4
1
Раббий Мусо ва Аҳарўнга сўзлаб деди:
2
”Левитлардан Қэҳат ўғилларини ― уларнинг авлодлари, уларнинг оилалари бўйича
3
ўттиз ёш ва ундан катталарни, эллик ёшгача бўлганларни Йиғин Чодиридаги ишларни қилиш учун хизматга яроқлиларининг ҳаммасини ҳисобла.
4
Қэҳат ўғилларининг Йиғин Чодиридаги хизматлари ― Муқаддаслар-Муқаддасини кўтариб юришдир.
5
Қароргоҳ йўлга отланиши керак бўлганида, Аҳарўн ва унинг ўғиллари кириб, уни тўсиб турадиган пардани ечсинлар ва у билан гувоҳлик Киботини ёпсинлар.
6
Кўк теридан қилинган ғилофни унинг устига қўйсинлар ва унинг устини тўлиқ кўк ранг мато билан ёпиб, унинг ходаларини ўтказсинлар.
7
Улар тақдим нонларининг хонтахтасини кўк мато билан ёпсинлар ва унинг устига лаганларни, пиёлаларни, қуйиш учун ясалган косаларни ва кўзаларни қўйсинлар. Тақдим нонлари доимо унинг устида бўлиши керак.
8
Улар унинг устига алвон мато ёйсинлар, уни кўк теридан қилинган ғилоф билан ёпиб, унинг ходаларини ўтказсинлар.
9
Сўнг кўк матони олиб, чироқпоя ва унинг мойчироқларини, қисқичларини, патнисларини ҳамда унга ишлатиладиган мой учун ясалган барча идишларини ёпсинлар.
10
Улар уни ва унинг барча идишларини кўк теридан қилинган ғилоф билан ёпсинлар ва замбилга қўйсинлар.
11
Олтин қурбонгоҳ устига кўк рангли матони ёйсинлар ва уни кўк теридан қилинган ғилоф билан ёпиб, унинг ходаларини ўтказсинлар.
12
Муқаддасгоҳда хизмат учун ишлатиладиган барча хизмат ашёларини олиб, уларни кўк матога солсинлар ва уларни кўк теридан қилинган ғилоф билан ёпиб, замбилга қўйсинлар.
13
Қурбонгоҳни кулдан тозалаб, уни қирмизи мато билан ёпсинлар.
14
Унинг ёнида хизмат учун ишлатиладиган унинг барча ашёларини: оловкуракларни, санчқиларни, куракларни, тоғорачаларни, қурбонгоҳнинг барча идишларини унинг ичига солиб, кўк теридан қилинган ғилоф билан ёпсинлар ва унинг ходаларини ўтказсинлар.
15
Қароргоҳнинг йўлга отланиш вақтида, Аҳарўн ва унинг ўғиллари тўлиқ Муқаддасгоҳни ва Муқаддасгоҳнинг барча нарсаларини бутунлай қопласинлар, сўнгра Қэҳат ўғиллари уларни кўтариш учун яқинлашсинлар. Бироқ ўлмасликлари учун улар Муқаддасгоҳга тегмасликлари керак. Йиғин Чодирининг ушбу қисмларини Қэҳат ўғиллари кўтариб юришлари керак.
16
Руҳоний Аҳарўннинг ўғли Элеазарга чироқпоя учун мой, хушбўй тутатқилар, ҳар кунги тақдим нонлари ва мойлаш мойи топширилади. Шунингдек, бутун Чодир ва ундаги ҳамма нарса, Муқаддасгоҳ ва унинг ашёлари топширилади”.
17
Раббий яна Мусо ва Аҳарўнга сўзлаб деди:
18
”Леви насли орасидан Қэҳатнинг оиласининг уруғини қириб ташламанглар.
19
Улар Муқаддаслар-Муқаддасига яқинлашганларида, тирик қолишлари ва ўлмасликлари учун мана бундай қилинглар: Аҳарўн ва унинг ўғиллари келиб, уларнинг ҳар бирини унинг хизматига тайинлаб, ўз юкининг ёнига қўйсинлар.
20
Лекин Муқаддасгоҳни ёпаётганларида, уларнинг ўзлари ўлмасликлари учун Муқаддасгоҳни кўргани яқинлашмасинлар”.
21
Сўнг Раббий Мусога сўзлаб деди:
22
“Гершоннинг ўғилларини ҳам ― оилалари бўйича, авлодлари бўйича
23
ўттиз ёш ва ундан катталарни, эллик ёшгача бўлганларини ҳисобла. Йиғин Чодиридаги ишларни бажариш учун хизматга яроқли бўлганларнинг барчасини ҳисобла.
24
Мана булар ― Гершон оиласининг хизмати ва юкларни кўтариб юриш борасидаги ишлари:
25
Улар Чодирнинг ёпинғичлари ва Йиғин Чодирини, унинг ғилофини, унинг устидаги кўк теридан қилинган ғилофини, Йиғин Чодири эшигининг пардаларини,
26
ҳовлининг пардаларини, Чодир ва қурбонгоҳнинг атрофидаги ҳовлининг эшигининг пардаларини, уларнинг арқонларини, уларга тегишли бўлган барча ашёларни кўтариб юришлари керак. Уларнинг олдиларида қилинадиган барча ишларда улар иштирок этишлари керак.
27
Гершон ўғилларининг барча хизматлари: ҳар қандай оғир юкни кўтаришларида ҳам, улар қиладиган ҳамма бошқа ишларда ҳам Аҳарўн ва унинг ўғилларининг буйруғи бўйича амалга оширилиши керак. Улар кўтариб юрадиган ҳамма нарсани қўриқлаш учун уларга топширинглар.
28
Булар ― Гершон ўғиллари оилаларининг Йиғин Чодиридаги хизматларидир. Мана, руҳоний Аҳарўннинг ўғли Итамарнинг назорати остида уларга шулар қўриқлаш учун топширилади.
29
Мерарининг ўғилларини ― оилалари бўйича, авлодлари бўйича
30
ўттиз ёш ва ундан катталарини, эллик ёшгача бўлганларини ҳисобла. Йиғин Чодиридаги ишларни бажариш учун хизматга яроқли бўлганларнинг барчасини ҳисобла.
31
Улар Йиғин Чодири ёнидаги хизматни қилишлари учун қуйидагиларни кўтариб юришлари керак: Чодирнинг ёғочлари ва унинг тўсинларини, устунлари ва унинг тагликларини,
32
ҳовлининг ҳамма томонидаги устунлар ва уларнинг тагликларини, уларнинг қозиқларини, уларнинг арқонларини, уларнинг барча ашёлари ва уларнинг ҳамма нарсаларини. Улар кўтариб юришлари керак бўлган нарсаларни номма-ном белгилаб беринглар.
33
Булар ― Мерари ўғиллари оилаларининг Йиғин Чодири ёнидаги хизмат ишларидир. Мана, руҳоний Аҳарўннинг ўғли Итамарнинг назорати остида улар бўлсинлар”.
34
Сўнг Мусо, Аҳарўн ва жамоа бошлиқлари Қэҳат ўғилларини ― уларнинг авлодлари бўйича, оилалари бўйича
35
ўттиз ёш ва ундан катталарни, эллик ёшгача бўлганларни, Йиғин Чодиридаги ишларни қилиш учун хизматга яроқлиларнинг барчасини ҳисобладилар.
36
Уларнинг оилалари бўйича ҳисобланганлар икки минг етти юз эллик киши эди.
37
Булар ― Мусо орқали берилган Раббийнинг амри бўйича Мусо ва Аҳарўн ҳисоблаган, Қэҳат оилаларидан ҳисобга олинган Йиғин Чодирининг барча хизматчиларидир.
38
Гершон ўғилларини ― уларнинг авлодлари бўйича, оилалари бўйича
39
ўттиз ёш ва ундан катталарни, эллик ёшгача бўлганларни, Йиғин Чодиридаги ишларни қилиш учун хизматга яроқлиларнинг барчасини ҳисобга олдилар.
40
Уларнинг авлодлари бўйича, оилалари бўйича ҳисобга олинганлар икки минг олти юз ўттиз киши эди.
41
Булар ― Раббийнинг амри бўйича Мусо ва Аҳарўн ҳисоблаган, Гершон оилаларидан ҳисобга олинган Йиғин Чодирининг барча хизматчиларидир.
42
Мерари ўғилларининг авлодларини ― авлодлари бўйича, оилалари бўйича
43
ўттиз ёш ва ундан катталарни, эллик ёшгача бўлганларни, Йиғин Чодиридаги ишларни қилиш учун хизматга яроқлиларнинг барчаси ҳисобга олдилар.
44
Уларнинг авлодлари бўйича ҳисобга олинганлар уч минг икки юз киши эди.
45
Булар ― Мусо орқали берилган Раббийнинг амри бўйича Мусо ва Аҳарўн ҳисоблаган, Мерари ўғиллари оилаларидан ҳисобга олинганлардир.
46
Мусо, Аҳарўн ва Исроилнинг бошлиқлари авлодлари ва оилалари бўйича ҳисоблаган барча Леви ўғиллари ―
47
ўттиз ёш ва ундан катталар, эллик ёшгача бўлганлар, Йиғин Чодиридаги ишларни қилишга ва юк кўтаришга яроқлиларнинг барчаси ҳисобга олинди.
48
Ҳисобга олинганлар саккиз минг беш юз саксон киши эди.
49
Мусо орқали берилган Раббийнинг амри бўйича уларнинг ҳар бири ўз ишига тайинланди ва кўтариши керак бўлган юк белгиланди. Раббий Мусога амр этганидек, улар ҳисобга олинди.