроил ўғилларидан барча тўнғичлар ўрнига эса Мен левитларни олдим.
19
Мен левитларни Исроил ўғиллари орасидан Аҳарўн ва унинг ўғилларига бердим, токи улар Исроил ўғиллари учун Йиғин Чодирида хизматни амалга оширсинлар. Исроил ўғиллари Муқаддасгоҳга яқинлашганларида, уларга қирғин келмаслиги учун левитлар Исроил ўғилларига ҳимоячи бўлиб хизмат қилсинлар”.
20
Мусо, Аҳарўн ва Исроил ўғилларининг бутун жамоаси левитлар билан шундай қилдилар. Раббий Мусога левитлар ҳақида қандай амр берган бўлса, Исроил ўғиллари уларга худди шундай қилдилар.
21
Левитлар покланиб, ўз кийимларини ювдилар. Аҳарўн уларни худди силкитиш қурбонидек Раббийга тақдим қилди ва улар пок бўлиши учун уларни поклади.
22
Шундан сўнг левитлар Аҳарўн ва унинг ўғиллари қаршисида хизматни амалга ошириш учун Йиғин Чодирига кирдилар. Раббий Мусога левитлар ҳақида қандай амр берган бўлса, уларга худди шундай қилдилар.
23
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
24
“Левитлар ҳақидаги низом мана бу: Улар Йиғин Чодиридаги ишларни қилиш учун йигирма беш ёш ва ундан катта бўлганларида, хизматга киришлари керак.
25
Эллик ёшларида хизмат ишларини тўхтатишлари ва бошқа ишламасликлари керак.
26
Бироқ улар биродарларига Йиғин Чодирини қўриқлашда ёрдамлашсинлар, лекин бошқа хизмат ишларини қилмасинлар. Левитларнинг хизматлари борасида улар билан шундай йўл тутгин”.